СОКИН ҲАРАКАТЛАР ЖОЗИБАСИ

Йога машқлари соғлом ва хотиржам бўлишингизга ёрдам беради

Манбаларда қайд этилишича, эрамиздан олдинги V-IV асрлар йога таълимотининг илк шаклланиш даври бўлган. Буни бошқача ибора билан биринчи йоглар даври, десак ҳам хато қилмаймиз. Ҳақиқатдан ҳам Ҳиндистонда ведалар ва йоглар тушунчаси энг қадимий сўзлардан ҳисобланади. Қадимий йоглар ўз худоларига талпинишлари ва ибодат қилишлари натижаси ўлароқ ўз жисмоний ва руҳий қобилиятларини оширганликлари сир эмас. Нега деганда инсонлар ўзлари қўрққан ёки бўлмаса шафқат сўраган маъбудаларига қаттиқ ишонганлар. Шу муносабат билан ўша қадимий йоглар ўта табиий бўлган бу ҳаракат машқларини ҳар куни такрорлаб турганлар.

Йоганинг кашфиётчиси ким?

Бугунги кунгача тан олиниб, лекин айрим ҳолатларда шубҳаланиб келинаётган Патранжали (эрамиз бошида яшаган) номи эътиборни тортади.

Ёзиб қолдирилган иккита асар йога илмининг бошланғич нуқтасидир. Булар “Йога сутра” ва “Ража йога” деб номланади. Ушбу мўъжаз ва тарихий ҳисобланадиган бебаҳо асарларнинг қай бири олдин ёзилганлиги эса ҳозирча жумбоқ бўлиб келмоқда.

“Йога сутра” ҳозирги кунда кўз билан қараганда, мукаммал асар ҳисобланса-да, унда йоглар ва йога машқлари тўғрисида қизиқарли ва умумий маълумот бор.

Иккинчи китоб “Ража йога” – қирол учун ёзилгани маълум. Яъни, муаллиф ўз китоби қирол бажарадиган йога машқларини тизимли шаклга солиб, мукаммал бир туркум шаклига келтирган. У эски санскрит тилида ёзилган. Дарвоқе, буддавийлик таълмимоти билан боғлиқ барча китоблар ҳам ана шу тилда битилган.

Патранжалининг юқоридаги асарлари бугунги кунда ҳам катта аҳамият касб этади.

Йога дегани нима?

Йога сўзи санскрит тилидан олинган бўлиб, бирлашув маъносини билдиради. Бу бирлашув – инсоннинг танаси ва руҳи билан Яратган ўртасидаги муносабатларда кўринади. Йога илми асосан саккизта мукаммал туркумдан иборатдир. Булар қуйидагилар; Йама, Нияма, Асана, Пранаяма, Пратяҳара, Дҳарана, Дияна, Самади.

Йама – ҳақиқат, ўзгани ранжитмаслик, қаноатлилик, ўғри бўлмаслик ва қизғанчиқ бўлмаслик шартларига бўйсунади.

Нияма – озодлик, ўзликни бошқара билиш, шукр қилиш, диний китобларни ўқиб ўрганиш ҳамда барча ҳаракатларимизнинг бошқарувчиси – Қодирга бош эгишни ўзида мужассамлаштиради.

Асана – бу универсал руҳий қоидалар мажмуи бўлиб, бунда инсон ўз табиий кучи ва ақл-идроки ёрдамида янада катта куч-қудрат йиғади.

Яна ўқинг:  Инсоннинг стресс ҳолатида эканини қандай билиш мумкин?

Пранаяма – алоҳида машқлар туркумидан иборат.

Пратяҳара – фикр ва сезгилар фаолиятини тўғри бошқаришни ўргатади.

Дҳарана, Дияна ва Самади – ўзаро яқин ва узвий бўлган учлик туркумидир. Дҳаранада фикрни йўналтира билиш тартиби ўрганилади. Ундан кейинги даврлар, яъни Дияна ва Самадида эса камолот танишуви содир бўлади. Бунда олий даражадаги индивидуал англаш ҳосиласи – киши танаси ва руҳини батамом ўзгартиради.

Йама, Нияма, Асана, Пранаяма Йоганинг асосий – ҳаракат қисмини ташкил этади. Буларда инсоннинг жисмонан кучланиши ва фикран соғайиши – Яратган олдидаги ибодат сифатидаги айрим шартли ҳаракатлар, яъни машқлар орқали намоён бўлади.

Пратяҳара ва Дҳарана йоганинг илмий жиҳатларини ўз ичига олади.

Дияна ва Самади туркумлари эса инсон танаси, фикр-ўйи, ақли ва руҳини Худо билан бирлаштиришга кўмаклашади, дейилади йоглар таълимотида.

Йога илмининг асосий мақсадларидан бири инсон ва табиат мутаносиблигини очиб беришдан иборатдир.

Йог Ўзи ким?

Кўпгина манбаларда, жумладан 1988 йилда нашр этилган “Ҳиндистон энциклопедияси”да изоҳ берилишича, Йог бу – Йога мутахассислигини мукаммал эгаллаган шахсдир. Унинг дунёқараши ва фикрлаши одатдаги спортчиникидан тубдан фарқ қилади. Иккинчидан эса у ўз машқларини ибодат тарзида амалга оширади.

Машҳур йоглардан бири Б.К.Лиянгарнинг фикрига кўра, Йога машқлари спорт ёки жисмоний тарбия машғулотларидан бир неча бор устун туради.

Спортчи белгиланган машқларни бажариш жараёнида куч йўқотиши мумкин. Чунки, бундай жисмоний ҳаракатларни амалга оширгач, табиийки, чарчайди. Бундан ташқари спортчи машғулотлардан кейин ўзини овқатга ташна, оч сезади.

Йога эса ўз машқларидан хотиржамлик топади. Машғулотдан сўнг овқатланиш ҳақида ўйламайди. Умуман моддият ҳақида ҳеч ҳам қайғурмайди. Йога машқлари инсонни ҳар томонлама ўсиб-улғайишига ундайди. Ишда, ўқишда ёки оилада бекаму-кўст шахс бўлишга, ҳатто, кафолат беради. Чунки йога таълимоти ҳар доим тинчлик, осойишталик ва хотиржамликни тақозо этади.

Дарвоқе, эътироф этилишича, ўзимизнинг мусулмончиликда ҳам Йога таълимотининг айрим томонларига қиёс-қилса бўладиган жиҳатлар мавжуд. Мисол учун намоз ўқилиши жараёнидаги баъзи ҳаракатлар йога машқларига бирозгина бўлсада ўхшаб кетади. Насиб қилса,бу ҳақда кейинги сонларда алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Ушбу маълумотномани ёзишдан аввал йога билан шуғулланувчи айрим ҳиндистонлик замондошларимиз суҳбатида бўлдик. Янги Деҳлида истиқомат қилаётган Раве Рама Кришна, Ажай Варма ва Бҳарат Бабу исмли шахслар ана шулар жумласидандир.

Яна ўқинг:  ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

Кўпчиликнинг фикрига таянган ҳолда шуни қўшимча қилиш мумкинки, мазкур таълимот инсонда руҳий эркинлик ҳамда камолотга талпиниш иштиёқини уйғотади. Ҳозирги кунда Ҳиндистон мамлакатида Йога фалсафасини ўргатувчи иккита олий мактаб фаолият олиб бормоқда. Булардан бири Бомбей Йога институти деб аталади. Иккинчиси эса пойтахт Деҳлининг қоқ марказида жойлашган бўлиб, Халқаро психо-физик йога терапияси институти номи билан дунёга машҳур.

Ҳар иккала институтда бир пайтнинг ўзида жаҳоннинг 50 та мамлакатидан келган ўн мингдан зиёд талаба таълим-тарбия олмоқда. Олий билим даргоҳларининг бой кутубхоналарида турли диний китоблар қатори аниқ ва гуманитар фанларга оид бир миллионга яқин китоблар сақланади.

“Кундалик йога машҚлари” илк бор Ўзбек тилида

Бундан сал кам йигирма йил олдин тайёрланган Йога машқлари ҳақидаги рисолам, ниҳоят 2012 йилнинг январ ойида кичик тиражда бўлса ҳам дунё юзини кўрди. Ушбу машқлар кенг оммага, жумладан, талабалар, ишчилар, офис ходимлари, ишбилармонлар ва катта ёшдаги инсонларга мўлжалланган. Бу туркум бошқа йога ҳаракатларига қараганда анча осон бўлиб, уларни бажариш учун махсус мактабни битириш ёки алоҳида курсларда қатнашиш шарт эмас. Машқларни уй шароитида ҳам бемалол ўзлаштириб олиш мумкин. Уларнинг ёшидан, жинсидан қатъий назар исталган одам кунига бир икки маротаба, эрталаб ва кечқурун бажарса бўлади.

Йоганинг айрим машқлари мураккаб жисмоний тайёргарликни талаб этиши сабабли улар ҳомиладор аёллар, турли беморлар ёки яқинда жарроҳлик операциясини ўтказган кишиларга тавсия этилмайди. Рамешвар Дасс Гупта асари асосида қайта ишланган хатха-йога машғулотлари даставвал “Оила ва жамият” газетасининг 1995-1996 йиллардаги сонларида эълон қилинган эди. Сўнгра уларни рисола шаклида нашрга тайёрлаш жараёнида, яъни 2011 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида олдинги матнга айрим ўзгартириш ва қўшимча киритилди. Очиғини айтганда, мен бу рисолада меҳнатсевар халқимизнинг соғлом турмуш тарзини янада ошириш орқали уларнинг умрларига-умр қўшишни ўзимга ният қилганман. Муҳими шундаки, “Соғлом ва хотиржам бўлай десангиз” рукн остида босилган “Кундалик йога машқлари” номли ушбу мўъжаз китобчага ўқувчиларимиз бефарқ қарашмади.

Камина бироз муддат ҳинд диёрида таълим олган давримда амалий “Йога машқлари”ни бевосита ўргандим ва кейинчалик уларни яхлит тўплам ҳолида илк бор она тилимизда тайёрладим. Асосийси, мазкур китобча соғлом ва хотиржам бўлишни ният қилган азиз юртдошларимизга манзур бўлади, деб умид қиламан.

Яна ўқинг:  Nega kun o'rtasida uxlash yaxshi natija beradi?

Мутахассисларнинг фикрича, саноати юқори даражада ривожланган мамлакатларда кўпчилик аҳолининг соғлиғига гипокинезия (камҳаракатлилик) катта хавф солмоқда. Дарҳақиқат, инсоннинг ҳар томонлама соғлом, бақувват ва хотиржам бўлишида жисмоний мукаммаллик, доимий ҳаракат муҳим роль ўйнайди.

Йоглар амал қиладиган гигиеник, маънавий-аҳлоқий қарашлар негизида эса ана шу уйғунликни кўриш мумкин.

Шундай қилиб, юқорида қайд этилган рисола орқали ўрганиладиган Хатха-йога маълум тартибдаги оддий жисмоний машқларни ўз ичига оладиган яхлит тизимдир.

Айтмоқчи, шу йил баҳор фаслида “Кундалик йога машқлари” ҳафтанинг ҳар жума куни ҳиндшунос устозим Аҳмаджон Қосимов ташаббуси билан “Ёшлар” радиоканалининг “Намасте Ҳиндистон” эшиттиришида эълон қилиб борилди.

Эътиборли томони шундаки, ушбу машқлар мамлакатимизнинг турли бурчакларида истиқомат қилаётган замондошларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Хусусан, Сурхондарё вилояти Ангор шаҳридан Мунира ая Зокирова, Фарғона вилоятининг Данғара туманидан Нанмулуна Ваҳобова, Самарқанд вилояти Ургут тумани Аълохотин қишлоғидан Ҳулкарой Сувонова “йога машқлари ҳақиқатан ҳам уларнинг соғлом ва хотиржам бўлишлари”га кўмаклашаётганлигини эътироф этиб, миннатдорлик мактубларини йўллашди.

Беруний АЛИМОВ,

журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: