Бешик бола учун зарарлими?

Ўзбек хонадонида интизорлик билан кутилган ва ҳаммага хурсандчилик улашувчи чақалоқнинг дунёга келиши, ўз навбатида, ота-онага жиддий масъулият ҳам юклайди. Бу янги меҳмонни жисмонан етук қилиб вояга етказишда ўзбек миллати кўп асрлардан бери бешикка таяниб келади.

Бешикнинг деярли ҳар бир хонадонда ўзига яраша ўрни бор. Гарчи бешик хусусида қарама-қарши фикрлар тарқалиб, тиббиёт ходимлари томонидан муҳокама мавзусига айланган бўлса-да, у ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Бешик тарихи жуда қадимга бориб тақалади. Бешик ҳақидаги илк маълумотларни Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғатит-турк» асарида учратасиз. Боланинг таги қуруқ бўлишини таъминловчи сумак ва тувак эса фақат Ўрта Осиё халқларига хос. Бешикдаги ўзига хосликни ўрта аср усталарининг ихтироси деб тахмин қилиш мумкин. Бу ҳақда аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

Узоқ тарихга эга бўлишига қарамай, бирор тадрижий такомилликни бошдан кечирмаган бешикнинг, аввало, афзалликларини санаб ўтадиган бўлсак, бола ухлаганда бешик устидаги ёпинчиқ чақалоқни турли хил ҳашаротлардан ҳимоя қилади. Бола бешикнинг рангли безакларига қараб овунади, рангларни ажратишни ўрганади. Таги ҳар доим қуруқ тургани учун тинч ухлайди. Қовузда ётган боланинг умуртқа суяклари текис бўлади. Тагликка кетадиган харажат ва таглик ювишга ҳожат қолмайди. Чақалоқ ётганда юзтубан ўгирилиб қолмайди. Бола қўли билан юз-кўзини тилиб, жароҳатламайди, бармоғини оғзига солиб сўра олмайди. Бешикнинг ички иқлими доимий ҳарорат мўътадиллигини сақлаб, чақалоқнинг исиб кетишига йўл қўймайди.

Айтиш жоизки, чаноқ-сон бўғими дисп­лазияси (нотўғри ўсиш) билан туғилган болаларни бешикка беламаслик керак. Чунки шифокорлар бундай болаларнинг оёқлари бириктирилмаган ҳолда очиқ туришини тавсия этишади. Болада бундай туғма касаллик бор-йўқлигини билиш учун ортопед кўригидан ўтказиш лозим. Туғма юрак пороги бўлган болаларда баъзан нафас олиши қийинлашиши ҳолатлари учрайди. Шунинг учун уларга ҳам бешик тавсия этилмайди. Кўпинча катта вазндаги чақалоқлар туғилиш жараёнида бош суяги деформацияланади. Натижада, бош суяги ичидаги қон босими баланд бўлади. Улар бешикка беланса, бешикни тебратмаслик ёки оҳиста тебратиш лозим.

Шифокорлар бешик хусусида аниқ бир тўхтамга келишмаган ва улар бешикни мунозарали мавзу деб ҳисоблайди. Айримлари эса бешикни муттасил теб­ратиш бола миясига шикаст етказиши, ҳали яхши қотиб улгурмаган бош суягининг чайқалиши, мияга қон қуйилишига олиб келиши мумкин, деб таъкидлашади.

Тадқиқотларга кўра, тахминан ҳар юз минг гўдакнинг 25 нафарида бош суяк деформацияси ёки жароҳатланиши кузатилган. Олимларнинг фикрича, бир хил ҳолатда 10-15 соат узлуксиз ётиш бола соғлиғи учун хавфли. Чақалоқнинг елка, қорин ва оёқ қисмидан қаттиқ боғлаш ҳам қон айланишини бузади, суякларнинг қийшиқ ўсишига сабаб бўлади. Шунингдек, бола бешикда ҳаракатлана олмаслиги натижасида мушаклари яхши ривожланмай қолиши ҳамда организмда модда алмашинуви бузилиши мумкинлиги таъкидланади. Баъзи тиббиётчиларнинг фикрича, бешикда ётиш суякларнинг қийшиқ ўсишига олиб келмайди. Зеро, суякларнинг қийшиқ ўсиши асосан рахит касаллиги билан боғлиқ.

«Бешикдаги қовуз боланинг шаклига мослашади ва умуртқанинг тўғри ўсишига ёрдам беради. Оёқлардаги «О» ва «Х»симон деформацияларнинг бешик билан алоқаси йўқ. Чунки бундай қийшиқ ўсиш ҳолатлари бола юра бош­лагандан кейин юзага келиши мумкин», дейилади.
Шунингдек, бешик тебратганда гўдак бош суягининг шикастланиши фақатгина бошнинг ёғоч қисмларига қаттиқ зарб билан урилганда содир бўлади. Одатий бешик тебратишларда бу ҳолатнинг юзага келиш эҳтимоли кам.
Шотландиялик педиатрларнинг тадқиқотларидаги кўрсаткич ҳам жуда паст экани бешикни ёқлайдиган шифокорларнинг эътиборини тортган. Шикаст­ланган чақалоқлар бешикни нотўғри теб­ратиш ёки бошқа сабаблар туфайли зарар кўрган бўлиши мумкин. Қолаверса, гўдакларнинг тўлиқ битмаган ва юмшоқ бош суякларининг компенсатор имкониятлари баланд бўлади. Уларда бош ­суяк деформацияси кам учрайди. Шу боис мия чайқалаши, бош суяк шикастланиши каби ҳолатларга бешикни сабабчи қилиб кўрсатиш етарли асосга эга эмас. Айниқса, соғлом туғилган бола учун бешикнинг зарар етказиш эҳтимоли жуда кам. Фақат чаноқ-сон бўғими дисплазияси билан дунёга келган болаларни бешикка ётқизмаслик тавсия қилинади.
Баъзи урологларнинг фикрига кўра, бола бешикда ёки маҳкам боғланган йўргакда тагини ҳўл қилганида бир миқдор сийдик қовуғида қолади. Натижада, сийдик йўлларида тош йиғилиши мумкин. Оёқлари букилган ҳолатда эса сийдик қовуқда қолмайди. Лекин бу қараш ҳам тўлиқ тасдиқланмаган. Зеро, гўдак­лар қовуғида тош йиғилиш ҳолати жуда кам учрайди.

Шифокорларнинг фикрларидан шундай хулоса қилиш мумкин, тўғри ишлатилганда бешикнинг салбий таъсири йўқ. Қуйида бешикни нотўғри қўллаш оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган салбий ҳолатларни келтириб ўтамиз:
– боланинг узлуксиз, узоқ вақт бешикда ётиши зарарли. Кун бўйи бешикда ётиш натижасида, қиш ва куз ойларида бола терисига ёруғликнинг тушиши камаяди. Бу терида Д витамини синтез бўлишига тўсқинлик қилади ва рахит касаллигини келтириб чиқаради. Касаллик натижасида бола организмида калций алмашинуви бузилиб, суяклар юмшоқлашади, бошнинг энса қисми текисланади. Суяклар қийшиқ ўсиши кузатилади;
– бешикдаги болани бир томонга қаратиб эмизиш туфайли кўпинча бирламчи бўйин қийшиқлиги келиб чиқади;
– бешикни қаттиқ ерга эмас, кўрпача устига қўйиб тебратиш керак;
– бешикда бола фақат ухлайдиган пайт ётгани маъқул. Уйғоқ маҳалда уни қўлга олиб орқаларини оҳиста уқалаш ва ўйнатиш керак;
– бешикни офтоб тушадиган жойга қўйиш ёки гўдакни маълум пайтларда офтобга олиб чиқиш лозим;
– болани бешикда ётган ҳолда эмизмаган маъқул. Агар шундай қилишга тўғри келса, галма-галдан икки томондан эмизиш керак;
– бешикни оҳиста тебратиш лозим. Тез ёки қаттиқ тебратиш бола учун хавфли;
– чақалоқни 1 ёшгача ёки ўзи мус­тақил юрадиган бўлгунча бешикка белаш тавсия этилади. Бу пайтга келиб болада пешобни назорат қилиш қобилияти шаклланган бўлади;
– сумак гигиеник талабларга риоя этилмаган ҳолатларда ишлатилганда ташқи жинсий аъзоларда контакт дерматитлар келтириб чиқариши мумкин. Шу боис сумакни ишлатишдан олдин юмшоқ бўлиши учун ёғга ботириб олиш, уни тозалаб, гигиенага эътибор бериш лозим;
– бешик юзини сунъий матодан тикилган қалин пардалар билан ёпиш қатъиян ман этилади.
– бешикни иситиш ускуналари ёнига қўймаслик керак. Қуруқ ҳавода ион таркиби бузилиб, болага ноқулайлик туғдиради;
– вақти-вақти билан бешик пардаларини очиб, ўрин-кўрпачаларни шамоллатиб туриш талаб этилади;
– қовуз кўрпачаси пахтадан ва юпқа бўлишига аҳамият бериш лозим. Чунки боланинг тўшаги ўта юмшоқ бўлмаслиги керак;
– бироқ бош қисмига юмшоқ ёстиқ қўйиш боши «пачоқ» бўлиб ўсишидан сақлайди;
– хатна қилинган гўдакни бешикка сумаксиз белаш керак;
– оёқ ва қўлбоғларни жуда қаттиқ боғламасликка ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Марям АҲМЕДОВА тайёрлади

Яна ўқинг:  СТРЕСС – БУ НИМА ВА У БИЛАН ҚАНДАЙ КУРАШИШ КЕРАК?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: