Вақтида ва тўғри даволанса, қўтир хасталигидан тўлиқ соғайиш мумкин

Қўтир – бу паразитар тери инфекцияси бўлиб, у қўтир канаси ёки қичитқиси билан терининг шикастланиши сабабли келиб чиқади. Патоген қўзғатувчи кўзга оқ ёки сарғиш, кўкнор уруғидан каттароқ бўлмаган нуқта сифатида кўриниб туради.

Одамларда қўтирнинг юқори юқумлилиги, қўтир канаси одамнинг терисига кириб олиши учун қисқа вақт кераклиги билан изоҳланади. Ушбу вақт 15-20 дақиқани ташкил этади.
Кечаси урғочи кана терида ўзига йўл кемиради ва эрталаб тухум қўяди. Қўтир канасининг ҳаёт даври 2-8 ҳафта. Кейин қўтирнинг қўзғатувчиси ўлади ва ўзи кемирган йўлларда ириб, парчаланади. Одамлардан ташқарида, қўтир канаси сувсизликдан тез ўлади. Кечаси қўтир каналар фаоллиги туфайли, оила битта ётоқдан фойдаланса, бутун оила учун юқиш хавфи ошади.

Қўтирни қандай
юқтириш мумкин?


Одамларда қўтирнинг қўзғатувчиси бу – паст ва юқори ҳароратларга осонликча бардош берадиган, дезинфекцияга чидамли ва бардошли бўлган махсус қўтир канасидир (одам терисида яшовчи кичик ҳашарот). Юқтириш, касалланган бемор билан шахсий алоқа жараёнида, унинг нарсалари орқали, жамоат жойларида, жинсий алоқа орқали содир бўлади.
Урғочи кана инфекция ташувчиси вазифасини бажаради. Тери остига кириб, ўзи учун йўллар кемира бошлайди ва у ерда тухум қўяди. Бир неча кундан кейин тухум личинкаларга айланади. Ушбу шаклда улар бир ярим ҳафта туради, ундан кейин личинкалар катта каналарга айланади.
Қуйида қўтирнинг дастлабки белгиларини кўриб чиқамиз. Агар ушбу аломатлар топилган бўлса, ҳар қандай дерматолог аниқлик билан қўтир ташхисини қўяди.
Қўтир йўлларининг пайдо бўлиши – улар 1 см. узунликдаги майда оқиш чизиққа ўхшайди, кўпинча қўтир орқали кемирилган каналлар қорин, думба, оёқ ости, қўлтиқ ости, кафт ва тирсакларда жойлашади. Кечки пайт кучайиб борувчи қичишиш безовта қилади. Бу кечқурун урғочи кана фаоллиги ошиши билан боғлиқ. Тошмалар ва характерли қичишиш, бошқа оила аъзоларида ҳам юқтирган одам билан бевосита алоқада бўлганидан кейин пайдо бўлади.
Болаларда қўтир касаллиги катталарга қараганда анча оғирроқ ҳолда кечади. Қўтир ташхиси қўйилганда болани даволаш кўпинча паразитларни терининг барча жойларидан, шу жумладан, юз ва бош терисидан олиб ташлашни ўз ичига олади.

Қўтирнинг инкубация даври 10-14 кун давом этади. Бу вақтдан сўнг, қўтир канаси личинкалари етилиб, кўпайишни бошлайди. Аммо одамда юқумли касалликнинг биринчи аломатлари қачон пайдо бўлишини тахмин қилиш қийин. Бунга танага кирадиган кананинг ёши ва уларнинг терига тарқалиш тезлиги таъсир қилади.

Қўтир пайтида тунда кучаядиган қичишиш, шунингдек, жуфтлашган тугунли-пуфакчали тошмалар пайдо бўлади. Қўтир йўллари ингичка бўлиб, терининг устки қисмида бўртиб чиққан, зигзаг ва тўғри чизиқ шаклида кўриниши мумкин бўлган чизиқлар ҳолатида бўлади. Одатда қўтир йўли шаффоф пуфакча билан тугайди, у ерда кана танаси кўринади (оқ нуқта). Камдан кам ҳолларда қичима йўлларини аниқлаш мумкин эмас (бу йўлсиз қичима деб аталади).
Асосан эркакларда – бармоқлараро бўшлиқ, қорин, тананинг ён қисмлари, тирсаклар, сут безлари, думба ва жинсий аъзолар қўтирнинг энг машҳур жойларидир.
Кўпинча, қўтирни аниқ ташхислаш учун оддий визуал текширув етарли. Аммо баъзида барча аломатлар қўтир туфайли келиб чиққанлигини микроскопик тасдиқлаш талаб қилинади. Тадқиқот учун бир томчи вазелин терининг шикастланган жойига суртилиб, бироз сидириб олинади. Сидириб олинган тери текширилганда паразитларнинг ўзи ёки уларнинг чиқиндилари, тухумлари ва нажаси топилади.

Яна ўқинг:  ҚИЗ БОЛА ГУЛДЕК НОЗИК: унга алоҳида меҳр ва эътибор керак

Касалликни даволаш


Қўтир касалини даволаш учун маҳаллий дорилар ёрдамида қўтир канаси ва унинг тухумларини йўқ қилиш кифоя. Касаллик ҳеч қачон ўз-ўзидан йўқолмайди ва бир неча ой, бир неча йил давом этиши, баъзан ёмонлашиши мумкин. Ўз-ўзингизни даволаманг ва халқ табобати усулларидан фойдаланманг. Ҳозирги вақтда ушбу касалликка қарши курашиш учун бир қатор самарали дорилар ишлаб чиқилган. Дерматологга мурожаат қилинг ва сизга тўғри келадиган терапия буюрилади.

Шунингдек, уйда қўтирни самарали даволашда энг яхши натижаларга эришиш учун қуйидаги қоидаларга амал қилиш керак.
Ташхис қўйилганда, касалнинг барча яқин аъзолари (оила, иш жамоаси) даволанади.
Қўтирни даволаш пайтида беморлар чўмилмаслиги ҳамда чойшабни ювмаслиги ёки ўзгартирмаслиги керак.
Бемор билан алоқада бўлган кийимлар ва бошқа нарсалар дезинфекция қилинади.
Қўтирга қарши дорилар нафақат зарарланган ҳудудларга, балки бутун танага ҳам суртилади.
Қўтир малҳами юз ва сочларга тегмаган ҳолда терига эҳтиёткорлик билан суртилади. Бармоқлар орасига, қўл ва тирсакларга кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Қотирнинг энг катта локализацияси ушбу жойларда бўлади. Болалардаги қўтир йирингли инфекцияга айланиши мумкин. Шунинг учун болаларда юз ва бош териси ҳам даволанади. Қўтирга қарши дори боланинг оғзига ва кўзига тушмаслиги керак – бу жуда хавфли!

Эътиборли жиҳати, агар касаллик аниқланиб, терапия ўз вақтида бошланса, беморлар тўлиқ соғаяди.

Ёқуб НАЪМАТОВ,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: