Нервлар хасталанишининг турлари ва олдини олиш чораларини биласизми?

Нервлар ва нерв чигалларининг зарарланишларини келтириб чиқарадиган сабаблар турлича. Кўпинча грипп, бруцеллёз, ревматизм, сил билан оғриганда, ҳар хил ким­ё­­­­­­­­­вий моддалардан заҳарланганда ёки қанд касаллиги, травматик ҳолатлар, моддалар алмашинувининг бузилиши туфайли ички заҳарланиш рўй берганда нервлар зарарланади. Бундан ташқари, турли жароҳатлар (қисилиш, тортилиш, узилиш) оқибатида ҳам нервлар ёки нерв чигалларига шикаст етиши мумкин. Хасталик юзага чиққанда қаттиқ оғриқ кузатилади. Зарарланган соҳада ҳаракат қилиш қийинлашади, сезувчанлик ҳам пасаяди.

Оёқ-қўллар нервлари соҳасида турли шикастлар учрайди. Масалан, тирсак нерви шамоллаганда асосан қўл панжаларида оғриқ кузатилади. Бунда бемор қўл панжаларидаги номсиз бармоқ ва жимжилоқни букишга қийналади, бармоқларни бир-бирига яқинлаштира олмайди, ҳатто жимжилоқни бош бармоққа теккиза олмаётганидан шикоят қилади. Бемор текшириб кўрилганда узоқ вақт давомида зарарланган томондаги қўл панжаси «қуш панжаси»га ўхшайди. Кафт қисмидаги мушаклар атрофиялангани (озиб, кичрайгани) қайд этилади.
Сон нерви зарарланганда бемор оёғини буколмайди, сон олдидаги мушаклар ориқлаб кетади. Бемор турганда ёки юрганда оғриқ кучаяди, баданида жимирлашни сезади. Айниқса, соннинг олд қисмида оғриқ давомли бўлади.
Қуймич нерви яллиғланса, бемор оёқ панжаси осилиб қолаётгани, оёғининг тизза бўғимини буколмай, юриши қийинлашаётганидан нолийди. Текширувда соннинг орқа томонидаги болдир мушаклари ориқлагани сезилади. Худди шу жойда сезги ҳам йўқолади, бора-бора зарарланган жойда оғриқ пайдо бўлади.
Катта болдир нервига зарар етса бемор ҳатто оёқ панжаларини ичкарига ҳам бука олмайди. Оёқ панжасининг остида ва болдирнинг орқа қисмида сезувчанлик камаяди ёки йўқолади, шу жойда оғриқ кучаяди.
Юз нерви зарарланишида шамоллаш, совқотиш, инфекцион касалликларга чалинишнинг асорати катта. Бунда юз нерви қисилади, унинг қон билан таъминланиши бузилади, тана ҳарорати сал кўтарилади. Тинч ҳолатда юзнинг ўнг ва чап томони бир хил эмаслиги қайд қилинади.
Зарарланган томонда пешона бурмалари силлиқланган, кўз оралиғи кенг, бурун-лаб бурмалари ва оғиз бурчаги пастга тушган бўлади. Айни вақтда бемор қошини кўтаролмайди, кўзи ҳам юмилмайди. Юз ифодаси худди ҳайкалникидай қотиб туради, ҳатто имо-ишоралар ҳам сезилмайди.
Қаттиқ овқат еганда овқат лунж билан милк орасида қолади, суюқлик оғиздан оқиб тушади, беморнинг кўз ёши бези халтаси ёпилиб турмаганлиги сабабли кўздан тинмай ёш оқади. Шунингдек, тилнинг олдинги қисмида таъм билиш хусусияти йўқолади. Бундан ташқари, юз мушакларининг бир неча дақиқа давомида оғриқсиз қисқариши кузатилади.

Нерв чигал ва илдизчалари зарарланишлари кўпинча қаттиқ терлаган ҳолда совуқ ҳавога чиқиш, нерв толаларининг шамоллашлари оқибатида келиб чиқади. Масалан, бўйин илдизчалари зарарлаганда бирданига бўйин соҳасида оғриқ туриб, ҳаракат йўқолади. Бемор оғриқ қўзғалган жойни аста-секин уқалаши зарур. Кейин эса, албатта, шифокорга мурожаат этиш лозим. Нерв ва нерв чигалларидаги касалликларни даволаш врач назоратида олиб борилади. Беморга физиотерапия муолажалари қўлланилади. Физкультура, уқалаш яхши ёрдам беради.

Периферик нерв тизими қайси қисми зарарланишига қараб беморга ташхис қўйилади. Масалан, нерв чигали касаллиги плексит дейилади. Орқа миядан чиқадиган илдизчалар касаллиги – радикулитдир. Битта ёки бир қанча периферик нервлар касаллиги – неврит ёки полиневритлар дейилади. Булар бир-биридан аломатлари ва кечиши жиҳатдан фарқланади.
Плексит (нерв чигалларининг зарарланиши) айниқса кўп учраб, у елка чигали яллиғланишига алоқадор бўлади. Елка чигали юза жойлашгани (ўмров суягининг устки, пастки қисмида ва қўлтиқда пайпаслаб билиш мумкинлиги) сабабли бу касаллик тез-тез учраб туради.
Елка плексити турли инфекциялар, шикастланиш­лар, чақалоқларда эса туғруқ жараёнида елкасининг шикастланиши оқибатида кузатилади. Бунда анатомик тузилишига кўра, елка чигали қаттиқ зарарланади, касалликка бўйин нерви чигали ҳам қўшилиб келиши мумкин. Плексит одатда тўсатдан бош­ланади. Қўл ва оёқлар безиллаб оғрийди, қўл мушакларида сезувчанлик бузилади. Айниқса, билак ва қўл панжаси соҳасида оғриқ кучаяди.

Бемор елка бўғимида қўлини кўтара олмайди, тирсак бўғимида эса қўлини буколмайди. Елка мушаклари, қўлнинг юқори мушаклари кўпроқ зарарланади. Тирсакни букувчи, ёзувчи пайлар заифлашади. Бу соҳада сезувчанлик буткул йўқолиши мумкин. Зарар кўрган қўлнинг юқори қисми ҳам, елка ҳам қаттиқ оғрийди. Ўмров суяги устки ва пастки чуқурчалари ҳамда қўлтиқ пайпаслаганда оғриқ сезилади. Оғриқни сезиш елканинг юза қисмида, қўлнинг эса юқори қисми ташқарисида пасаяди ёки мутлақо йўқолади.

Елка чигали пастки қисмининг фалажланиши қўл панжасида кўпроқ кузатилади. Қўл панжаси бармоқларини букиш, ёзиш қийинлашади. Қўл панжаларининг ички-ташқи қисми мушаклари бўшашиб қолади. Оғриқ қўл панжаларида, бармоқларда бўлади. Агар елка чигали буткул зарарланса, зарарланган томонда мушакларнинг ориқлаши, гипертонияси, шу қўлда сезувчанликнинг пасайиши, буткул йўқолиши кузатилади.
Орқа мия нервида ҳосил бўладиган бўйин, бел, думғаза чигалларининг зарарланишлари ҳам аҳён-аҳёнда содир бўлиб туради. Демак, бемор энг аввало нерв томирлари зарарланишидан ўзини эҳтиётлаши керак. Тоғай тўқималари фаолиятини тиклайдиган препаратлар ва суякларни мустаҳкамловчи дорилар (кальцилин, кальций), шунингдек мануал терапия муолажалари ва игна санчиб даволаш ҳам касалликни бартараф этишда ҳамда нерв яллиғланишларини тузатишда муҳим восита саналади.

Касалликнинг олдини олишда қуйидаги машқларни секин-аста бажаришингиз мумкин:

  1. Полга юзтубан ётинг, иккала қўлни қанот қилиб, орқага томон камондек эгилинг.
  2. Оёқларингизни жуфтланг, бир оёғингизни учи билан орқага қўйинг. Айни вақтда қўлларингиз кафтини пастга қаратиб олдинга кўтаринг. Эгилиб туринг, сўнгра қўлларингизни икки томондан оҳиста пастга туширинг. Бу машқни бир неча бор қайтаринг, шунда қўл, тирсак ва елка нерви чигаллари ҳаракатланувчи қисмларида қайишқоқлик кучаяди, бу машқлардан сўнг мушаклар чиниқади.
  3. Оёқларингизни жуфтлаб, тик туринг. Қўлларингизни пастга туширган ҳолда бадантарбия таёқчасини ушлаб олинг. Таёқни бош узра баланд кўтарган кўйи аста-секин эгилинг. Сўнгра таёқчани оҳиста туширинг ва тепага кўтаринг.
  4. Оёқни елка кенглигида қўйинг. Бир қўлни юқорига кўтариб, танани қарама-қарши томонга энгаштиринг. Бу ҳаракатни иккинчи қўл билан ҳам такрорланг.
  5. Стулда ўтириб суянчиққа суянинг, қўлларингизни пастга туширинг, мушакларингизни бўшаштиринг, кейин қўлларингизни икки томонга кенг ёзиб эгилинг, шошмасдан қўлларингизни кўкрак устида чалиштиринг, қорнингизни ичингизга тортинг, бошингизни эгинг.
  6. Стул четида ўтириб қўлларингизни тана бўйлаб туширинг, сўнг қўлларингиз кафтларини юқорига қаратиб, икки томондан горизонтал ҳолатда кўтаринг. Эгилиб нафас чиқаринг ва нафас олинг.
  7. Ўнг қўл ва чап қўлни галма-галдан олдинга чўзиб, айни вақтда ўша оёқни йиғиб, пол юзасида эмакланг.
    Машқлар мушакларни чиниқтиради, нервлар фаолияти изга тушади, қайишқоқлик ортади. Умуман, кишилар қирқ беш ёки эллик ёшлардан сўнг нерв зарарланишларини кўп марта бошдан ўтказадилар, айниқса, плексит оқибатида азоб тортишади. Шунинг учун ҳам даволовчи машқларни бажариб туриш, зарур витаминларни ўз вақтида қабул қилиш ва йилда бир маротаба шифохонада ётиб даволаниш орқали бундай касалликларга барҳам бериш мумкин бўлади.
Яна ўқинг:  Майиз хосияти

Марҳамат ЁҚУБОВА,

невропатолог,

тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: