СОКИН ҲАРАКАТЛАР ЖОЗИБАСИ

Йога машқлари соғлом ва хотиржам бўлишингизга ёрдам беради

Йогани севувчи жаҲонга машҲур кишилар

Йога машқларига бўлган қизиқиш Ғарб давлатларида анча йиллардан буён давом этиб келмоқда. У бугунги кунда ҳам оддий офис менежерларидан тортиб, катта бизнесменлару жаҳонга машҳур инсонларни ҳам четлаб ўтмаяпти.

Жумладан, Женифер Анистон, Мадонна, Жорж Буш, Наина Ельцина, Рашид Нургалиев, Ирина Хакамада, Татьяна Арно, Жанна Фриске, Аликсандр Цекало ва бошқа қатор таниқли инсонларнинг номларини санаб ўтиш мумкин.

Албатта, йога таълимотининг, кенг маънода олиб қарайдиган бўлсак, диний томони ҳам мавжуд. Лекин биз унинг фақат ҳаракатлантирувчи, жисмонан бақувват қилувчи, энг муҳими, инсонни руҳий жиҳатдан тинчлантирувчи хусусиятларига эътибор берамиз, холос.

Бугунги кунда қатор мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам замонавий тиббиёт соҳасида, жумладан психотерапияда йоганинг руҳий толиқиш ва стрессни йўқотишдаги афзалликларидан унумли фойдаланилмоқда.

Юртимизнинг сўлим воҳалари, бир-биридан чиройли гўшаларида жойлашган Ботаника, Бўстон, Турон ва Чирчиқ санаторийларида ўтказилган таътилларим чоғида бунга гувоҳ бўлганман.

Бундан ташқари, маҳаллий поликлиникалардаги шифокорларимиз томонидан кўпчиликка тавсия қилинаётган “даволовчи жисмоний тарбия машқлари” (ЛФК)да ҳам йога ҳаракати элементлари талайгина.

МашҚларни Ўргатган журналист-устозим ҲаҚида

1993-1994 йилларда Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳридаги Ҳиндистон Оммавий ахборот воситалари институтида (Indian Institute of Mass Communications) ўқиб юрган кезларимда Бҳарат Бҳушан Бабу исмли журналист билан танишиб қолган эдим. У Андҳра Прадеш штатининг Гунтур шаҳрида туғилган.

Ўша биз таҳсил олиб юрган пайтимизда Бҳарат мазкур институтни эндигина тамомлаб, Ҳиндистоннинг энг йирик телерадиокомпаниясида – “Дурдаршан”нинг Янгиликлар таҳририятида муҳаррир вазифасида иш бошлаган эди.

Билишимча, Бҳарат Бабу болалигидан юрак хасталиги билан оғриган ва у врачлар маслаҳатига кўра, мактабдалигиданоқ Хатха-йога машқларини бажариб туришга одатланган экан. Бҳаратнинг қайд этишича, мазкур машқлар уни шу оғир дарддан батамом фориғ этган ва бу ҳаракатлар унинг ўзига хос ҳаёт тарзига айланиб қолган.

Муҳим жиҳати шундаки, ҳиндистонлик замондошимиз, қолаверса, оддий бир мухбир учун кундалик йога машғулотлари ҳозирги кунда ҳам тетик, соғлом ва ўз кучига ишонадиган, иродали инсон бўлишига асос бўлиб келмоқда.

Хуллас, Бҳарат Бабу мени йоганинг инсон соғлиги учун ўта фойдали эканлигига ишонтирган ва буни ўз мисолида ўша пайтдаёқ исботлаб берган эди.

Яна ўқинг:  Бола тунда тишларини нега ғичирлатади?

Тўғриси, ўзим ҳам болаликдан нафас йўлларининг шамоллашидан, мавсумий қулоқ оғриғидан тез-тез безовта бўлиб турардим. 5-6 ёшлигимда бормаган шифохонамиз қолмаганини ҳалигача билан эслайман.

Аммо, ишонинг, Хатха-йога ушбу дарддан қутулишимга яқиндан ёрдам берди ва бугун эркин нафас олаётганимдан беҳад бахтиёрман.

Кейинги қарийб йигирма йил давомида, мазкур “оддий бадан тарбия машқлари” иш фаолиятим жараёнида ёки умуман кундалик ҳаётдаги турли хил мураккаб вазиятлар, ўткинчи ҳолатлардан, жумладан, ҳаяжонланиш, тушкунлик, стрессдан бироз устунроқ туришимга кўмаклашди. Ҳаёт тарзимнинг ажралмас бир бўлагига айланди.

Шунингдек, баъзан безовта қилиб турадиган юқори қон босимини ҳам йога машқлари ёрдамида жиловлашни ўргандим. Йоглар каби чуқур нафас олиш ва тинчланиш орқали қон босими кўрсаткичини бемалол тушириш мумкин эканлигига ишонч ҳосил қилдим.

Жуда яхши эслайман. Биз Бҳарат Бабу билан фақат йога машқларини бажариш билан чегараланмадик. Институтнинг мўъжазгина, лекин баҳаво стадионида катта теннисни ҳам қойиллатган пайтларимиз кўп бўлган.

Шунингдек, ҳар иккаламизнинг ҳам асосий меҳнат фаолиятимиз яқин бўлганлиги сабабли журналистиканинг илғор соҳалари, хусусан ахборот ва телекоммуникацияларнинг бугунги куни ва келажаги тўғрисида ўзаро фикр алмашардик.

Айтмоқчи, Бҳарат ўз касби – тележурналистиканинг ҳақиқий устаси бўлганлиги учун ҳам унга нисбатан ихлосим, қолаверса, самимий ҳурматим ошган. Шу боис уни “гуру” яъни устоз деб чақирадиган бўлдим.

Биз таҳсил олган институт Деҳлининг энг сокин ва энг яшилликка бой гўшасида Жаваҳарлал Неру Университети ҳудудининг чексиз ва гўзал боғлари ичида жойлашган эди.

Айнан шу ердаги сўлим боғлар, тинч ва осойишта муҳит, муҳташамлик, инсоннинг табиат билан ўзаро мутаносиблиги – ҳаёт учун ниҳоятда зарур эканлигини илк бор ҳис этган эдим. Ахир ён-атрофингизда бемалол учиб юрган қирғийлар, йирик тўтиқушлар ва ранг-баранг товусларни кўриб ким ҳам табиатга меҳр қўймайди, дейсиз.

Ана шу жаннатий гўшалардан илҳомланиб йога машқларини ўргандим. Энг муҳими, бугунги кунга келиб у ҳақдаги шахсий таассуротларим диёримиздаги азиз ўқувчилар билан ўртоқлашишга жазм этдим.

Беруний АЛИМОВ,

журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: