Болаларда нафас аъзолари касалликлари: ОЛДИНИ ОЛИШДА НИМАЛАР ҚИЛИШ ЖОИЗ?

Ҳозирда болалар касалликларига эътибор ҳар қачонгидан ҳам ошиб боряпти. Бунга бир томондан аҳолининг тиббий маданияти юксалганлиги сабаб бўлса, бошқа томондан атроф-муҳит таъсирида болаларда айрим касалликлар кучайиб бораётганини сабаб қилиб келтириш мумкин. Улар орасида нафас олиш ­аъзолари касалликларининг салмоғи юқорилиги болалар пульмонологлари олдига жиддий масалаларни қўймоқда. ССВ болалар бош пульмонoлоги, тиббиёт фанлари доктори Фурқат Шамсиев билан шу масалалар ҳақида суҳбатлашдик.

– Болалар нафас аъзолари касалликларига нималар киради?


– Болаларда нафас аъзолари касалликлари бир неча гуруҳга бўлинган бўлиб, уларга инфекцион-яллиғланиш билан кечадиган ўткир ва сурункали касалликлар, аллерик касаллик­лар, чақалоқлик даврида ривожланган, туғма ва наслий касалликлар киради.
Инфекцион-яллиғланиш билан кечадиган ўткир ва сурункали касалликларга юқори ва пастки нафас аъзолари касалликлари киради. Юқори нафас аъзоларидан кўпрок ринит, фарингит, тонзиллит, отит, синусит, ларингит; пастки нафас аъзолари касалликларидан эса трахеит, бронхит (ўткир, сурункали, обструктив, қайталанувчи), бронхиолит, пневмония, плеврит, бронхоэктатик касалликлар учрайди.
Аллергик касалликларга бронхиал астма, чақалоқлик даврида ривожланган касалликларга бронх-ўпка дисплазияси, Вильсон-Микити синд­роми каби хасталикларни киритиш мумкин.
Наслий касалликларга ўпканинг идиопатик диффуз фибрози, идиопатик ўпка гипертензияси, ўпканинг альвеоляр микролитиази, картагенер синдроми, муковисцидоз, альфа-1 антитрипсин танқислиги каби қатор касалликлар киради.
Туғма касалликларга эса ўпканинг ривожланиш нуқсонларини киритишимиз мумкин.

– Уларнинг хавфлилик даражалари ҳам турлича, шундай эмасми?


– Албатта, юқорида тилга олинган ҳар бир хасталикнинг хавфлилик даражаси ҳар хил. Баъзилари енгил шаклда кечса, аксариятининг хавфлилик даражаси анча юқори.
Нафас олиш тизимининг асосий вазифаси — организмни кислород билан таъминлашдир. Бу тизимнинг бирор бўғинида шикастланиш кузатилса, бутун тизим ишдан чиқиши мумкин, бу эса организмда кислород етишмаслиги (гипоксия)га ва ундан кейин қайтариб бўлмайдиган жараёнларнинг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Бола организмида гипоксиянинг келиб чиқишига тўхталсак, биринчидан, бу боланинг нафас йўллари анатом-физиологик хусусиятларига боғлиқ бўлса, иккинчидан, нафас йўллари ўта сезувчан бўлиб, турли инфекция, аллерген ёки бошка қўзғатувчига дарров гиперсезгирлик реакциясини бериб, нафас сиқиши, ҳансирашга олиб келиб, боланинг ҳаётига хавф туғдириши мумкин. Юқорида санаб ўтилган касалликларнинг барчаси озми-кўпми боланинг ҳаётига хавф туғдиради.
Айниқса, ўткир бронхообструкция, ўпкада газлар алмашинувининг бузилиши, нафас қисиш хуружи (астматик статус) ва бошқа ҳолатлар ўткир нафас етишмовчилиги натижасида боланинг ҳаё­ти учун ўта хавфли ҳисобланади.

– Болалардаги пульмонолгик касалликларнинг енгил даражаларини уй шароитида даволаш имкони қай даражада?


– Болаларда нафас олиш аъзолари касаллик­ларининг енгил даражасини даволашни уй шароитида ҳам ташкил қилиш мумкин. Даволаш жараёни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган даволаш стандартлари асосида участка шифокори назоратида олиб борилиши керак. Ота-оналар боласига ўз вақтида дориларни бериб, касалликнинг кечиши ҳақида участка шифокорига маълумот бериши керак. Уйда хоналарни тез-тез шамоллатиб, тозаликка риоя қилиб, боланинг ёшига мос витамин ва минералларга бой маҳсулотлар билан тўғри овқатлантириш, кўп суюқлик ичириш керак. Болага тўғри нафас олишни ва нафас олиш гимнастикасини ўргатиш лозим. Сурункали касалликлари бор болаларга эса касаллик хуружи пайтида уй шароитида ингаляция (дори моддаларини нафас йўлларига киритиш)ни ёки нафас олишга ёрдам берувчи қурилма (небулайзер)дан фойдаланишни ҳам ўргатиш керак. Бола тузалгандан кейин унга шахсий гигиена қоидаларини, соғлом турмуш тарзига риоя қилишни тушунтириб бориш зарур бўлади.

– Ўзбекистонда ёш болаларнинг ўпка касалликлари билан касалланиш салмоғи нисбатан юқори экан, бунга сабаб нима ва бу ҳолатнинг олдини олиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?


– Ўзбекистонда болаларда ўпка касалликларининг кўпайишига бир неча омиллар сабаб бўлмоқда. Биринчидан, ҳаво-томчи йўли билан юқадиган вирусли инфекциялар кўпайган вақтда боланинг шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилмаслиги, ҳимояловчи воситаларни тўғри ишлатмаслиги.
Ота-оналар томонидан фарзандини уйда тўғри даволамаслиги, касал бўлса ҳам боғча, мактабларга юбориб бошқа соғлом болаларга инфекцияни юқтириши, болада сурункали инфекция ўчоқларини вақтида бартараф этмаслиги, тўғри овқатлантирмаслик, боланинг руҳий зўриқиши, чиниқмаслик, кам ҳаракатлилик, узоқ вақт ёпиқ хоналарда ўтириши ва вирусли касалликлар эпидемияси вақтида вакцинация қилинмаслиги касалланишнинг кўпайиш сабабларидан деб ўйлайман.
Бу ҳолатнинг олдини олиш учун ота-оналар фарзандига шахсий гигиена қоидаларини ўргатиб, ҳимояловчи воситалар билан таъминлаб, уларни қўллашни ҳам ўргатиши керак. Тўғри овқатлантириш, чиниқтириш, ҳаракатларини кўпайтириш ва ўз вақтида вакцинация ишларини олиб бориш зарур, деб ўйлайман.

Яна ўқинг:  Боланинг «тили чиқиши» кечикаяптими?

– Ота-оналар болаларни қанча вақт оралиғида пульмонолог назоратидан ўтказиб туришлари керак?

– Болада нафас олиш аъзоларидан шикоят бўлмаса, бир йилда бир марта болалар пульмонологи томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. Агар болада нафас олиш аъзоларининг ўткир ёки сурункали касалликлари бўлса, унда участка шифокори томонидан белгиланган режа асосида болалар пульмонологи кўригидан ўтиб, маълум вақт тиббий назоратда бўлиши керак.

– Нафас аъзолари енгил касалланган болалар ҳам боғча ва мактабларга қатнайдилар. Асосий вақти уйдан узоқда ўтади…


– Аввало, нафас аъзолари касалликлари билан касалланган болаларни ота-оналар мактабгача таълим муассасаларига ва мактабларга юбормасликлари лозим, чунки енгил касалланган бўлса ҳам улар юқумли ҳисобланадилар. Бундай ҳолатларда бола нафақат ўзини, балки ён атрофидаги инсонлар ва тенгдошларини ҳам касалликдан ҳимоя қилиши лозим.
Илмий текширувлар шуни кўрсатадики, болалар 17 фоиз аденовирус ташувчи ва 18 фоиз микоплазма ташувчи бўлиб ҳисобланади. Бола касалланган даврда кўпроқ суюқлик ичиши, яхши овқатланиши, доимий ҳимояловчи ниқобда юриши, гигиеник қонун қоидаларга риоя қилиши, қўлни совунлаб ювиши ёки антисептик воситалар билан қўлни мунтазам равишда дезинфекция қилиши, умумий идиш-товоқлардан фойдаланмаслик, йўталганда ёки акса урганда оғиз ва бурунни салфетка ёки тирсак билан ёпиши, одам кўп ва гавжум бўлган жойларга бормаслиги керак.

– Пульмонологик касалликлар онадан болага ўтадими?


– Ҳозирги кунда ота-оналар фарзанд туғилишидан олдин, ушбу муҳим қадам олдидан ўз соғлигини тартибга солиб, фарзандини эҳтимолий касалликлардан ҳимоя қилишга интилмоқда. Шунга қарамай, бола ота-онадан кўплаб касалликларни юқтириши мумкин ва биринчи навбатда, бу онадан ўтадиган касалликлардир. Болага онадан ирсий, юқумли, вирусли ва эндокрин касалликлар ўтиши мумкин.
Масалан, пульмонологик касалликлардан бронхиал астмани олайлик. Агар онада бронхиал астма бўлса, болага ўтиш эҳтимоли 40 фоизни ташкил этади. Агар ушбу касаллик ҳам отада, ҳам онада бўлса, боланинг касалланиш эҳтимоли 80 фоизни ташкил этади. Бу кўпинча аллергик касалликларга мойиллиги юқори бўлган оилаларда кузатилади. Шунингдек, ирсий касалликлардан муковисцидозда ҳам шу касаллик генини ташувчи бўлган ота-онадан 25 фоиз ҳолатда хасталикка мойил бола туғилади. Аммо шуни унутмаслик керакки, боланинг эркин нафас олишида энг муҳим омил тўғри парваришдир.

– Касалликдан даволаниб чиққан бола улғайгач, касалликлар асорати қайталамайдими?


– Бу боланинг қандай касаллик билан касалланганига боғлик. Енгил респиратор касаллик­лар билан касалланган болаларда кейинчалик деярли ҳеч қандай асоратлар кузатилмайди. Аммо иммун тизими сустлашган ва ҳамроҳ касалликлари бўлган болаларда асоратлар учраш эҳтимоли юқори. Болаларда қон айланиш ва ҳимоя тизимининг яхши ривожланганлиги сабабли касалликнинг сурункали шаклига ўтиши кам учрайди, лекин бола атрофдаги одамлардан доимий равишда «бактериал озиқланиш» оладиган бўлса, сурункали касаллик хавфи бир неча бор ортади.
Шунинг учун касалликнинг болаларда ўз вақтида даволаниши келажакда (улар катта бўлганда) бир қатор ички аъзо ва тана тизимларининг оғир асоратлари профилактикаси бўлиб хизмат қилади.

– Болалар нафас аъзолари касалликларини даволаш жараёнида қандай препаратлар қўлланилади? Улар орасида шифокор ретцептисиз бериладиганлари ҳам борми? Нега?


– Нафас олиш аъзолари касалликларида қўлланиладиган дори воситалари турли ва мураккаб характерга эга бўлиб, касалликнинг сабабларини енгишга (этиотроп терапия), касаллик аломатларини йўқотишга (симптоматик терапия), шунингдек, тана аъзолари тизимини тиклашга (қўллаб-қувватловчи терапия) қаратилган дори воситаларидир. Муайян касалликни даволаш учун дори воситалари индивидуал танланади ва беморнинг ташхисига, аҳволига қараб фақат шифокор томонидан белгиланади.
Ҳозирда балғамнинг ёпишқоқлигини пасайтирадиган ва унинг реологик хусусиятларини яхшилайдиган дори воситалари – мукоактив дорилар воситалари (муколитиклар, балғам кўчирувчи) кенг қўлланилади.
Бугун ҳужайра ичидаги патогенлар, микроорганизм бирикмалари, антибиотикларга чидамли бўлган бактериал штаммлар сони ортиб бораётгани хеч кимга сир эмас.
Бошқа томондан, антибактериал дори воситаларини тайинлашда болаларда аллергик касалликлар сонининг доимий ўсиб боришини ва антибактериал дориларга аллергик реактцияларни ҳисобга олиш лозим. Шунинг учун антибактериал дори воситаларини тайинлашда қатъий қонун-қоидаларга риоя қилиш зарур. Антибактериал дори воситалари фақатгина рецепт билан берилишини таъминлаш керак, чунки кўпгина оналар фарзандларига шифокор билан маслаҳатлашмасдан антибактериал дори воситаларини нотўғри қўллаши натижасида антибиотикларга чидамли бўлган бактериал штаммларнинг кўпайишига ва боланинг оғир аҳволда шифохонага олиб келинишига сабаб бўлади. Шунга асосланиб, сўнгги йилларда болаларда нафас аъзолари касалликларини даволашда машҳур бўлган пенициллин ва цефалос­поринларга самарали алтернатив бўлган янги замонавий макролидли антибиотиклардан тобора кўпроқ фойдаланилмоқда.

ОТА-ОНАЛАР УЧУН ТАВСИЯЛАР

Болаларни нафас органлари касалликларидан ҳимоя қилишдагигиеник қонун-қоидаларга риоя қилишни ўргатиш лозим:

Яна ўқинг:  Болани кўкрак сути билан боқиш бачадон саратони хавфини бартараф этади

— қўлини совунлаб ювинг ёки антисептик воситалар билан мунтазам равишда дезинфекция килинг;

— юзларини қўл билан кўп ушламасликка ўргатинг;

— хоналарни доимий равишда шамоллатиб туринг;

— болаларга йўталганда ёки акса урганда оғиз ва бурунни салфетка ёки тирсак билан ёпишни ўргатинг;

— фарзандларингизга касал бўлган болалар олдига яқин келмасликни уқтиринг;

— ҳимоя ниқобларидан фойдаланишни тушунтиринг;

— агар фарзандлар касал бўлиб қолган бўлса, мактабгача таълим муассасасига ёки мактабга юбормаслик лозим;

— боланинг тўғри ва рационал овкатланиши, сурункали инфекция ўчоқларини бартараф этиш ва чиниқтириш турли хил касалликларни олдини олишда ёрдам беради;

— болага қўшимча D витаминининг сувли эритмаси (Аквадетрим), аскорбин кислотаси, цинк ва селен моддалари, камқонликни даволаш мақсадида темир препаратлари тавсия этилса, нафас йўллари касалликларига қарши курашиш кучини оширишга ёрдам беради.

— грипп мавсуми бошланганда вакцинация ишларини олиб бориш ҳам яхши самара беради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: