Маймоқлик зудлик билан даволанишни талаб этади(ми?)

Шифокор олимлар кузатишларига кўра, сўнгги йилларда болаларда оёқ кафтидаги туғма нуқсонлар (айниқса маймоқлик) кўп учрамоқда. Аслида бундай ҳолат рўй беришининг сабаблари нимада? Даволаш чоралари борми?

Маълумки, болалар оёқ кафтидаги нуқсон ирсий ёки генетик муаммолар боис юзага келиши мумкин. Ҳомиладорликда сувсизланиш сабабли боланинг она қорнида нотўғри жойлашиб, сиқилиб қолиши кўпинча туғма маймоқликка сабаб бўлади. Шунингдек, ҳомиладорлик вақтида онанинг турли инфекцион касалликларга чалиниши, кучли депрессия ҳолатида бўлиши, нотўғри овқатланиши оқибатида ҳам ушбу хасталик келиб чиқади. Яъни, нотўғри турмуш тарзи она қорнидаги ҳомиланинг ривож­ланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳомиладорликнинг 16 ҳафтасида боладаги оёқ маймоқлигини УТТ аппарати текшируви орқали аниқлаш мумкин. Бола туғилгач, унда оёқ бармоқларининг турли анатомик касалликлари (масалан бармоқларнинг калта бўлиши, бир-бирига ёпишиб қолиши – синдактрия, кафт суякларининг яхши ривожланмай қолиши) кўзга ташланади. Бундай ҳолатда шифокор неонатолог чақалоққа туғма маймоқлик ташхисини қўйиши ва даволаш чоралари ҳақида маслаҳат бериши мумкин. Ўз вақтида олиб борилган даволаш муолажалари хасталик узоқ чўзилишининг олдини олади.

Оёқ панжаси қийшиқлиги (маймоқлик) тез-тез кузатиладиган ҳолат ҳисобланиб, бунда иккала оёқ (тўпиқдан пастки қисми) панжалари бир-бирига қараган, товон эса юмалоқ бўлади. Жуда кучли ривожланган маймоқликда бола оёқ панжасининг ташқи чеккасига, ҳатто ички юзасига таяниб юради. Болада туғма маймоқлик аниқланса, тезроқ даволаш лозим. Бунда оёқ қийшиқлигини тўғрилайдиган боғловлар, махсус гипслар қўйилади. Оёқ мушакларини мустаҳкамлаш учун физиотерапевтик муолажалар буюрилади. Бу усуллар ёрдам бермаса, бола 1,5-2 ёшга тўлгач операция йўли билан даволанади.
Аслида болаларда туғма касалликлар пайдо бўлишининг экзоген ва эндоген сабаблари мавжуд. Экзоген (ташқи) сабаблар қаторига экологик аҳволнинг ёмонлашуви, озиқ-овқатларга кимёвий ишлов берилиши, шунингдек, ҳомиладорлик пайтида онанинг турли антибиотикларни қабул қилиши ва кучли стресс­ларни киритиш мумкин. Камқонлик, юрак-қон томир касалликлари, ошқозон-ичак тизимидаги ва эндокрин касалликлар, моддалар алмашинувининг бузилиши кабилар эса эндоген (ички) сабаблардир.

Дунёга келажак болада туғма нуқсонларнинг олдини олиш учун она ҳомиладорлик вақтида ўзини эҳтиётлаши, кун тартибига риоя қилиши, тоза ҳавода кўпроқ бўлиши, бўлар-бўлмас нарсаларга асабийлашавермаслиги, тўғри овқатланиши ва дориларни шифокор назорати остида қабул қилиши лозим. Агар туғма маймоқлик ўз вақтида даволанмаса, оёқ кафти суягини хирургик йўл билан кесиб тўғрилаш усулидан фойдаланилади. Даволашдан ке­йин махсус ортопедик оёқ кийимларни кийиш тавсия этилади, болалар доимий диспансер кузатувида бўлишлари лозим.


Кўпчилик ота-оналарни маймоқликни уй шароитида қандай даволаш қизиқтиради. Маслаҳат шуки, бундай ҳолатда албатта шифокор ортопедга мурожаат этганингиз маъқул. Фарзандингиз оёқ кафтидаги нуқсонларнинг қай даражада мураккаб ёки енгиллигини шифокор аниқлаб, даво муолажаларини белгилайди. Кейин қўшимча уқалаш машқлари комплексини тавсия этиши мумкин. Энг аввало, бола ортопедик оёқ кийими кийиши лозим. Шу билан бирга оёқяланг қум устида, ўтлоқда юриши ёки уйдаги диван ёстиқчалари устида юришга ҳаракат қилиши керак. Бунда оёқ товонига, мушакларига оғирлик тушади ва табиий усулда уқаланиш рўй беради.

3-4 ёшли болалар велосипед ҳайдаш, сувда сузиш каби спорт турлари билан шуғулланиш­лари ҳам нуқсондан фориғ бўлишда ёрдам беради. Шифокор буюрган муолажаларни ўз вақтида бажариб, қўшимча машғулотларга доимий эътиборда бўлсангиз, фарзандингиз оёқ кафтидаги муаммоларни бартараф этиш имкони яратилади.

Аҳрор ЖЎРАЕВ,

Яна ўқинг:  «Мулойим қотил» қандай касаллик?

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: