Куз мавсуми болалар соғлиғига қай даражада таъсир кўрсатади?

Куз – пишиқчилик мавсуми, ўзгаришлар фасли. Унинг табиатига монанд об-ҳаво ҳам тобора салқинлашиб бораверади. Шу боис шифокорлар мазкур фаслда саломатликка кўпроқ эътиборли бўлишни тавсия этишади. Хўш, аниқ мисол билан гапирадиган бўлсак, кузги мавсумда организм қандай ўзгаришларга юз тутади? Болаларда-чи? Кузги иқлим улар соғлиғига қай даражада таъсир кўрсатиши мумкин?

Маълумки, куз бола организмини бир қур синовдан ўтказиб олувчи фасл. Кичкинтойнинг ёз бўйи нечоғли чиниққани, иммун тизими қай ҳолатда экани шу мавсумда яққол кўзга ташланади. Об-ҳавонинг гоҳ иссиқ, гоҳ салқин бўлиши иммунитети суст болада айрим турдаги сурункали касалликлар ривож­ланишига туртки бўлиши мумкин. Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, сентябрь ойидан эътиборан, болалар орасида шамоллаш, грипп, ангина, томоқ яллиғланиши, нафас йўллари хасталиклари, А гепатити нисбатан кўпроқ кузатилади.

Таъкидлашга ҳожат йўқ, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш уни даволашдан кўра анчайин осон. Шу боис ота-оналар болаларни вирусли гепатит А ҳамда грипп вирусларига қарши эмлатиш кераклигини унутмасликлари лозим. Эмланган бола ўзи ҳам касалланмайди, гуруҳдошларига ҳам вирус юқтирмайди.
Мактабгача таълим муассасаларида эса боланинг эмланган ёки эмланмаганини ҳисобга олишдан ташқари, ҳар куни эрталаб кичкинтойларни қабул қилиб олаётганда уларнинг умумий ҳолати билан қизиқиши, тана ҳароратини ўлчаши, тил ва кўз ичини диққат билан текшириши зарур. Кун давомида гуруҳларга бирма-бир кирилиб, инжиқланаётган, йиғлаб безовталанаётган ёки ҳеч нимага қизиқмай ўтирган болалар қайтадан текшириб кўрилади. Агар боланинг тана ҳарорати кўтарилган, томоғи қизарган бўлса, у дарҳол бошқа болалардан ажратилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади ва ота-онасига хабар берилади.
Ҳомиладорлик, туғруқ даври асоратлари сабаб баъзи болаларда бошнинг ички босими ошган бўлади. Улар доимо назоратда бўлиши керак. Бундай болалар бор гуруҳга бир кунда 3-4 маротаба кириб, уларнинг соғлиғидан хабар олиб туриш лозим. Ушбу хасталикда кичкинтой бош оғриғидан қийналади. Буни катталардек тушунтириб бера олмагани боис ҳадеб инжиқланади. Унинг йиғисига қараб, буни пайқаб олиш мумкин. Масалан, болакай бошини орқага ташлаб йиғласа, иштаҳаси паст бўлса, уни ўз вақтида педиатр ва болалар невропатологи кўригига олиб бориш керак.
Боғча ва уй шароитида бошнинг ички босими ошган болаларга алоҳида эътибор қаратиш зарур: тебратувчи аттракционларда учиш, шовқин ерда бўлиш, узоқ вақт бақириб йиғлаш асло мумкин эмас. Улар сокин ва осойишта муҳитда парвариш қилиниши, вақтида овқатланиб, меъёрида ухлаши лозим. Бу, табиийки, боғча ҳамшираси ва у билан ҳамкорликда ишлайдиган тарбиячи ҳамда энагадан катта масъулият талаб қилади.

Яна ўқинг:  Ҳомиладорликда қўл увушишининг сабаби нима?

Мактаб ўқувчилари сентябрь ойини интиқиб кутишади! Янги ўқув йили, янги ўқув қуроллари, янги синф… Соғ танда – соғлом ақл, деганларидек, боланинг таълим олиши, фанларни пухта ўзлаштириши, энг аввало, унинг саломатлигига боғлиқ.

Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, умуртқа поғонасининг қийшайиши билан кечувчи орттирилган сколиоз касаллиги, асосан, боғча ва мактаб ёшида ривожланади. Бола фаол ўсадиган даврда умуртқани тутиб турувчи боғлам-мушаклар заифлашади. Бу пайтда қоматни нотўғри тутиш, ётиб олиб китоб ўқиш, партада энгашиб ўтириш, мактаб сумкасини елканинг бир томонига осиб юриш, ўта юмшоқ тўшакда ухлаш каби омиллар бола қадди-қоматининг нотўғри шаклланишига, умуртқа поғонаси қийшайишига олиб келар экан.

Сколиоз ривожланишининг олдини олиш учун мактаб ҳамшираси ўқувчиларнинг партада ўтиришига диққат билан назар солиши лозим. Уларнинг мактабга келиши ва кетиши маҳал сумкани қандай кўтараётганига қараб, касалликни эрта босқичда аниқлаш мумкин. Умуртқа поғонасига тушган оғирликни тенг тақсимлаш учун икки елкага осиладиган папка тутган маъқул.
Партада тўғри ўтириш қоидаларига кўра, боланинг кўкси партага тегиб турмаслиги, қўллари кўкрагидан пастроқда туриши, парта баландлиги ва ўриндиғи боланинг бўйига мос, иккала қўли китоб устида туриши лозим. Китоб ёки дафтар кўздан камида 35 сантиметр узоқликда бўлгани маъқул.
Кузги об-ҳаво қатор мавсумий хасталик­лар ривожланишига ҳам сабаб бўлади. Ҳаво ҳароратининг пасайиши илгари бронхит, лорингит каби касалликларга чалинган, иммунитети суст болаларда хасталик қайталанишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, кузда енгил шамол кўтарилиши оқибатида дарахт ва гул чанглари ҳавога кўтарилгани боис аллергияга мойиллиги бор болаларда аллергик реакциялар юзага келиши мумкин.

Ўқувчиларда шу сингари ҳолатлар юз бермаслиги учун, аввало, уларнинг таомномаси ва кун тартибини назорат қилиш керак. Аллергик мойиллик даражаси камайиши ва иммунитет яхшиланишида озиқ-овқат маҳсулотларининг ўрни катта. Мактаб маъмурияти ҳамшираси ва шифокори ота-оналар ҳамда мактаб ошпазига ўқувчилар учун тайёрланадиган таомлар ҳақида батафсил маълумот бериши, овқатга таъм, ҳид ва ранг берувчи сунъий қўшимчалар қўшиш аллергик мойилликни кучайтириши хусусида айтиши керак. Зеро, буларнинг бари фарзандларимизни мавсумий касалликлардан ҳимоялаб, уларнинг ўз вақтида ўқув машғулотларига қатнаши ва пухта билим олишини таъминлайди.

Дурдона МУРОТАЛИЕВА,

Яна ўқинг:  Ёшартирувчи конфет кашф қилинди

Тошкент тиббиёт академияси талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: