Ўсмирдаги тажовузкорлик сабаби нима?

Ўсмирдаги тажовузкорлик – бу авваламбор ўсмир атрофида яратилган салбий муҳитга бўлган жавоб реакциясидир. Ота-онанинг болага меҳр бермаслиги, кўп тергаши (бироқ ўгит беришни тергаш деб қабул қилмаслик керак), асоссиз танқид қилавериш, болага босим ўтказиш, унинг хатти-ҳаракатларини кўр-кўрона қаттиқ назорат қилавериш, уни тингламаслик ва фикрини эътиборга олмаслик, оз бўлса-да рағбатлантирмаслик, боланинг эркини бўғиб қўйиш, уйда ва ўртоқлари олдида уни камситиш тазовузкорликнинг асосий сабабларидир. Бунинг оқибатида ўсмирга уни ўраб турган дунё бешавқатдек ва атроф­даги одамлар ёвуздек туюлади. Бунга жавобан унинг ўзи ҳам ёвуз ва бешафқат инсонга айланади.

Савол: Демак, ўсмирдаги тажовузкорлик унга кўрсатилган бешафқат муносабат оқибати экан-да? Шундайми?


Жавоб: Ҳа, шундай! Ўсмирдаги тажовузкорлик – бу унинг характерида акс этган ҳимоя реакцияси. Тажовузкор ўсмирнинг ҳар бир хатти-ҳаракати англанмаган ҳаракатдир. Масалан, у бировни ўла-ўлгунча калтаклайверади. Уни кимдир тўхтатмаса, ўзи тўхтамаслиги мумкин. Бу билан у ичига йиғилиб қолган салбий қувватдан қутилади. Оқибатда у оғир жиноят содир этиб қўяди. Меҳрсиз вояга етган ўсмир ҳеч кимга меҳр бермайди. Чунки ўзида меҳр бўлмагандан кейин, бировга меҳрни у қаердан олиб беради?

Савол: Балким бу ўтиш даври оқибатидир? Ахир гормонал ўзгаришлар деган гап бор…


Жавоб: Тўғри. Гормонал ўзгаришлар деган гап бор. Гормонал ўзгаришлар ўсмирни инжиқ, жаҳлдор ва тез хафа бўладиган қилиши мумкин, бироқ тажовузкор қила олмайди. Тажовузкорлик тагида юқорида кўрсатиб ўтилган нотўғри психологик муҳит ётади. Шуни алоҳида айтиб ўтишим керакки, ҳомиладор аёлга азоб беравериш ҳам кейинчалик «психопат» боланинг дунёга келишига туртки бўлади.

Савол: Биз ҳадеб ота-онани айб­лаймиз. Атроф-муҳитдаги виртуал дунё-чи, яъни смартфонлар, телевидение ва ҳоказо.


Жавоб: Албатта, уларни биз инкор қила олмаймиз. Барибир – биринчи нав­батда ота-она, сўнгра боғча, мактаб ва институтлар. Виртуал дунёнинг қайси эшигидан кириб, қайси эшигидан чиқиш ҳам ота-она ва муаллимга боғлиқ. Виртуал дунёга фақат илм ва ҳунар ўрганиш учун кираётган ақлли фарзандларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бола ўзлигини таниб улгурмасдан ўз уйида ота-онанинг фақат гўзал ҳулқини кўрса, меҳрга бурканса, қалб тафтини сезиб яшаса ва эрта ёшдан меҳнатга ўргатиб борилса, уни ҳеч қачон кўча такасалтанг қила олмайди. Чунки ҳар қандай тарбиянинг ўчоғи – бу оила. Мактаб, лицей ва қолган жойлар эса иккиламчи тарбия ўчоғидир. Шунинг учун ҳам доно халқимиз «Қуш инида кўрганини қилади» дей­ди. Тўғри, ҳаёт бешафқат ва ташқи дунё ёвуздир. Бироқ сизнинг фарзандингиз психологик нуқтаи назардан кучли қуролланган бўлиши керак. Баъзан бундай дунё буюкларни яратади. Ҳар қандай давлат ва халқнинг бошига оғир кулфатлар тушганда, қанчадан-қанча халқ қаҳрамонлари пайдо бўлган.

Савол: Барчаси деярли тушунарли. Энди ўсмирдаги тажовузкорликни енгиш йўлларини кўрсатиб берсангиз. Нима қилиш керак?


Жавоб: Унинг қизиқишларини яхшилаб ўрганинг, ҳеч бўлмаганда бир соат вақтингизни у билан ўтказинг (кўпроқ бўлса янада яхши), унга меҳр беринг ва шу билан бирга тартибга, меҳнатга ва масъулиятли бўлишга ўргатиб боринг. Ҳадеб «Сен ундай бўлишинг керак, бундай бўлишинг керак» иборасини ишлатаверманг. Бундай талаблар болани руҳан чўктириб қўяди ёки ўжар ва тажовузкорликни шакллантиради. Ўсмирни назорат қилгингиз келса, шундай йўл тутингки, буни унинг ўзи сезмасин. Ортиқча эркалатаверсангиз бола талтайиб ўсади, ҳадеб ҳимояга олаверсангиз унда мотивация сўнади ва бунинг натижасида мустақил қарор қабул қила олмайдиган бўлиб қолади. Хато қилса ҳам унинг ўзи бирор бир юмушни мустақил бажаришига имкон яратиб беринг. Лекин бу юмуш унга ёқадиган бўлсин, акс ҳолда у бу ишни ёқар-ёқмас бажаради ва сиздан қочадиган бўлади. Фарзандларнинг барчасига бир хил муносабатда бўлинг. Ўсмирни ҳадеб койивериш ундаги қўрқув ва хавотирни юзага келтиради, унинг қўллари қалтирайдиган бўлиб қолади ёки унга гапирсангиз ерга қараб индамай тураверади. Буни психологик мутизм дейишади.

Савол: Демак, авваломбор ота-­она ўсмир билан доимий контактда бўлиши керак эканда?


Жавоб: Ҳа, шундай! Мен ушбу китобимда бола 12 ёшгача ота-она айтганини қилади, 12 ёшдан сўнг ўз билганини қилади деб ёзган эдим. Бу менинг сўзларим эмас, бу кўпчилик инсонларга маълум бўлган ибора. Демак, ҳар бир ота-она 12 ёшгача бўлган даврни қўлдан бой бермаслик керак.

Савол: Ўғли аллақачон тажовузкор бўлиб бўлган ота-оналарга маслаҳатларингизни айтиб ўтсангиз.

Жавоб: Ота-оналарга маслаҳатларим қуйидагилардан иборат:

Яна ўқинг:  Икки тилда гаплашадиган болалар овозни яхшироқ фарқлайди

Бирорта бола ўз хоҳишига кўра тажовузкор бўлиб улғаймайди, шундай бўлишни хоҳламайди, уни вазият шу куйга солади, вазият. Демак, вазиятни ўзгартиринг!

Ўсмир ёшига етган болангиз «ёмон» экан, аввало, тарбияни ўзингиздан бошланг, шу пайтгача фарзандингиз билан ўзингизни қандай тутганингизни танқидий таҳлил қилиб чиқинг. Бу ишни эр-хотин биргаликда муҳокама қилишса янада яхши.

Ўсмир муаммоларини қолдирмай ўрганиб чиқинг, қаерда ечим топа олмаётган бўлса, унинг ечимини топинг. Агар у ўз муаммосини ота-онасига айтишдан бош тортса, амма, хола, тоғаларни ишга солинг.

Қандай ташаббус билан чиқса, уни қўллаб-қувватланг. Умуман олганда ўсмирнинг бирон-бир ташаббус билан чиқиши уни тарбиялаш учун зўр имконият. Ҳар қандай ўжар болада ҳам зўр ташаббус бўлади, фақат уни излаб топа олиш керак.

Ўсмир ўзини катталардек тутмоқчи бўлади, бироқ ҳаммаси ҳам буни эплай олмайди. Бу ишда унга ёрдам беринг, туртки бўлинг. Ўсмир учун хос бўлган ноодатий ҳиссий реакцияларни тўғри тушунинг, унга ҳамдард бўлинг. У сизнинг меҳрингизни ва «сен ёлғиз эмассан» деган маъно берувчи чеҳрангизни юзингиздан сезиб турсин.

Уйда жанжалли вазиятларни юзага келтирманг, бир-бирингиз билан фарзандлар олдида тортишманг, уйда ота ҳукмронлигини бола сезиб улғайсин.

Ўсмир билан тенгма-тенг дўстдек гаплашинг. Ҳатто ундан маслаҳат олинг. Сизнинг бу муносабатингиздан у ҳайратда қолсин: «Наҳотки, отам мендан шу масала бўйича маслаҳат сўради».

Терговчига айланманг, балким ўгитчига айланинг. Лекин «Асалнинг ҳам ози ширин» қоидасига амал қилинг. Ҳадеб ақл ўргатавериш ундаги бор ақлни ҳам ишламайдиган ҳолатга келтириб қўйиши мумкин.

Уни меҳнатга ўргатинг, қилган ишини мақтанг, хато қилса койиманг, «Менимча буни мана бундай қилса нима дейсан» қабилида иш тутинг. Ўшанда унинг ўзи хатосини англаб етади.

Бола сизга тақлид қилади, шуни ҳам унутманг. Демак, ўзингиз хуш хулқли бўлинг.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори,

профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: