Тиббиёт ходими нега оқ халат кияди?

Азалдан тиббиёт ходимларининг иш кийими оқ халат ҳисобланган. Ушбу униформа 1860 йилларда расман тан олинган. Оқ ранг поклик, тозалик рамзи бўлиши билан бирга, стерил муҳитни пайдо қилади. Микроблар оқ рангдан қочади. Яъни, уларнинг ушбу «ҳудуд»да кўпайиш эҳтимоли ниҳоятда кам.

Европа мамлакатларининг барча тиббиёт муассасалари тиббиёт ходимларининг иш кийимини оқ халат сифатида маъқул кўришган бўлсалар-да, кўп ўтмай ушбу тусдаги либос кўзни толиқтириши ҳақидаги фаразлар янграй бошлайди. Ана шунда оқ халатни асосий униформа сифатида қолдириб, қўшимча равишда бошқа рангли либос ишлаб чиқариш фикри пайдо бўлди.

«Кўзларингиз толиқдими, либосингизни янгиланг!»

Бу XXI аср бошларида Европа тиббиёт муассасаларида оммалашган шиорлардан бири эди. Оқ халатдан ҳозир ҳам фойдаланилади. Лекин униформалар қаторига кўк ва яшил туслилари ҳам секин-аста қўшила бошлади. Сизнингча, нима учун айнан шу ранглар танланди?
Операция вақтида ички аъзолар ҳамда қизил қон ранги кўзни чарчатади. Бу пайтда нигоҳингизни кўк ва яшил тусли нарса – буюмга қаратсангиз, кўзлардаги толиқиш йўқолади. Бир неча соат давомида кўзлар қизил тусдан ўзгасини кўрмаса, уларнинг таъсирчанлиги камаяди. Қолаверса, қизил рангга «кўника» бошлаган кўзлар, оқ тусли уст кийимга қаратилганида ола-булалик юзага келади.

Бу шунчаки талаб эмас, балки…

Тишингиз оғриб, азобланаётган бўлсангизу сизни эгнига униққан оқ халат кийиб олган тиббиёт ходими кутиб олса, кўнглингиз ғаш бўлади. Тўғрими?
Тиббиёт ходимининг иш кийимига қўйиладиган энг биринчи талаб унинг бемор руҳиятига ижобий таъсир кўрсатишидир. Психологияда бош мияда кучли қўзғалишни келтириб чиқармайдиган ранглар – оқ, кўк, яшил, оч пушти ҳисобланади. Шунингдек, форма майин ва тиниқ рангли матодан ишлаб чиқарилиши, сув ва қон юқига чидамли бўлиши даркор. Зичлиги жиҳатидан ўзида микроб ва бактерияларни сақлаб қолмаслиги ҳам муҳимдир. Айни ушбу талаблардан келиб чиқиб, тиббиёт ходимларининг иш кийими махсус цехларда тикилади.

Кимда қандай?


– Амбулатор даволаш бўлимларида ишлайдиган тиббиёт ходимлари асосан оқ халат, калта халат ва шим, бош кийим, латекс қўлқопларидан фойдаланишади;
– Жарроҳлик бўлими ходимларига стерилланган тўпламлар: қалпоқ, узун бахила, шим ва калта халатли форма, фавқулодда ҳолатларга чидамли қўлқоп, ламинацияланган куртка ёки халат берилади;
– Инфекцион касалликлар бўлими ишчилари чидамлилиги юқори бўлган халат (узун/калта), махсус енглик, этак ва бош кийими кийишади;
– Касалхона, клиника ва косметология марказларининг тиббиёт ходимлари орасида блузонлардан фойдаланиш оммалашган. Блузонлар бу белдан тушиб турувчи енгли уст кийим бўлиб, тўпламга кенг бичилган шим ҳам киритилган.
– Жарроҳлик ҳамда реанимация бўлими ходимлари, одатда, оқ, кўк ва яшил ранг форма кийишади. Оч пушти рангли блузонларни педиатрия бўлими ҳамшираларида учратиш мумкин.
– Жарроҳ, акушер-гинеколог, инфекционист шифокорларнинг иш кийими ўзига сувни шимиб олмайдиган ҳамда бактерияларга ўта чидамли матодан тикилади.

Яна ўқинг:  Чанқовбосди: нимани, қанча, қандай ичган маъқул?

Косметология марказларида…


Муассасада қабул қилинган низомга кўра, ходимлар иш кийими бир хил рангда қабул қилиниши мумкин. Мисол учун, Германия косметологик марказларида компания логотипига мос қилиб, оч ҳаво ранг, оловранг ёки хантал тусларидан фойдаланишади. Хитой ва Японияда кўк ва яшил ранг формалар маъқул кўрилади.

Гигиеник тоза маҳсулотдан тайёрланади


Бугунга келиб тиббиёт ходимининг бош ки­йими турли кўринишларга эга. Оммалашганлари асосан қалпоқча, берет, кепи (юмшоқ бош кийими), учбурчак рўмол, олд қисми юз, кўз ва лабни беркитиб турувчи орқа тарафидан боғланадиган бош кийими ҳамда бандана.
Тиббиёт ходими қай бир бош кийимдан фойдаланмасин, барчаси учун ягона талаб гигиеник тоза маҳсулотдан ишлаб чиқарилган бўлиши, кўриниши озода ҳамда дазмолланганлигидир.
Тиббий формалар безак ва қўшимча рангларни истисно этади. Ҳатто бош кийими ҳам бир хил тусда бўлиши лозим.

Дурдона МУРОТАЛИЕВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: