Эмлаш муолажалари сифати кафолатланганми?

Ҳар бир давлатнинг ўз миллий эмлаш жадвали мавжуд. Юртимизда ҳам шундай миллий эмлаш жадвали бор.
Унга кўра, ҳар бир боланинг туғилганидан то 16 ёшгача эмланиши мажбурийдир.

Фуқароларимиз учун жадвал асосидаги барча эмлаш турлари сифати давлат томонидан кафолатланган ҳамда бепул амалга оширилади. Агар ота-она давлат даволаш профилактика муассасаларида эмлашни истамаса, уни пуллик вакцинация марказларида олиш мумкин.
Эмлаш ишларини амалга оширишда фойдаланиладиган, жаҳон тиббиёти амалиётида кенг қўлланилаётган самарали эмлаш воситалари мамлакатимизга олиб келиниб, тегиш­ли тартибда тиббий-лаборатор синовлардан ўтказилади.
Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сертификат билан кафолатланади ва совуқлик занжири тизимига риоя этилган ҳолда жойлардаги эмлаш пунктларига етказилади. Эмлаш муолажалари шаҳар ва туманларда аҳолига бириктирилган оилавий поликлиника, чекка жойларда эса қишлоқ врачлик пунктларида малакали шифокор кўригидан ўтилгач, махсус ўқитилган ҳамширалар томонидан бепул амалга оширилади.

Эътироф

Миллий эмлаш календари бўйича мамлакатимизда болалар 12 та бошқариладиган инфекцияга қарши давлат ҳисобидан профилактик эмланади. Юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланиб, эмлаш қамрови 99,5 фоизга етказилди. Натижада, 2017 йил Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистон қизамиқ ва қизилча касалликларидан холи ҳудуд деб эътироф этилди.

Вакциналар қайси касалликларнинг
олдини олади?

Вакциналар маълум бир хасталикларнинг олдини олишга қаратилган. Масалан:
Ўпка сили – ҳаво-томчи йўли орқали тарқаладиган, ўткир юқумли дард. У оғир кечиши, даволаниш муддатининг узоқлиги ва тез юқиши билан хавфлидир. Сил, айниқса, янги туғилган чақалоқларда оғир кечади.
Кўкйўтал – оддий йўталдан тубдан фарқ қилади. Аммо унинг асосий белгиси ҳам йўтал ҳисобланади. Фақат йўтал кучли хуруж билан кечиб, беморни кўкартириш даражасигача олиб боради. Кўкйўтал болалар орасида учрайди ва юқумли ҳисобланади.

Қизамиқ – баданга турли қизил тошмаларнинг тошиши, умумий ҳолсизлик билан кечади. У ўта юқумли касаллик ҳисобланади. У оғир кечган ҳолларда ўзидан турли асоратлар қолдириши мумкин.
Дифтерия – томоқ шиллиқ қаватининг шикастланиши билан ўтади. Агар дард оғир кечса, шиш пайдо бўлиши мумкин. Бунинг натижасида бўғилиш юзага келади, нафас олиш қийинлашади.
Қоқшол – касалликка жароҳат орқали организмга кирган микроблар сабаб бўлади. Бу микроблар ҳайвонлар ёки одамлар танасида яшайди. Янги туғилган чақалоқларда қоқшол юзага келишига киндик тизимчаси орқали мик­робларнинг тушиши сабаб бўлади.
Тепки – ўткир вирусли инфекцион касаллик. Бунда қулоқ олди сўлак безлари яллиғланиб шишади. Шунингдек, ўғил болаларда жинсий безлар яллиғланиши ва келажакда бепуштликдек оғир оқибатни келтириб чиқариши мумкин.
Полиомиелит – киши организмида ҳаракатланаётган турли мушакларнинг зарарланиши ва ҳаракатсизланиши (фалажланиши) билан кечади.
Гепатит В (сариқ касаллиги) – кўпинча жигарни шикастловчи вирус сабаб ривож­ланади. Бунда жигар фаолияти бузилади. Хасталик оғир кечган ҳолларда асорати сифатида жигар саратони ёки жигар циррози келиб чиқиши мумкин.
Ротавирус – Ротавирус инфекцияси одам ва жониворларда учрайдиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, уни вируслар қўзғатади ва ошқозон-ичак йўлига зарар етказади, оқибатда ошқозон фаолияти кескин бузилади. Ротавируслар болаларда оғир диареяларни келтириб чиқаради. Мазкур инфекцияга, айниқса, 1 – 6 ёшдаги болалар тўқнаш келишади.

Яна ўқинг:  Қон қуюқлашиши қанчалик хавфли?

Эмлашда хавфсизликни таъминловчи талаблар:
Ҳар бир эмлашдан олдин қўл совунлаб ювилади.
Ҳар бир эмлаш учун бир марталик, ўзи парчаланадиган шприцдан фойдаланилади.
Вакцинали флаконнинг бутунлиги, унинг этикеткаси ва вакцинанинг болани эмлаш учун тўғри келиши текширилади. Агар флаконнинг бутунлиги бузилган ёки ёрилган, унинг таркибида ўзгариш (чўкма) бўлса, этикеткаси бўлмаса, флакон тезда йўқ қилинади, уни ишлатиш мумкин эмас.
Вакцинали флаконнинг индикаторига эътибор бериш керак. Агар индикатор ранги ўзгариб, атрофдаги ранг билан бир хил ёки унга қараганда тўқроқ бўлса бу флаконни ишлатиш таъқиқланади.
Қизамиқ-паротит-қизилча (КПК) ва сил (БЦЖ) вакциналарини фақат вакцина ишлаб чиқарувчи завод ёки корхонанинг ушбу вакцинага ишланган эритувчиси билан эритиш керак.
БЦЖ вакцинани эритиш учун 2.0 мл. шприц, КПК вакцинани эритиш учун 5.0 мл. ҳажмли шприцдан фойдаланиш керак.
КПК ва БЦЖ вакциналарни эритилгандан кейин 6 соат давомида ишлатинг, кейин қолдиқдаги вакцинани йўқотиш лозим. Эсдан чиқармаслик керакки, 6 соатдан кейин ишлатилган КПК, БЦЖ вакцина билан эмланган болада нохуш ҳолатлар кузатилиши мумкин.

Юборилаётган вакцина миқдори ва уни тананинг қайси жойига юбориш қоидасига албатта амал қилинг:
Гепатит В-0.5 мл. дозада боли сони олди қисми мушак орасига;
АКДС – 0.5 мл. дозада бола сони олди қисми мушак орасига;
Пентавлент – 0.5 мл. дозада бола сони олди қисми мушак орасига;
Пневмококк – 0.5 мл. дозада бола сони олди қисми мушак орасига;
ИПВ – 0.5 мл. дозада бола сони олди қисми мушак орасига;
АДС-М-0.5 мл. дозада бола сони олди қисми мушак орасига;
КПК-0.5 мл. дозада қўлнинг елка қисми тери остига;
БЦЖ-0.05 мл. дозада қўлнинг елка қисми тери орасига;
ОПВ – боланинг оғзига 2 томчи доза томизилади;
Ротарикс – боланинг оғзига 1.5 мл. дозада юборилади.

Эмланган бола эмлашдан сўнг 3 кун давомида тиббиёт ходими назорати остида бўлади. Бунинг учун патронаж тиббиёт ходими 3 кун давомида боланинг уйига бориб тиббиёт кўригидан ўтказиши лозим. Боланинг аҳволида ўзгариш пайдо бўлса, онасига дарҳол шифокорга мурожаат қилишни тайинлаши лозим.
Эмланган болада эмлашдан сўнг 2-3 соат ичида инфекцион-токсик шок белгилари: ич кетиш, қусиш, тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилса, тезда шифохонага ётқизиш чораларини кўринг.
Эмлаш ўтказилган бир марталик шприц­ларни махсус хавфсиз қутига ташлаш лозим. Ишлатилган шприцга қалпоғини кийгизиш мумкин эмас. Ишлатилган шприцларни хавфсиз йиғиш қутилар тўлганида махсус инсенератор ёки печларда ёқиб йўқотилади.

Вакциналар совутгичларда плюс иккидан плюс саккизгача ҳароратда (+2…+8) сақлаш қоидаларига сўзсиз амал қилинг:

  • Полимиелит ва КПК вакцина совутгичнинг юқори полкасида (токчасида);
  • АКСД, Пентавалент, пневмококк, АДС-М, ротарикс, ИПВ, гепатит В вакциналари совутгичнинг ўрта полкасида сақланади;
  • вакциналарни совутгичнинг эшигида сақлаш таъқиқланади.

Дилбандларимиз учун…

Яна ўқинг:  Узум данагининг экстракти тишларни кариесдан ҳимоя қилади

Ҳозирда кўпчилик Миллий эмлаш тақвимига киритилганидан ташқари вакциналар билан ҳам ўз фарзандларини эмлашяпти. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Ахир биз даволаниш учун дори, касал бўлмаслик учун витамин сотиб олгандек, зурриёдимизни ҳимоя қилиш учун вакцина қилдирсак нима бўлибди?!
Хўш, ўзимиз вакцинопрофилактика марказларига мурожаат этганимизда қандай касалликларга қарши эмланиш керак?
Гемофил инфекциясига қарши. У менингит – мия қобиғи яллиғланишига олиб келади.
Одам папиллома вирусига қарши. Бундай эмдорини ҳеч бўлмаса 12 – 14 ёшлардаги қизларга қилдириш керак, шунда у келгусида бачадон бўйни саратонидан ҳимоя қилади.
Ротавирус инфекциясига қарши. У кучли ич кетишига сабаб бўлади. Миллий эмлаш жадвалимизга ҳам бу эмлаш турининг киритилгани юртимиз болаларининг ич кетиш хасталигидан азиятланиш фоизини анчага камайтирди.
Сувчечакка қарши. Енгил дардга ўхшайди, аммо у туфайли одамларнинг ёстиғи қуримоқда. Инфекция гўдаклар (негаки илк ойларда, эмлаш тақвимига кўра, бундай эмдори қўлланилмаяпти), ҳомиладор аёллар, онкобеморлар учун хавфли. Болаларни сувчечакка қарши эмлаш орқали сиз нафақат болани, балки яқинларингизни ҳам ушбу дарддан ҳимоялаган бўласиз.
Вакцинациядан эмас, касалликлардан чўчиш керак. Эмдори аллақачон ўлат, чечакни енгди, дифтерия ва полиомиелитни қарийб йўқотди, грипп туфайли ўлим даражасини анча камайтирди. Улар умримизни анча узайтириш имконини берди.

Дилором ТУРСУНОВА,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: