Тиббиёт ходимлари фаолияти касаба уюшмалари ҳимоясида

Ўтган йил соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари учун ҳақиқий синов йили бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Дунё тиббиёт ходимлари меҳнат фаолиятидаги энг мушкул дамларни бошдан кечирди. Пандемия одамлардаги сабр-матонат, бардош ва бирдамликни имтиҳондан ўтказди. Мана шундай шароитда соҳа ходимларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг машаққатли меҳнатини ҳисобга олиб, ишчи-ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳам қатор ишларни амалга оширди.

Хусусан, 2020 йилда тиббиёт муассасаларида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини ўрганиш, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар бўйича бажарилган ишлар статистикаси пандемия давридаги фаолиятимиз нечоғли жадал суръатда кечганининг исботи бўла олади.

Жумладан, ўтган йилда соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган ходимлар томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашига 580 та оғзаки ва ёзма мурожаат келиб тушган. Ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси, соғломлаштириш, моддий ёрдам ажратиш ва бошқа ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид масалалар юзасидан йўлланган мурожаатлар ортида меҳнат ҳуқуқлари бузилган, ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож ходимлар – касаба уюшмаси аъзолари турибди. Шу сабабли ҳар бир мурожаатни диққат билан ўрганиш, муаммоларга ечим топиш тармоқ касаба уюшмаси мутахассисларининг диққат марказида бўлди.

Тармоқ кенгашига юборилган мурожаатларнинг 65 таси қаноатлантирилди. 193 таси бўйича тушунтириш берилиб, 7 таси тегишлилигига кўра бошқа масъул ташкилотларга йўналтирилди. Ушбу мурожаатларнинг 179 тасида кўтарилган масалалар бўйича иш берувчиларга тақдимномалар киритилди. 24 та мурожаатда келтирилган муаммони ҳал этиш мақсадида судга даъво аризалари жўнатилди.

Қолаверса, тармоқ касаба уюшмаси мутахассислари иккита мурожаатдаги низоли ҳолатни бартараф этиш учун ходимлар манфаатини кўзлаб, судда вакил сифатида иштирок этди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 112 нафар соғлиқни сақлаш соҳаси ходимининг ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг барча даражадаги ташкилотларига ўтган йил давомида бўлган мурожаатлар сони 52 минг 653 тани ташкил қилди. Ушбу мурожаатларнинг 41 минг 646 таси қаноатлантирилган. Мингдан ортиқ ходимнинг манфаатини кўзлаб иш берувчиларга тақдимнома юборилган, 24 та мурожаат бўйича судга даъво аризаси ва илтимосномалар киритилган. Шунингдек, 112 нафар соғлиқни сақлаш ходимининг ҳуқуқлари тикланган. Бу ходимларга жами 163 миллион 139 минг 463 сўм миқдорида етказилган зарар ундириб берилди. Бундан ташқари, Республика Кенгаши мутахассислари томонидан ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ўз вақтида ва тўғри тўланишини мониторинг қилиш жараёнида аниқланган камчиликлар бўйича 360 нафар ходимга жами 388 миллион 906 минг 947 сўм ундириб берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, хавфли ва юқумли касалликлар, жумладан, коронавирусни даволашга масъул шифокор ҳамда ҳамширалар учун жамоа шартномаларида қатор қўшимча имтиёз ва кафолатлар кўзда тутилган. Қонунчилигимизда бундай ҳолатлар алоҳида эътиборга олинган. Хусусан, карантинга оид чораларга амал қилиш даврида иш берувчи ходимларни, айниқса, ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлашга ва қулай иш графигига ўтказиши лозим.

Масофавий ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, у бажарган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Бунда ходимга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек, тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланмаслиги керак.
Ходим масофавий ишга ёки мослашувчан иш графигига ўтказилганда, унинг таътиллар жадвалига мувофиқ, меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақлаб қолиниши керак.
Ходим пандемия вақтида коронавирус инфекцияси билан касалланганда, иш берувчи унга, касаба уюшмаси қўмитасининг тавсиясига кўра, Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг жамоа шартномасида белгиланган миқдорида моддий ёрдам кўрсатилиши керак.
Пандемия даврида иш жараёнида касалланган ходимларнинг даволанишига кетадиган харажатлар муассаса маблағлари ҳисобидан қоп­ланади. Бундай шароитда ходимнинг оила аъзоларидан бири касалланиб, даволанаётган бўлса, муассаса томонидан бир марталик моддий ёрдам берилиши лозим. Касалли к юқтирган ходимларнинг соғлиғига шикаст етгани ёки уларнинг оғир аҳволга тушиши ва соғлиғи тикланмагани муносабати билан иш берувчи, муассасанинг молиявий аҳволидан келиб чиқиб, молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.
Иш берувчи юқумли вирус касаллигига чалинган ходимларга моддий ёрдам кўрсатиши, уларнинг даволаниши ва дори-дармонлар харажати (шу жумладан, ходимнинг болалари касал бўлса) учун тўловни амалга ошириши шарт.
Коронавирус билан оғриб тузалган ходимлар муассаса ҳисобидан ҳар уч ойда бепул тиббий кўрикдан ўтказилади. Ходимларни иш фаолияти билан боғлиқ турли юқумли касалликларга чалиниши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида огоҳлантирувчи маълумотлар билан таъминлайди.

Муассаса ходимлари ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида иш берувчи ходимларни иш жойларида антисептик ва зарур санитария-гигиеник воситалар, ниқоблар билан таъминлаши шарт. Касаллик учун тест таҳлилларини топшириш, юқумли касаллик­ларга қарши вакцина билан эмлаш, шунингдек иш жойлари: ошхона, ювиниш хонаси, ҳожатхона, муассасага тегишли ётоқхоналар, ишчиларни ташувчи транспорт воситаларини дезинфекция қилиш ишларини муассаса ҳисобидан бажаради.
Пандемия даврида касалланиб вафот этган ходимларнинг оиласига молиявий имкониятдан келиб чиқиб, иш берувчи ёки касаба уюшмаси қўмитаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам ажратилади.

Ҳукумат ёки махсус комиссия томонидан карантин эълон қилинганда ходимга қисман ҳақ тўланган ҳолда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишув орқали белгиланган муддатга таътил тақдим этилади. Бунда ходимга Ўзбекистон Рес­публикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини жамоа шартномасида кўрсатилгандан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади.
Коронавирус пандемияси даврида ходимнинг асосий меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажини ҳисоблашда иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлган давр ҳам инобатга олинади.
Пандемия даврида коронавирус инфекцияси билан зарарланиб, карантинга жойлаштирилган 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-­онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланган. Иш берувчи томонидан тўлиқ риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боради.
Пандемия даврида меҳнат шароити зарур бўлган ва нав­батчиликда вахта услубида ишловчи ходимлар ишга бориб келиши учун иш берувчи томонидан транспорт воситаси билан таъминланади.
Биз охирги йилларда асосий эътиборимизни тиббиёт ходимлари касблари имижини оширишга хизмат қиладиган касбга оид кўрик-танловларни кўпроқ ташкил қилишга қаратиб келмоқдамиз. Хабарингиз борки, соғлиқни сақлаш тизимида сон жиҳатидан энг кўп ходимлар – бу ҳамширалар ва бошқа ўрта тиббиёт ходимларидир. Соҳанинг энг жонкуярлари ёки заҳматкашлари ҳам шулар десак ҳеч янглишмаймиз. Шундай экан, доим бу ходимларимизнинг касбий малакасига алоҳида эътибор қаратишимиз, ўз самарали меҳнати билан бошқаларга ўрнак бўлаётганларини моддий ва маънавий рағбатлантириб боришимиз, уларнинг муваффаққиятга эришиш омилларини оммалаштиришимиз, соҳада соғлом рақобат шакл­ланишига кўмаклашишимиз лозим деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, бу тизимда ишловчилар ўртасида ёшлар ҳам кўплигини эсдан чиқармаслигим лозим.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда асосий ижтимоий шеригимиз бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир неча йиллардан бери анъанавий тарзда «Ҳамшира» кўрик-танловини ўтказиб келамиз. Бу танлов асосан ёшларимиз ўртасида, яъни 28 ёшгача бўлган ҳамшираларимиз ўртасида муассаса босқичидан то рес­публика босқичи даражасида ташкил қилинади. Эътиборлиси, танловнинг республика босқичида 1-, 2-, 3-ўринни қўлга киритган ҳамшира қизларимиз ташкилий қўмитанинг республикамиздаги тиббиёт олий ўқув юртларидан бирига бюджет асосида ўқишга қабул қилиниш имкониятини қўлга киритишлари мумкин.

Ундан ташқари, соҳада бирмунча йиллар давомида меҳнат қилиб келаётган 30 ёшдан катта бўлган ўрта тиббий ходимлар ўртасида «Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими» танловини ҳам ўтказиб келмоқдамиз. Ўтган йили бу танлов 9 та номинацияда бўлган бўлса, бу йилда 13 та номинацияда ўтказишни режалаштирганмиз. Ўтган йилларда танловнинг республика босқичида номинациялар бўйича фақат биринчи ўринни қўлга киритган иштирокчилар «Ўзбекис­тон Респуб­ликаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўк­рак нишони билан тақдирланиб келинган бўлса, бу йилги танлов натижаси бўйича республика босқичида 1-, 2-, 3-ўринни қўлга киритган барча иштирокчиларимиз ташкилий қўмитанинг қимматбаҳо совғалари билан бирга вазирликнинг кўкрак нишони соҳибига айланишлари мумкин.
Касаба уюшмасининг асосий вазифаси иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Шу боис ҳар бир аъзонинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши биз учун муҳим аҳамият касб этади. Хабарингиз бор, мамлакатимизда тиббиёт коллежларида ўқитиш тизими бутунлай ислоҳ этилди. Жумладан, улардан 47 таси Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларига айлантирилди. Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида Тошкент шаҳридаги тиббиёт коллежларида бажарилган ишларни ўрганиш ва амалий ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши мутахассислари томонидан мамлакатимиздаги 77 та тиббиёт колежида ўрганиш олиб борилди.
Мазкур фармоннинг 3-бандида тизимда мос равишда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилиши қайд этилган. Шунга кўра, республикамиздаги барча коллежларда ислоҳотлар давом этмоқда. 2019-2020 ўқув йили якунида барча тиббиёт коллежлари мақомида ўзгаришлар кузатилган. Эътиборли жиҳати, тиббиёт коллежлари фаолиятида тугатиш бўлмаган, аксинча, уларга Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми мақоми берилиб, баъзилари коллеж мақомида қолдирилган. Ўрганиш давомида 19 та тиббиёт техникуми ва коллежларида 1 минг 40 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси коллеж фаолияти тугатилди деган важ асосида, иш берувчининг ташаббуси билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан бекор қилингани маълум бўлди.

Ушбу ходимлар билан меҳнат шартномаларини тугатишга оид ҳужжатлар таҳлил қилинганда, иш берувчи томонидан меҳнатга доир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари талаблари бузилгани аниқланди. Республика Кенгаши ходимлари томонидан Фарғона, Андижон ҳамда Наманган вилоятларидаги 11 та тиббиёт техникуми ва коллежларида ўрганиш олиб борилиб, аниқланган камчилик­ларни бартараф этиш мақсадида коллеж директорлари билан ишга тиклаш борасида музокаралар ўтказилди. Меҳнат қонунчилигида йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритилди.

Республикамизнинг бошқа вилоятларида ўрганилган натижаларга кўра, 7 та тиббиёт техникуми ва коллеж директорлари номига меҳнат қонунчилигида йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар юборилди. Бундан ташқари, иккита тиббиёт техникуми ва коллеж директорлари билан телефон орқали ўтказилган суҳбат жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада иш берувчи ходимларни ишга тиклади.
Киритилган тақдимномалар натижаларига кўра, 542 нафар ходимнинг ҳуқуқий манфаатлари тикланди.

Бундан ташқари, тиббиёт коллежларида қабул квоталари ва штатлар жадваллари тасдиқланишида кечикиш бўлгани сабабли бекор туриб қолган ходимларга иш ҳақи тўлаб берилмаётгани кузатилди. Ходимларнинг маошини бериши учун ўқув муассасалари иш берувчилари маҳаллий молия органлари томонидан молиялаштирмаётгани аниқланди. Бу масала юзасидан тегишли вазирлик мутасаддиларига тиббиёт коллежларида ўзига боғлиқ бўлмаган сабаб туфайли вақтинча ишни тўхтатиб туришга мажбур бўлган ходимларга қонунда белгиланган тартибда ўртача иш ҳақини молиялаштиришда амалий ёрдам сўраб хат юборилди.

Республика Кенгаши тиббиёт коллежлари бў­йича ўтган йил давомида амалга оширилган ўзгаришлар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига таянган ҳолда қайта ташкил этилган деган фикрда бўлган ҳамда ҳозир ҳам шундай расмий позицияда.

Хулоса қилиб айтганда, Республика Кенгаши ходимлар манфаатлари ҳимояси йўлида бор куч-ғайратини ишга солиб фаолият юритиб келмоқда.

Фарҳод ХАНАПИЯЕВ,

Яна ўқинг:  Депутатлар принципиал жиҳатдан муҳим ислоҳотларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси

 Республика Кенгаши раиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: