Қутуриш касаллиги ҳақида нималарни биламиз?

Қутуриш касаллиги ҳайвонлар ва одамлар ўртасида учрайдиган ўта хавфли юқумли касаллик. Касаллик одамга шу касалликка чалинган ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши, тишларининг қадалиши, шунингдек, жароҳатланган тери ва шиллиқ Қаватларига сўлаги тушиши пайтида юқади.

Қутуриш нейротроп вирус қўзғатадиган, мулоқот йўли билан юқадиган, нерв тизимининг кучли зарарланиши билан кечадиган ва ўлим билан тугайдиган ўта хавфли зооантропаноз юқумли касалликдир.
Бу табиий ўчоқли касаллик вируси ёввойи ҳайвонлар орасида айланиб юриб, уй ҳайвонлари ва улар орқали одамларга юқади.
Қутуриш дунёнинг барча ҳудудларида учрайди. Афсуски, мамлакатимизда ҳам ҳар йили тарқоқ ҳолатда бўлса ҳам учраб туради.
Касалликнинг асосий манбалари ит, камдан-кам ҳолларда мушук, ёввойи ҳайвонлардан бўри, чиябўри, тулки ҳисобланади. Шу ўринда итларга касаллик асосан тулки, бўри ва чиябўрилардан юқишини айтиб ўтиш жоиз.
Республикамизда қутуриш касаллиги манбаининг 90 фоиздан ортиғи итлар ҳисобланади.
Статистик маълумотларга кўра, ҳайвонлардан жароҳатланиб қутуриш касаллигига чалинган фуқароларнинг 99 фоизи ўз вақтида тиббиёт муассасасига мурожаат қилмаганлиги исботланган.

Касалликнинг олдини олишда…


Ҳудудлардаги шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари қошида ит овлаш бригадалари мавжуд бўлиб, улар кечаю-кундуз фаолият юритади. Барча ит овлаш бригадалари махсус машиналар билан таъминланган ва ўша машинада ит тутиш бригадаларининг телефон рақамлари ёзиб қўйилган. Дайди ит ва мушуклар аниқланганда ободонлаштириш бўлимларига хабар бериш шарт.
Шунингдек, хонадонда сақлаётган ит ва мушукларни ветеринария хизматидан фойдаланган ҳолда қутуриш касаллигига қарши эмлаш ва уларга паспорт олиш;
– ҳайвонлардан жабрланганда зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш;
– болаларнинг ҳайвонлардан жароҳат (тиш­ланиш, тирналиш) олишига йўл қўймаслик;
– қутуришга қарши эмлашни шифохона шароитида олиш;
– жароҳат олган беморлар эмланиш вақтида спиртли ичимликларни истеъмол қилмаслиги, оғир жисмоний иш билан шуғулланмаслиги ҳамда ўз вақтида овқатланиб дам олиши;
– уй ҳайвонларини боғланган ҳолда боқиш;
– агарда ит, мушук ёки бошқа ҳайвон тишласа ёки сўлаги тери ва шиллиқ қаватга тушса, жароҳатланган жойни шу заҳоти кир совун (хўжалик совуни) билан ювиб, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш ҳамда қутуришга қарши эмланиш;
– уйда ит сақлаётганлар уни қутуришга қарши эмлатиши, қаровсиз қолган бегона ит ва мушукларни яқинлаштирмаслик лозим.

Яна ўқинг:  Сервитамин маҳсулотлар қиш заҳрини кесади

Биринчи тиббий ёрдам


– жароҳатланган жойни дарҳол хўжалик совуни билан ювиб ташлаш;
– атрофига йоднинг спиртли эритмаси ёки спиртнинг 70 фоизли эритмаси билан ишлов бериш;

– тезлик билан тиббий ёрдам олиш учун травматология пунктига мурожаат қилиш;
– қисқа муддат ичида қутуришга қарши вакцина олишни бошлаш керак.
Огоҳ бўлинг: қутуриш касаллигининг давоси йўқ, натижаси ўлим билан тугайди. Шундай экан бундай вазиятда асло бефарқ бўлмаслик, дарҳол тиббиёт муассасасига мурожаат этиш лозим.

Лайло ҲАМРАЕВА,

Тошкент вилояти СЭО ва ЖСБ

Ўта хавфли юқумли касалликлар

бўлими мудири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: