«Мулойим қотил» қандай касаллик?

Бугунги кунда касалликлар орасида тез-тез учраб турадиган жигар хасталиги ва жигар циррози, касалликнинг хавфли асоратлари ҳамда унинг олдини олиш юзасидан «Чилонзор туманига қарашли Тошкент шаҳар 5-сонли юқумли касалликлар клиник шифохонаси» олий тоифали шифокори, гепатолог, терапевт, гастроэнтеролог Муҳайё АҲМЕДОВА билан суҳбатлашдик.

– Жигар инсон танасида қандай вазифаларни бажаради?


– Жигар бутун организмни заҳарли моддалардан тозалаб берувчи ноёб орган, яъни у инсон организмида биокимёвий лабаратория вазифасини ўтайди.
Жигар касаллигининг характерли белгиларидан бири оғриқ бермайди. Шу боис хасталик билан оғриган кишиларнинг ўз саломатлигига лоқайд ва эътиборсизлиги, оғриқнинг сезиларсиз ўтиши оқибатида кўпинча касалликни ўтказиб юборадилар. Бекорга бу хасталикни «Мулойим қотил» дейишмаган.
1995 йилда бир гуруҳ америкалик олимлар янги гепатит вирусини ажратиб олишди. Бу вирус А,В,С вирусли гепатитларнинг ўткир ва сурункали формаларида аниқланмайди. В ва С гепатит вируслари бирга келганда ҳамда касалликка мойиллиги бор шахслардагина юзага чиқади.

– Касаллик белгиларини қандай билиш ва нималарга эътибор қаратиш лозим?


– Жигар касаллигининг умумий белгилари беморда ҳолсизлик, жисмоний толиқиш, тез чарчаш, тери ва тирноқлар ҳамда кўз оқ склерасининг сарғайиши, иштаҳанинг йўқолиши, ёғли овқатларни кўрганда баъзан кўнгил айниши, ўнг қовурға тагида сезилар-сезилмас оғриқ ва оғирликнинг сезилишидир. Жараён жиддийлашгани сари (телеангиэктазия), яъни кафт терисининг қизариши, тирноқларнинг синувчанлиги ва ғадир-будирлиги сезилади.
Айниқса, беморнинг қорин соҳаси текшириб кўрилганда, сарғайиш белгилари ва қоринда қизил доначаларнинг пайдо бўлиши, пайпаслаб кўрилганда жигарда сезувчанлик ошиб кетганлиги аниқланади.
Агар бемор ўзига шунда ҳам эътиборсиз бўлса, умумий белгилар янада кучайиб, беморнинг жисмоний ҳаракатидаги чарчаш, толиқиш ва ҳансирашлар кучаяди. Қориннинг юпқалашгани, катталашгани ва оёқларда шишлар пайдо бўлиши кузатилади. Шу боис ўзини бемор сезаётган киши, албатта, бу белгиларни кутиб ўтирмасдан хасталикнинг илк белгилариданоқ дарҳол мутахассис врач-гепатолокка мурожаат қилиши лозим.
Акс ҳолда бу ҳолат сурункали ҳолатдан хавфли бўлган – жигар циррози, яъни «асцид» ҳолат бошланганидан далолат беради. Бу эса бемор ҳаётининг хавф остида эканлигидан далолат беради.

– Сурункали вирусли гепатит ва унинг юқиш йўллари ҳақида ҳам маълумот берсангиз?


– Сурункали вирусли гепатит – жигарнинг узоқ давом этувчи(6 ойдан кўпроқ) дистрофик яллиғланиш жараёнидир. Бу касаллик тобора ривожланиб бориши натижасида, жигар циррозининг шаклланишига олиб келадиган патологик ҳолат ҳисобланади.
Жигар касаллигининг турли формалари, жумладан, А,В,С,Д, Е формалари мавжуд бўлиб, А формаси юқумли ҳисобланади. У идиш-товоқлар, сочиқ, ювилмаган қўл теккан нарсалардан юққанлиги боис, «кир қўллар касаллиги» деб ҳам юритилади. Бу касаллик сарғайиш билан кечиб, беморда умумий ҳолсизлик, чарчаш, тил ва терининг, тирноқларнинг сарғайиши, жигарнинг катталашиши ва жигар синамаларининг ошиб кетиши билан кечади. Эътиборлиси, гепатит А формаси бемор даволанганидан сўнг асорат қолдирмайди.
Гепатит В формаси эса асосан шприцлар, гиёҳвандларнинг донорлиги, қон орқали, гинекологик урологик, стаматологик зарарсизлантирилмаган тиббий асбобларни қайта ишлатиш орқали юқади. Бунда бемор даволанса ҳам сурункали формага ўтади. Сурункали жигар касаллигининг келиб чиқиши турли ҳудудларда турлича кечади.
Бу экология, овқатланиш рациони, юқумли ошқозон-ичак ва бошқа касалликлар, биринчи навбатда, вирусли гепатит касаллигининг юқори даражада тарқалганлигига боғлиқ.
Ўтказилган текширувлар натижаларига кўра, жигарнинг сурункали касалликлари мингта текширувдан 9,24 фоизни, сурункали формаси 8,06 фоизни, сурункали персифтик формаси 66,7 фоизни, сурункали фаол формаси 33,3 фоизни ташкил этади. Бугунги кунда эрта болалик даврида жигар хасталигининг оғир формалари кўпайишининг қайд этилаётганлиги шифокорларни жиддий ташвишга солмоқда.

– Беморларни лаборатория текширувлари натижасида қандай ўзгаришлар кузатилади?


– Қон зардоб текширилганда, доимий юқори фаолликдаги жигар-ҳужайра ферментлари аниқланиб, тимол синамаси кўрсатгичлари миқдори ошади. Эхогепатограммада жигар циррозининг бошланғич белгилари аниқланади. Сурункали гепатитда глобулин фракциялари одатда гамма-глобулинлар ошиши ва альбуминлар миқдорининг кескин камайиши ҳисобига кечади. Беморда тимол синамаси кўрсаткичлари ва В-липопротеидларининг ошиши, сумма тит­рининг пасайиши кузатилади. Қон зардобидаги билирубин миқдорини аниқлашда, унинг ошишида авж олиш даври кузатилади. Бунда қон зардобида умумий холестерин миқдори ошиб, тромбин ва фибриногеннинг камайганлиги қайд этилади. Жигар ҳужайраси ферментлари фаоллиги ошиб кетганлиги аниқланади(айниқса, АЛТ ва АСТ). Реогепатограмма ва эхогепатограммада ўзгаришлар кузатилади.
Хасталикнинг диагностикасида жигар тўқимасини ультратовушда текшириш муҳим аҳамиятга эга. Бу усул ёрдамида жигар тўқимасининг қаттиқлашиши ва склерозланиш даражасини аниқлаш мумкин.
С гепатитнинг клиник ва морфологик жиҳатлари ўрганилганда, қонда С вируси миқдори кам бўлсада хасталик билан касалланган беморда 5–10 йилдан кейин ҳам сурункали гепатит шаклланиши мумкин. Шунга асосланиб, С гепатит «мулойим қотил» номини олгани бежиз эмас. Бунда касалликнинг асосий белгиси бўлиб, жигарнинг катталашиши, қаттиқлашганлиги ҳисобланади. Талоқда ҳам ўзгаришлар юз бериши мумкин.

– Касалликни даволашда нималар тавсия этилади?


– Гепатит формалари жараёни фаоллиги, заҳарланиш даражаси ва жигар етишмовчилигининг белгиларига қараб беморга қатъий парҳез, ҳаракат режимини чеклаш ҳамда керакли дори-дармон муолажалари тавсия этилади. Вирусга қарши курашадиган препаратлар қўлланилади.
Касаллик қайталанганда, албатта, стационарда даволаниш тавсия этилади. Бемор ҳаётига жисмоний ва эмоционал чегараланишлар киритилиши лозим. Спиртли ичимликлар ичиш қатъиян таъқиқланади. Тўлақонли ва асровчи парҳезлар қўлланилади. Аччиқ, шўр, қовурилган, ўткир ҳисобланган таомларни истеъмол қилиш кескин чекланади. Агар танада ва оёқларда шишлар кузатиладиган бўлса, рациондаги тузлар миқдори камайтирилади.
Сариқ касаллигида табиат неъматларидан фойдаланиш ҳам яхши фойда беради. Хасталикни даволашда икки нарса мақсад қилинади: бири, сариқликни ювувчи дори-дармонлар, кўз ва бурунга томизиладиган дорилар, шунингдек, сариқ касаллигини пайдо қилаётган моддани чиқарувчи сурги дорилар ёрдамида сариқликни тери ва кўздан кетказишдир.
Беморга енгил ҳазм бўладиган парранда ва гўшт қиймалагичдан ўтказилган мол гўшти қайнатмалари истеъмол қилиш тавсия этилади. Шунингдек, уйқусизлик, ғазабланиш, стресс, кўп ҳаракатланиш ва ҳаммомда чўмилишдан сақланиш лозим. Сариқ рангли нарсаларга қараш яхши фойда беради, бу табиатни савдоли моддаларини терига қараб ҳайдашга қўзғатиб, даволашни енгиллаштиради. Ич сурувчи, сийдик ҳайдовчи ва терлатувчи шифобахш доривор ўтларни дамлаб ичиш организмга ижобий таъсир кўрсатади.

– Гепатит касаллигининг олдини олишда вакциналарни қўллаш қандай аҳамиятга эга?


– Вирусли гипатит касаллигига қарши вакцина ишлаб чиқилган ва бу ихтиёрий тарзда амалга оширилади. Вакицинация қилиш Гипатит В формасининг олдини олишда катта аҳамиятга эга.
Гипатитнинг С формасининг олдини олиш учун ҳали вакцина ишлаб чиқилмаган. Шу боис хасталикни С формасига етиб келмаслик чораларини кўриш лозим. Бунинг учун касалликнинг умумий белгилари сезилгандаёқ аниқлаш, даволаниш, парҳезга қатъий амал қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Яна ўқинг:  Асабдан ҳам тана ҳарорати кўтариладими?

Марям АҲМЕДОВА

суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: