Сепсисга енгил қараманг
Сепсис йиринглатувчи микробларнинг маҳаллий инфекция ўчоғидан қон оқимига, лимфа йўлларига, улардан эса беморнинг барча тўқима ва аъзоларига тарқалишидан келиб чиқадиган умумий инфекцион касалликдир.
Инфекция тушган жароҳат ва турли соҳада жойлашган йирингли касалликлар (масалан, чипқон, хўппоз, флегмона) сепсис манбаи бўлиши мумкин. Одатда стафилококк, стрептококк, баъзан пневмококк, гонококк, ичак таёқчаси сингари микроблар ҳам сепсисни қўзғатади.
Аслида сепсис организмдаги жароҳат ёки яллиғланиш жараёнининг асорати ҳисобланади. Унинг ривожланишида оғир касалликлар, жарроҳлик операциялари, кўп қон йўқотиш, бирданига озиб кетиш, витамин етишмовчилиги, етарли овқатланмаслик натижасида организмнинг ҳимоя кучлари сусайиши муҳим роль ўйнайди.
Оғир кечса, зарари кўпроқ
Сепсис оғир кечганда қондаги микроблар жуда тез кўпаяди ва улар қонни ўз заҳарли маҳсулотлари (токсинлари) билан зарарлайди, яъни қизил қон ҳужайралари (эритроцитлар)ни емиради. Сепсис ривожланганда беморнинг тана ҳарорати 39-40 даражага кўтарилади, эти увишади, баъзан қаттиқ терлайди. Айрим пайтда эса тери сарғимтир тусга кириб, унга тошмалар тошади.
Сепсис бирмунча енгил ўтганда микроблар қонда кўпаймайди, балки қон оқими билан турли аъзо ва тўқималарга тарқалади, натижада уларда кўп сонли йирингли ўчоқлар ҳосил бўлади. Бундай вақтда сепсис узоқроқ кечади ва йиринг тўпланаётганда беморнинг аҳволи бир оз оғирлашиб, мадда ёрилгандан сўнг (ёки операциядан кейин) эса бир қадар енгиллашиб туради. Сепсиснинг ҳар икки ҳолатида ҳам беморнинг тана ҳарорати кўтарилади, боши оғрийди, кўп терлайди, артериал босими пасаяди, ҳолсизланади, иштаҳаси йўқолади, кўпинча уйқусизликдан азият чекади. Бундан ташқари, жигар ва талоқнинг катталашиши, шишиши, юрак ва буйраклар фаолиятининг ёмонлашиши кузатилади. Беморнинг оёқ-қўлларида майда қора доғлар пайдо бўлиб, бўғим ва мушакларида яллиғланишлар рўй беради. Ёш болаларда эса сепсис кўпинча зотилжам (пневмония) шаклида кечади.
Сепсиснинг пайдо бўлишида ташқи ва ички омиллар муҳим роль ўйнайди. Масалан, у баъзида ҳашаротлар (чивин, пашша, кана, бурга, ўргимчак) чаққандан сўнг ҳам юзага келади. Шунингдек, баъзан теридаги очиқ жароҳатларга инфекция тушганда, яраларнинг битиши кечикканда, турли гангренозлар (асосан оёқ гангренаси)да, қорин бўшлиғи аъзоларидаги жарроҳликлардан сўнг ва ўткир хирургик касалликлар асорати сифатида пайдо бўлади.
Ҳозирги кунда юз-жағ соҳасидаги яллиғланиш касалликлари, айниқса, болалардаги бундай жараёнлар кўпгина ҳолатлар септик асоратлар бермоқда. Одонтоген сепсис милк ёки жағлардаги йиринглаш туфайли юзага келиб, кўп ҳолларда жағ ости лимфа тугунлари йиринглаши ва оғиз бўшлиғи флегмонаси билан бирга кечади.
Баъзан оёқдаги яра-чақалар ва баданнинг турли жойларидаги шикастланишдан кейинги жароҳатлар тузалиши кечикса ёки уларга ўз вақтида даво қилинмаса, сепсис ривожланишига шароит яратилади. Умуман, сепсис кўзи ёриган ва бола олдирган аёлларда, бир ёшгача бўлган гўдакларда ҳамда турли хил жарроҳлик хасталиклари билан оғриган беморларда тез-тез учраб туради.
Қорин ва кўкрак бўшлиғи аъзоларидаги йирингли яраларда, айниқса, чипқон ва катта чипқон (карбункул) чиққанда, уларни қўл билан эзганда сепсис юзага келади. Баъзан арзимаган жароҳатлар (эҳтиётсизлик туфайли тананинг бирор жойи шилинса ёки кесилса) ҳам сепсис ривожланади.
Айрим пайтларда аёлларда сут безларининг яллиғланиши (мастит)дан сўнг сепсис келиб чиқиши мумкин.
Бир қанча турлари мавжуд
Гинекологик сепсис жинсий аъзолар фаолиятидаги айрим ўзгаришлар ёки касалликлар (масалан, ноқулай шароитда қилинган аборт, туғруқнинг оғир ўтиши, йирингли эндометрит, сальпингит)дан сўнг рўй беради.
Криптоген сепсис кўпинча аутоинфекциялар туфайли маълум шароитда вужудга келади, яъни инфекциялар бодомча безларида, тиш грануломаларида, кенгайган бронхларда, ичакларда, талоқда ўрнашган бўлиши мумкин.
Тонзиллоген сепсис кўпинча бодомча безларнинг йиринг бойлаши ва некрозли яллиғланиши (ангина) натижасида пайдо бўлади.
Риноген сепсис бурун ва унинг ёндош бўшлиқларидаги йирингли касалликлар асоратидир.
Уросепсис сийдик-таносил аъзоларига инфекция тушиши, уларнинг зарарланиши ҳамда бу аъзолардаги йирингли жараёнлар оқибатида вужудга келади.
Жарроҳлик сепсиси турли жарроҳлик касалликлари (айниқса, йирингли перетонит, плеврит, аппендицит, ўпка абцесси ҳамда куйиш жароҳати) асорати сифатида учрайди.
Булардан ташқари, сепсис жараёни янги туғилган гўдакларда ҳам кузатилади.
Чақалоқлар сепсиси (неонатал сепсис) бактерияларнинг инфекция ўчоғидан қонга тушиши билан кечадиган умумий инфекцион касалликдир. Чақалоқ организмига инфекция антенатал (туғруққача), интранатал (туғруқ пайтида) ва постнатал (туғруқдан кейин) даврларда ўтиши мумкин. Айниқса, чала туғилган гўдакларда сепсис жуда тез ривожланади.
Гўдакларда бу касалликни турли патоген ва шартли патоген микроорганизмлар (масалан, стафилококк, стрептококк, пневмококк, сальмонелла, ичак таёқчаси) қўзғатади. Шунингдек, ҳомиладор аёл организмида яллиғланиш жараёнлари кечаётган бўлса, туғруқ пайтида териси шикастланиши туфайли йирингли ўчоқлардаги инфекция чақалоққа ўтади.
Чақалоқлар сепсиси аксарият ҳолларда бола туғилиши вақтида ёки туғилгандан сўнг юз беради. Кўпинча киндик яраси микроблар манбаига айланади. Бунда киндик қолдиғидан инфекция кириши натижасида сепсис юзага келади. Яъни бола киндиги уй шароитида кесилганда ёки киндикни тоза бўлмаган ип ва латта билан боғлаганда, унга кул сепганда сепсис осонлик билан ривожланади. Бундан ташқари, сепсисни қўзғатувчи микроорганизмлар чақалоқ организмига шиллиқ қаватлар, нафас йўллари, ошқозон-ичак, теридаги жароҳатлар ва киндик томирлари орқали кириши мумкин.
Консерватив даво наф бермаса…
Сепсиснинг ўта жиддий жараён эканлигини унутмаслигимиз керак. Бу жараёнда йиринг қонга сўрилади ва организмдаги барча аъзо ва ҳужайраларда ўрнашиб қолади. Шундан сўнг зарур аъзо ва ҳужайралар емирила бошлайди, уларнинг фаолияти кескин бузилади. Айниқса, юрак-қон томир, нафас, ҳазм аъзолари иши издан чиқади ва уларнинг етишмовчилиги кузатилади.
Сепсисга фақат касалхона шароитида даво қилинади. Бунда консерватив (дори-дармон) ва жарроҳлик муолажалари қўлланади. Организмдаги йирингли ўчоқлар дори-дармонлар, физиотерапевтик муолажалар ва яна бир неча хил мураккаб даво усуллари ёрдамида йўқотилади. Консерватив даволаш ёрдам бермаган ҳолларда жарроҳлик муолажаси амалга оширилади.
Маълумки, сепсис ривожланганда бемор организмида оғир турдаги заҳарланиш (интоксикация) рўй беради, бу вақтда иштаҳа йўқолади ва организм қувватсизланади. Шунинг учун ҳам сепсисни даволаш жараёнида беморга юқори калорияли, яъни сервитамин овқатлар бериш зарур. Бундан ташқари, беморлар тинч шароитда бўлишлари, санитария-гигиена қоидаларига риоя этишлари лозим. Айниқса, уларга яхши муомалада бўлиш касалликнинг тузалишида муҳим аҳамиятга эга.
Маслаҳатимиз шуки, одам баданида пайдо бўлган ҳар қандай яра-чақалар ва организмида кечаётган яллиғланишларга бепарво қарамаслик керак. Сепсиснинг олдини олиш учун қуйидаги ҳолатларга эътиборли бўлинг:
– очиқ жароҳатлар йиринглаши;
– юздаги ҳуснбузарлар учи оқариши;
– чипқон чиқиши;
– хасмол (қўл бармоғи тўқимларининг ўткир йирингли яллиғланиши) пайдо бўлиши;
– флегмона (тери ости ёғ клечаткасининг ўткир йирингли яллиғланиши) вужудга келиши;
– теридаги майда шикастлар тузалиши чўзилиши;
– баданнинг бирор жойи куйиши.
Шунингдек, ревматизм, аднексит, плеврит, пиелонефрит касалликлари сурункали тусга ўтганда ҳам сепсиснинг ривожланишига имкон яратилади.
Маҳмуджон ДЎСТМУҲАММЕДОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор