Донор: ўзгаларга саломатлик улашинг ва ўзингиз ҳам соғлом бўлинг!

Қон донори бўлиш савобга бел боғлаш билан баробардир. Чунки атрофимизда минглаб бемор инсонларнинг соғайишлари учун қон жудаям зарур. Уларнинг шифо топишига ғойибона ёрдам бериш эса ҳақиқий инсонпарварликдир.

Таъкидлаш жоизки, донор юзлаб одамларга умид ва соғлиқ олиб келади. Шу билан бирга донорликнинг масъулиятли томонлари бор. Аввало, донорнинг соғлом турмуш тарзига риоя этиши, жумладан, тўғри овқатланиш, спиртли ичимликлар ортиқча истеъмол қилмаслик, чекишдан ўзини тийиши лозим. Қон топшириш орасидаги вақтга қатъия амал қилиши талаб этилади.
Ушбу жараён ҳам донорга, ҳам беморга зарар бермаслиги жуда муҳимдир. Агар бирон бир сабабга кўра шифокор сизга қон беришга рухсат бермаса, унинг тавсияларига амал қилишингиз шарт. Агар бирон нарса ҳақида ташвишланаётган бўлсангиз, қон марказларида шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг. Агар сиз ушбу оддий қоидаларга риоя қилсангиз, сиз топшираётган қон нафақат соғлигингиз учун фойдали бўлади, балки кўп йиллар давомида турмуш тарзингизга айланади. Энг муҳими, агар сиз донор бўлсангиз, унда сиз соғлом экансиз.

Шу ўринда шифокорларнинг таъкидлашларича, ҳар бир донор қуйидаги оддий қоидаларни билиши керак.

  1. Донор қон орқали юқадиган инфекциялардан сақланиши лозим. Биринчи навбатда, бу вирусли гепатит «В» ва «C» ва ОИВ инфекциясидир. Ушбу хавфли касалликларни юқтиришдан эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Тиш шифокорига ёки бошқа шифокорга келганингизда, тиббий ходимларга сиз донор эканлигингизни эслатиб қўйинг ва улардан фақат бир марта ишлатиладиган ёки стерил маҳсулотлардан фойдаланишни сўранг. Сартарошхона ёки гўзаллик салонида асбоблар стерилланганини текширинг.
  2. Донорлар учун қон ёки плазма топшириш орасидаги вақт оралиғи бўйича махсус тавсиялар ишлаб чиқилган. Уларнинг мақсади донорнинг соғлиғини сақлаш ва қонни унга зарар етказишининг олдини олишдир. Жумладан:
    – донор йилига 4 мартадан кўп бўлмаган қон топшириши мумкин;
    – қон топширгандан сўнг, донор плазма топшириш учун камида 30 кун ўтиши керак;
    – плазма ҳадя қилганингиздан сўнг, донор яна плазма ёки қон топширишидан олдин камида 14 кун ўтиши керак.
  3. Қон ёки қон таркибий қисмларини топширган куни қуйидаги кўрсатмаларга амал қилинг:
    – қон топшириш кунида нонушта қилиш керак, қон беришдан олдин чекмаслик керак. Табиийки, олдин бир неча кун спиртли ичимликдан воз кечишингиз керак;
    – имтиҳонлар, мусобақалар, бирон бир лойиҳани бажаришдан олдин, айниқса, оғир иш пайтида қон топширишни режалаштирманг.
  4. Тўғри овқатланинг. Донорнинг рационида доимо қондаги гемоглобин даражасига таъсир қилувчи протеин бўлиши керак. Протеинли озиқ-овқат маҳсулотлари: гўшт, лавлаги, ясмиқ, ловия ва барча дуккакли экинлар, балиқ ва бошқалар.
    Агар сиз юқоридаги қоидаларга ва шифокорнинг тавсияларига амал қилсангиз, донорлик сизга зарар қилмайди ва кўплаб беморлар учун нажот бўлади.
    Донор ҳурматга сазовор шахс ва шунинг учун унинг фуқаро ва донор сифатидаги ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши керак. Шу нуқтаи назардан донорлар ҳуқуқларига тўхталадиган бўлсак:
    – тиббий ходимлар унинг донор соғлигини сақлаш учун кафолатлар бериш;
    – соғлиғига етказилган зарарни қоплаш;
    – бепул овқатланиш билан таъминлаш.

    Шу билан бирга, донор бўлишга розилик берган шахснинг мажбуриятлари ҳам бор. Жумладан, тиббий кўрик пайтида донор бўлишга розилик билдирган шахс илгари бошидан ўтказган ва мавжуд касалликлар тўғрисида маълум бўлган маълумотларни тақдим этиши шарт.
    Донорга берилган кафолат ва компенсацияларга тўхталадиган бўлсак. Биринчи навбатда, қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш куни, шунинг­дек, тиббий кўрик кунида донор шу кунларда ўртача иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда ишдан озод этилади.
    Қон ва унинг таркибий қисмларини топширгандан сўнг дарҳол донорга ўртача даромадини сақлаб қолган ҳолда қўшимча дам олиш куни берилади. Белгиланган дам олиш куни донорнинг илтимосига биноан йиллик меҳнат таътилига қўшилиши мумкин.
    Эътиборли жиҳати, тизимли ва беғараз равишда қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш билан шуғулланадиган донор «Ўзбекистон Рес­публикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан мукофотланади ва энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти олади.
    Хуллас, агар сиз соғлом бўлсангиз, лекин ҳали донор бўлмасангиз, ҳеч иккиланмасдан қон топширишга шошилинг. Ўзгаларга саломатлик улашинг ва ўзингиз ҳам соғлом бўлинг!
Яна ўқинг:  Оқилона овқатланиш – сарвқоматлик мезони

Дурдона МУРОТАЛИЕВА,

Тошкент тиббиёт академияси талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: