Мигренда бош оғриғи шу қадар кучли бўладими?

Мигрен – энг кучли хуружсимон бош оғриқлар билан намоён бўлувчи касаллик. Бу касаллик аёлларда кўп учрайди ва наслдан-наслга ўтиш хусусиятига эга. Оғриқ хуружлари, асосан, кўз-пешона-чакка соҳаларида кузатилади ва кўнгил айниши, қайт қилиш, ёруғлик ва товушларга ўта сезгирлик билан намоён бўлади. Оғриқ хуружидан сўнг беморда уйқучанлик ва ҳолсизлик кузатилади. Оғриқ хуружлари шу қадар кучли бўладики, бемор унга чидаёлмайди ва инграй бошлайди, қоронғи ва шовқинсиз уйга кириб, ётиб олади.

Мигрен хуружи қандай тўхтатилади? Миг­рен хуружи даврида беморни даволашда, асосан, оғриқ қолдирувчи дорилар қўлланилади. Енгилроқ ҳолатларда хуруж бошланган заҳоти аспирин ёки парацетамол ичишга буюрилади. Шунингдек, индометацин, ксефокам, седалгин, пенталгин, баралгин каби кучлироқ дорилар ичишга тавсия этилади. Бемор аналгетикларни қанча эрта қабул қила бошласа, самараси шунча юқори бўлади. Хуруж бошланганидан 2 соат ўтгандан сўнг қабул қилинган дорилар таъсири ўта паст ёки бефойда бўлади.
Мигрен хуружи бошланган заҳоти кофетамин, кофергот, суматриптан, зомиг, анкофен каби дорилар ичишга буюрилади.

Беморни хуружлараро даврда қандай даволаш керак? Агарда хуружлар сони ойига 3-5 мартадан ошса, беморнинг ҳаёт тарзига жиддий таъсир кўрсатади. Бундай пайтларда бемор шифохонага ётқизилади ва режали даволаш муолажалари олиб борилади. Режали даволаш муолажаларини ўтказишдан мақсад – хуружлар сонини камайтириш ва кучини пасайтиришга эришиш, беморнинг умумий қувватини ошириш, хуружларнинг олдини олиш ва хуруж пайтида нималарга эътибор қаратишга ўргатишдир. Чунки бугунги кунда беморни мигрен касаллигидан бутунлай халос қилишнинг иложи йўқ.

Мигрен хуружларини камайтиришнинг иложи борми? Ҳа, бор. Бунинг учун дам олишни тўғри ташкил қилиш, тунги ишлардан воз кечиш ва ўз вақтида ухлаш қонун-қоидаларига амал қилиш, ортиқча ҳиссий зўриқиш­лардан сақланиш мигрен хуружлари сони ва кучини камайтиришга жуда катта ёрдам беради.
Айтиб ўтганимдек, мигрен хуружи, кўпинча, ташқи салбий таъсирлардан сўнг бошланади. Овқатланиш рационига амал қилиш ҳам ўта муҳим. Таркибида тирамин сақловчи озиқ-овқатларни (помидор, селдер, какао, шоколад, пишлоқ, сут, ёнғоқ, тухум) истеъмол қилишни чеклаш лозим. Шунингдек, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш қатъиян ман қилинади. Улар бош оғриқ хуружини кучайтириб юборади. Спиртли ичимликлар нафақат мигренда, балки бош оғриққа мо­йил кишиларда ҳам оғриқни қўзғаб юборади. Бош оғриққа мойил одамда ҳатто пиво ҳам бош оғриғини қўзғайди ёки кучайтиради.

Стресс ҳолатини юзага келтирувчи ҳар қандай вазият, яъни оила ва ишдаги келишмовчиликлар ҳам мигрен хуружини нафақат қўзғайди, балки касалликнинг оғир кечишига сабабчи бўлади. Шунинг учун рационал психотерапия, аутотренинг, жисмоний машқлар ва спортнинг енгил турлари билан шуғулланиш стресс ҳолатининг олдини олади ёки уни бартараф этади. Эрта саҳарда туриб пиёда юриш ва тушликдан сўнг кўчада сайр қилиш мигрен профилактикаси учун ўта муҳим. Шунингдек, игна билан даволаш, массаж, сувос­ти уқалашлари каби муолажалар ҳам миг­рен хуружлари олдини олиш учун жуда зарур. Меҳнат таътилларига ўз вақтида чиқиш, режали тарзда сиҳатгоҳларда дам олиб туриш ҳам ўта муҳим.

Беморга бериладиган тавсиялар. Бемор доимо умумий амалиёт шифокори назоратида туриши керак. Унинг вазифаси беморни соғлом турмуш тарзига ўргатиш ва беморни хуружлараро даврда даволашдан иборат. Ҳар бир бемор мигрен хуружини қўзғовчи ва камайтирувчи омиллардан воқиф бўлиши лозим.

Мигрен хуружини қўзғовчи омилларни эсда тутинг:
– стресс;
– уйқусизлик, оч қолиш ёки тўйиб овқат ейиш;
– ортиқча жисмоний зўриқишлар;
– иқлим бузилишлари;
– кучли шовқин ва ёруғлиқ;
– спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ва сигарет чекиш;
– шоколад, қаҳва, ёнғоқ, шўр ва аччиқ нарсаларни истеъмол қилиш;
– аёлларда ҳайз кўриш даври, контрацептивларни бетартиб истеъмол қилиш;
– иссиқ ва кислород кам жойларда узоқ қолиб кетиш;
– атир-упа ва шу каби кучли ҳидга эга кимёвий воситалар;
– овқатга қўшиладиган турли консервантлар (нитратлар, натрий глутамат, аспартам).

Мигрен хуружини камайтирувчи омиллар:
– ўз вақтида ва етарли миқдорда ухлаш;
– тинч ва сокин жойларда ишлаш ва дам олиш;
– қоронғи ва ҳидсиз жойларда бўлиш;
– яшаш жойини ўзгартириб туриш (баъзан фойда беради);
– оғриқ пайтида бошга совуқ ёки иссиқ нарса қўйиш;
– иш ва дам олишни тўғри ташкил этиш;
– оғриқ қолдирувчи дориларни зудлик билан қабул қилиш (дорини танлаб ўтирмасдан қўл остида бор бўлган ҳар қандай аналгетик қабул қилинади).

Эсда тутинг. Мигрен инсон ҳаётига хавф солмайди. Аммо ёшлик даврида бошланган бу касаллик узоқ йиллар давом этади. Даволашни тўғри ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ўта муҳим. Бундай беморда мигрен хуружлари енгил кечади, уларнинг сони ва кучи камаяди. «Мигрен 40 ёшдан кейин тўхтайди» деган гап ҳам ўринлидир. Чунки ёш ўтган сайин мигрен хуружлари сони камая боради ва бутунлай йўқолади.

Яна ўқинг:  Қорин чурраси қандай дард?

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: