Фарзандлари соғ элнинг кўнгли тоғдир

Азал-азалдан ҳар қайси ота-она ўз боласининг соғлом ва баркамол, ақл-заковатли, бахтли бўлишини истайди. Шундай фарзандни вояга етказиш, унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш – ота-онанинг энг улуғ, энг муқаддас орзуси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Биз соғлом деганда, нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам соғлом болани ўзимизга тасаввур этамиз.

Ислом КАРИМОВ

Фарзанд – оила қувончи, ҳаётимизнинг мазмуни. Унинг саломатлиги кўнглимизнинг хотиржамлиги, ҳаловатидир. Азалдан халқимиз боланинг дунёга келиши, унинг парвариши ва таълим-тарбиясига юксак эътибор қаратган. Ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини шакллантириш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, эл ишига камарбаста, ватанпарвар, жисмонан чиниққан ва маънан етук авлодни камол топтириш миллий менталитет ва умрбоқий қадриятларимизнинг асосини ташкил этади.

Президентимиз томонидан 2014 йилга “Соғлом бола йили” деб ном берилишини таклиф этиши барча юртдошларимиз қалбига чексиз қувонч бахш этди. Боиси, болажон халқимиз барча орзу-умидларини, саъй-ҳаракатларни фарзандларининг камолоти, бахту саодатида кўради.

Истиқлолнинг дастлабки йилларидан юртимизда соғлом авлод тарбияси умумхалқ ҳаракатига айлантирилди. Мамлакатимизнинг илк ордени – “Соғлом авлод учун” номи билан аталгани ҳамда шу номда ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг ташкил этилиши улуғвор мақсадлар сари қўйилган эзгу қадам эди. Президентимиз 1993 йилдаги “Буюк мақсад йўлидан оғишмайлик” деб номланган маърузасида шундай таъкидлайди: “Биз наслимизнинг келажаги – соғлом авлод учун кураш бошладик. Шу ном билан орден таъсис этдик ва махсус халқаро жамғарма туздик. Бу бежиз эмас. Соғлом деганда биз фақатгина жисман бақувват фарзандларни эмас, балки маънавий бой авлодни ҳам кўзда тутганмиз. Чунки ҳар тарафлама соғлом авлодга эга бўлган халқни ҳеч қачон енгиб бўлмайди. Буни ҳаммамиз яхши англамоғимиз шарт”. Бундан йигирма йил муқаддам янграган эзгу даъватни бугун ҳар бир юртдошимиз қалбан ҳис этиб, янги мақсад ва зафарлар сари одимлаяпти.

Соғлом ота-онадан ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом авлод дунёга келади. Оила иқтисодий жиҳатдан таъминланган бўлса, фарзандининг келажагига замин яратади. Ёш авлоднинг соғлом вояга етиши, касб-ҳунар ўрганиши ва келажакда жамият ривожига ҳисса қўша оладиган шахс бўлиб камол топишига кўмаклашади. Бироқ, ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка ружу қўйган, шунингдек, руҳий хаста ёки айрим сабабларга кўра меҳнатга лаёқатсиз ота-оналарнинг фарзандлари носоғлом муҳит туфайли ҳаётда ўз ўрниларини топишга қийналади.

Яна ўқинг:  Руслан – олимпия ўйинлари рекордчиси

Шундай оилаларнинг фарзандлари ҳам давлатнинг кучли ижтимоий сиёсати туфайли эътибордан четда қолмайди. Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга масъул мутасадди ташкилотлар кам таъминланган оилалар фарзандларининг ҳам тўла тўкис яшашлари ва ўз иқтидорини намоён этишлари учун доимо ҳаракат қилади.

Истиқлол туфайли кишилар онгида янги дунёқараш шаклланди. Аввало, ҳар бир фуқаро ўзи ва оила аъзоларининг саломатлигига масъулиятни чуқур ҳис этмоқда. Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ҳам аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишда ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Ўтган йигирма йил давомида жамғарма ижтимоий-сиёсий, тиббий ва маънавий йўналишда кенг қамровли ишларни амалга ошириб келмоқда. Давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсатини аҳоли ўртасида тарғиб этаётир.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, мурувват, таълим, спорт, тиббиётга доир давлат дастурларини ва хорижлик ҳамкорлар билан халқаро йўналишлардаги лойиҳаларни амалга ошириш йўлида ҳам изчил фаолият олиб бормоқда. Жамғарма ташкил этилганидан буён унинг вилоятлардаги филиаллари ҳамда шаҳар туман таянч масканлари, пойтахтдаги Тиббий-ижтимоий маркази, ҳудудлардаги “Амбуланс” тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари жамоаларининг аҳоли саломатлигини асраш йўлидаги фидокорона хизматларини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, туғиш ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва доимий назоратга олиш, ҳомиладор аёлларни бепул витаминлар билан таъминлаш, юртимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида жойларда қишлоқ врачлик пунктларини барпо этиш ва замонавий тиббий ускуналар ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш юксак даражада амалга оширилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Она ва бола скрининги” марказларининг фаолияти йўлга қўйилди. Перинатал марказлари ташкил этилди. Туғруқ комплексларида қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, замонавий тиббий жиҳозлар ўрнатилди.

Таълим тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларда ҳам болажон халқимиз ва юртимизнинг истиқболи намоёндир. “Таълим тўғрисида”ги қонун ва “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” асосида уч босқичли таълим тизимининг йўлга қўйилиши олижаноб мақсадларимизнинг амалга ошишига замин яратмоқда. Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, замон талабларига мос равишда қад ростлаган муҳташам таълим муассасаларини кўриб чексиз ифтихор туясиз. Жадал тараққий этаётган мамлакатлар ёшлари қаторида бугун ўзбек ёшлари ҳам ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиб, билим ва дунёқарашини бойитаётир. Халқаро фан олипиадаларида ўзбек ёшларининг муваффақиятли иштирок этаётгани сўзимизнинг ёрқин исботидир.

Яна ўқинг:  ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИНГ ТЕНГСИЗ ТАРАҚҚИЁТИ

Спорт ва санъат халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликни таъминлабгина қолмай, мамлакатни дунёга тез танитади. Энг аввало, спорт – инсон саломатлиги ва иродасини мустаҳкамлайди. Шу боис ўтган йиллар мобайнида юртимизда болалар спортини ривожлантириш, уларни оммавий спортга жалб қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Биргина дунёнинг бошқа мамлакатларида мавжуд бўлмаган, уч босқичли – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” мусобақаларининг ташкил этилиши ва мунтазам ўтказиб келинаётгани, энг чекка ҳудудларда ҳам муҳташам спорт мажмуаларининг бунёд этилгани ва ушбу масканларда спорт машғулотларини ўтаган ёшларнинг дунё ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтараётгани соғлом авлодни тарбиялашдек улуғвор мақсадимизни ўзида ифода этади.

Бир пайтлар қишлоқ жойларида қизларнинг бадиий гимнастика билан шуғулланишини тасаввур қилиб бўлмас эди. Спортнинг бу нафис тури бўйича республикада федерация ташкил этилиши натижасида бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланадиган қизлар сони кескин ошди. 2003 йилда 1 минг 700 нафар қиз нафис спорт тури билан шуғулланган бўлса, қарийб ўн йилга яқин муддат ичида уларнинг сони 36 минг нафарга етди.

Қувонч билан айтиш жоизки, бугун юртимизда 1 миллион 800 минг нафардан зиёд бола 30 дан зиёд спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш эл фарзандларининг жисмоний ривожланиши ва саломатлигининг мустаҳкамланишига замин яратмоқда.

Маълумотларга таянадиган бўлсак, ўтган даврда болалар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар, пневмония (зотилжам), бронхит, сколиоз умуртқа поғонаси қийшайиши каби хасталикларга чалиниш ҳолатлари камайганини кузатиш мумкин.

Ўзбекистоннинг “Save the Children” (“Болаларни асрайлик”) халқаро ташкилоти томонидан болаларга ғамхўрлик кўрсатаётган дунёдаги ўнта мамлакат сафига киритилгани ҳам бежиз эмас, албатта. Ҳозир 92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсатгичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларига мос келади.

Санъат соҳасида ҳам кўзмунчоқ болаларимиз юксак муваффақиятларни қўлга киритмоқда. Жаҳон мусиқасининг йирик намояндалари яратган асарларни, улар яшаб ижод этган мамлакатларнинг катта саҳналарида ижро этиб, жонажон диёримиз номини дунёга тараннум этмоқда.

Оила – саодат ошиёни, муқаддас даргоҳ. Ҳаёт мазмунини фарзандлари иқболи билан ўлчайдиган халқимиз болаларининг таълим-тарбиясини шу мўъжаз ватандан бошлайди. Президентимиз айтиб ўтганидек, соғлом бола – аввало, соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир.

Яна ўқинг:  МУСИҚА ВА САНЪАТ МАКТАБЛАРИ

Бош Қомусимизнинг алоҳида бобида оиланинг ижтимоий мақоми белгилаб берилган. “Оила”, “Фуқаролик”, “Уй-жой” кодекслари ва бошқа қонун ҳужжатларида оилавий муносабатлар ўз ифодасини топган.

Никоҳланувчи ёшларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишнинг жорий қилиниши янги қурилаётган оилаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлибгина қолмай, фарзандларнинг соғлом дунёга келиши ва улғайишига асос бўлиб хизмат қилади. Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар, уларни уй-жой, иш ўринлари билан таъминлаш, турмуш даражасини ошириш учун банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратиши каби улкан имкониятлар замирида саодат ошиёнларида камол топаётган болаларга ғамхўрлик, уларнинг жисмонан соғлом ва маънан етук бўлиб камолга етишига кўмаклашишдек эзгу мақсад мужассамдир.

Она – фарзанднинг илк тарбиячиси. Унинг саломатлиги, билими ва дунёқараши бола туғилиши ва баркамол улғайишида муҳим асос эканини барча яхши англайди.

Президентимиз ўз маърузасида, аёлни қадрлаш, оғир ишлардан халос этиш, турли касалликлардан ҳимоя қилиш – эр кишининг, жамиятимизнинг бурчидир, дея таъкидлагани, юртимиз аёлларининг қадр-қимматини яна бир поғона юксалтирди.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, саломатлигини сақлаш, турмуш даражасини юксалтириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ўсмир қизлар, никоҳланувчилар ва аёллар бепул тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Улар орасида фарзанд тарбиясини юксалтиришга ҳамда оила ва жамиятга муносабатини ва тиббий маданиятини оширишга доир маънавий-маърифий ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, бу борада олдимизда турган вазифалар ҳам талайгина. Қизларнинг эрта турмуш қуриши, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш борасида аҳоли орасида тушунтириш тарғибот ишларини кучайтириш муҳим вазифаларимиздан биридир.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз раҳнамолигида “Соғлом бола йили”да амалга ошириладиган хайрли ишларни ҳаётга татбиқ этиш Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси жамоаси зиммасига ҳам юксак масъулият юклайди. Зеро, соғлом авлодни тарбиялаш, уларни юрт корига ярайдиган инсонлар этиб вояга етказиш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.

Светлана ИНАМОВА,

Ҳукуматга қарашли бўлмаган

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Бошқаруви раиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: