Гўдаклар терисини парваришлаш сири

Бир ёшгача бўлган гўдаклар, айниқса янги туғилган чақалоқнинг териси ўта майин, катта одамникига қараганда 2-3 марта юпқа бўлади. Ҳимоя вазифасини ўтаётган шу майин териси ҳар хил ташқи нохуш таъсирлардан тез шикастланиб қолиши мумкин. Шунинг учун, косметик воситаларни қўллашда ҳам эҳтиёт бўлиб, баъзи нарсаларни билиб қўйганимиз яхши.

Танлашда эҳтиёткорлик зарур


Эндигина туғилган чақалоқнинг сочлари юмшоқ ва нимжон бўлиб, соч пиёзчалари эса терининг анча юзасида – дерма қаватида жойлашади. Шу туфайли унинг териси ҳар қандай ташқи таъсирга ўта сезувчан бўлади. Демак, косметик воситаларни танлашда ҳеч ҳам адашмаслик керак. Аслида гўдакка унчалик кўп косметика ишлатилмайди. Фақат улар сифатли, таркибида табиий ўсимлик экстракти ва ёғлари бўлгани маъқул.

Ҳозирги кунда чақалоқларга туғруқхонадалигидаёқ таглик учун суртма (крем), бир марталик нам сочиқ, болалар совуни каби воситалар қўлланади. Бу эса, гўдаклар косметикасига талаб ошиб бораётганидан дарак беради.
Кўпчилик ота-оналар 6 ойликкача бўлган болани чўмилтиришда шампунь, ванна кўпиги, гель каби нарсаларни ишлатиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайдилар. Аммо, замонавий терапевтлар гўдак туғилган пайтиданоқ териси, сочларини тўғри парваришлаб бориш ва косметик воситалардан тўғри фойдаланиш зарурлигини уқтирадилар.

Сифатли бўлса, терини асрайди


Дўконлар пештахталарида тахланиб турган болалар косметика воситалари ранг-баранглиги ва кўплиги билан катталарникидан ҳеч қолишмайди. Уларни сотиб олишда адашмаслик учун баъзи бир қоидаларга риоя қилиш керак. Косметик воситаларни бозорлардан эмас, махсус дўконлардан сотиб олишга ҳаракат қилинг. Сифатсиз маҳсулотни сотиб олишдан сақланишнинг яна бир йўли – ўзингиз биладиган ва таниқли ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотини харид қилишдир.

Бола терисига энг ёмон таъсир қиладиган нарса маҳсулот таркибидаги тузлардир. Шу сабабли маҳсулот харид қилишда таркибида ҳеч қандай туз йўқлиги ва аксинча табиий ўсимлик экстракти, ёғ борлигига аҳамият беринг. Болалар косметикасини ишлаб чиқаришда умумжаҳон андозалари талабларига кўра, хавфсиз, табиий экстрактлардан тайёрланиши, таркибида сунъий бўёқлар ва аллергия қўзғатувчи моддалар бўлмаслиги керак. Афсуски, бозор пештахталарида, айниқса, ёйма бозорларда қалашиб ётган воситалар орасида сертификати йўқ, сохталари ҳам учраб туради. Бу каби маҳсулотларни харид қилишдан эҳтиёт бўлинг.

Маҳсулотни сотиб олишдан олдин, унинг ишлаб чиқарувчиси ҳамда таркиби билан танишиб чиқинг. Таглик остидан ишлатиладиган кремларнинг цинк оксидисиз тайёрлангани маъқул. Бундай суртмалар гўдак терисини қуритмайди, таглик дерматитининг олдини олади, энг муҳими аллергик касалликлар келиб чиқишидан асрайди. Кремнинг таркибида зайтун ёғи бўлса терини янада эҳтиётлаб, унинг табиий қайта тикланишида яхши фойда қилади. Улар ҳидсиз бўлгани маъқул. Косметика таркибидаги сунъий ҳид таратувчи моддалар бола саломатлигига зиён келтириши мумкин. Кўплаб косметик воситалар таркибидаги табиий эфир ёғларининг ўзи хушбўй бўлади. Аммо уларнинг ҳам барчасини зарарсиз дейиш нотўғри. Баъзан табиий ҳид­лар ҳам болада аллергия келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳиди бўлмаганини танлашга ҳаракат қилинг.

Яна ўқинг:  Руҳиятни кўтармай туриб дардни даволаб бўлмайди

Аллергия пайдо бўлмаслиги учун…


Болани чўмилтиришда фойдаланиладиган воситалар таркибига асосан бактериялар ва шамоллашга қарши таъсир қилувчи экстрактлар қўшилади. Улар асосан мойчечак, лимонўт ва бўйимодарон (тысячелетник) каби ўсимликлардан тайёрланиб, бола терисига тинчлантирувчи таъсир кўрсатади. Аммо боланинг териси таъсирчан бўлса мойчечак ўсимлиги дамламасидан фойдаланиш аллергияга сабаб бўлиб қолиши мумкинлигини унутманг.

Чўмилишда ишлатиладиган ванна кўпиклари гўдакнинг нозик терисини тозалашда қулай восита ҳисобланади. Таркибида фойдали экстрактлар бор бўлган болалар шампуни нафақат унинг сочларини парваришлаш, терисида йиғилган ёғлар ва кирлардан тозалаш, шунингдек, уқалаш давомида бола териси ва сочларини соғломлаштириш, озиқлантириш воситаси ҳамдир. Муолажа тўғри бажарилса, соч пиёзчалари мустаҳкамланиб, жонланади, соч ўсишига ҳам яхши таъсир қилади. Бу каби замонавий шампунь, кўпик ва гель каби ювиниш воситаларини боланинг танасига суртмасдан, сувга солиб ишлатиш тавсия этилади. У ҳолда чўмилиш ваннасига бир неча томчи соя ёғи эмульциясини томизиш ҳам яхши фойда беради.

Таркибида тўйинган ёғ кислотаси бўлган воситалар бола чўмилганидан сўнг терини қуруқшаб кетишидан сақлайди, ёғ ҳимоя қаватини ҳосил қилади. Эсингизда тутинг, болажонга катталар учун мўлжалланган косметикадан фойдаланиш мумкин эмас. Уларнинг таркибида сунъий бўёқлар, консервантлар кам бўлсада, айнан ўсимлик экстрактлари кўп бўлгани учун аллергия келтириб чиқариши мумкин.

Гўдак учун янги косметика воситалари сотиб олишда албатта унга тегишли бўлган қуйидаги маълумотлар билан танишинг:
• воситани боланинг қайси ёш даврида қўлланиши (қўллаш даври ва боланинг ёшига тўғри келмаса, фойдаланманг);
• таркиби (синтетик ҳид таратувчи ва бўёқлари бор бўлса, ишлатманг);
• қўллаш учун яроқлилик муддати (фақат янгисини олиб, қўлланг).
Бола учун саралаб харид қилинган косметик восита нафақат сизга, аввало, унга ёқиши ва бенуқсон бўлиши зарурлигини унутманг.

Барно ТОШМУҲАММЕДОВА,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: