Баҳорги аллергия болаларда хавф туғдирмайдими?

Қишнинг совуқ кунлари ортда қолиб, биз орзиқиб кутган гўзал баҳор оламга ўз сепини ёйди. Ушбу гўзал кунлар афсуски, айримлар учун беҳузурлик, безовталик ҳам олиб келиши мумкин. Аллергияга мойиллиги бор кишилар баҳорни, айниқса, апрел ойини унчалик ҳам хушламаслиги табиий. Аллергиядан буткул халос бўлиш осон кечмаса-да, аммо бу мавсумни нисбатан енгил ўтказиш ҳам катта муваффақият, аслида. Бу борада биз суҳбатга тортган мутахассис аллерголог-иммунолог шифокор Шерзод Мухторов сиз учун керакли тавсияларни бериб ўтди.

– Маълумотларга қараганда, дунё аҳолисининг тахминан бешдан бир қисми баҳорда аллергик реакцияларга дуч келмоқда. Хўш, аллергияни келтириб чиқарувчи омиллар қандай?


– Болалардаги мавсумий аллергия аллерген билан илк алоқадан кейин ривожланади. Бу жуда эрта ёшда кузатилиши мумкин. Одатда, бу болалар ирсий мойилликка эга, камдан кам ҳолларда аломатлар ўзини намоён қилиши мумкин. Кичик ёшдаги болаларда мавсумий аллергия катталарга қараганда оғирроқ кечади. Қишки совуқдан кейин заифлашган организм қуёш нури ва витамин етишмаслиги иммун тизимига салбий таъсир кўрсатиб турган бир пайтда мавсумий аллергенлар консентрациясининг чўққига кўтарилиши айни муаммога олиб келади. Аллергия тошмаси нафас олиш муаммоларини ҳам келтириб чиқариб, вазиятни яна оғирлаштириши мумкин. Ташқи томондан у кўпинча кичик тешикчали, бирлашишга мойил ва катта пуфакчали шаклда бўлиб, доимий қичишиб, бола ўз назоратини йўқотиши, терини тирнаб жароҳатлаши ва ҳатто инфекция ривожланишига замин яратиши ҳам мумкин.

– Мактабгача ёшдаги болажонда мавсумий аллергия кечишига қарши қандай усуллар ёрдамида курашиш мумкин?


– Болаларда мавсумий аллергия кечишига қарши кураш анъанавий ва халқ табобати усулида олиб борилади. Аммо уринишларни аввало парҳездан бошлаш керак. Касаллик ҳуружини зўрайтириши мумкин бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини рациондан чиқариб ташлаган маъқул. Бу ҳолатда озиқ-овқат аллергиясини қўзғатмаслик ғоят муҳимдир. Аввало, шоколад, товуқ тухуми, қўзиқорин, қўй гўшти, ситрус мевалар, асал, балиқ, мош, ловия, ёнғоқ, сигир сути, қизил сабзавот ва мевалардан вақтинча воз кечган маъқул. Халқ табобати билан аллергия терапияси кўплаб рецептларга эга. Бунда энг асосий қоида даволовчи шифокор томонидан тавсия этилган дори-дармонларни эътиборсиз қолдирмаслик, балки уларни тўлдиришдир. Шартли равишда енгиллаштириш учун мўмиё эритмаси, селдерей шарбати, мойчечак, қорақиз ўти, дафна баргларидан тайёрланган дамламаларни қўшимча равишда қабул қилиш мумкин. Терапиянинг давомийлиги икки ойдан ошмаслиги керак. Сўнгра танаффус қилиш ва бошқа воситага ўтиш мумкин.

Фарзандингизни мавсумий аллергиядан имкон қадар сақлашда эҳтиёткорроқ бўлиш зарар қилмайди, албатта. Оддий қоидаларга риоя қилган ҳолда болажоннинг ҳаётини яхшилаш, уни хавфли асоратлардан ҳимоя қилиш мумкин.

Хусусан, хоналарда иложи борича нам тозалашни амалга ошириш, уйдаги оптимал ҳарорат ва намлик даражасини сақлаш, ҳар сафар кўчага чиққанда ва қайтиб келганда пойабзални нам мато билан артиш, кийимларни ювиш, чангланиш пайтида очиқ ҳавода камроқ бўлиш, чиққанда ҳам тиббий ниқоб тақиш, хонани фақат кечқурун шамоллатиш, ҳаво филтрларидан фойдаланиш, уй ҳайвонларини ювиб-тараш керак бўлади. Бундан ташқари, синтетик толали кийим киймаслик, ёмғирдан кейинги сайр, иссиқ ва кучли шамолда деразаларни ёпиш, автомобилда ҳаракатланган пайтда деразаларни очмасдан кондиционердан фойдаланиш, ҳар сафар бола кўчадан қайтгандан кейин уни ювинтириш, айниқса, бурнини тез-тез ювиб туриш, бир неча ўсимлик гулларига яқинлашишидан чеклаш ва айниқса, нафас олиш йўллари касалликларининг ривожланишига йўл қўймаслик, уларни ўз вақтида даволаш, касалликларнинг сурункали ҳолатга ўтишига йўл қўймаслик ғоятда муҳимдир.

– Болажонларда баҳорги аллергия хавфли оқибатларни келтириб чиқариши мумкинми?


– Албатта, бола организми катталарга нисбатан аллергияга мойиллиги юқори экан, унинг хавфли оқибатларига ҳам айнан эрта ёшда кўпроқ дуч келинади. Болаларда баҳорги аллергиянинг асосий хавфи шундаки, улардаги пичан иситмаси осонликча бронхиал астмага айланиб кетиши мумкин. Аллергиянинг энг кенг тарқалган кўринишларидан бири бўлган пичан иситмаси ­дунё аҳолисининг 16 фоизи учун ноқулайлик туғдиради. Статис­тикага қараганда ўғил болалар қизларга қараганда пичан безгагидан кўпроқ азият чекади.

Касалликнинг дастлабки аломатлари 3 ёшдан 9 ёшгача кузатилади. Пичан безгагининг мавсумийлиги ўсимликларнинг гуллаш даврига боғлиқ. Одатда бегона ўтлар, дон ва баъзи турдаги дарахтлар турли вақтларда гуллайди ва шу сабаб пичан иситмаси манбасини аниқлаш унчалик қийин бўлмайди.

Асосийси, болада йилдан-йилга ривожланаётган аллергия борлигини ўз вақтида аниқлашдир. Ота-оналар билишлари зарурки, агар улардан бирида аллергия намоён бўлса, болада пичан безгаги пайдо бўлиш ҳавфи сезиларли равишда ошади. Янги узилган ўт туфайли пайдо бўлган аксириш пичан иситмаси — аллергик ринит бошланишини кўрсатиши мумкин. Аммо кучли ҳидга эга гуллар аллергияни келтириб чиқара олмайди. Чунки улар асаларилар томонидан чанг­ланади. Шунинг учун ёш онага тақдим этилган атиргул гулдастаси учун ташвиш­ланиш ўринсиз — бу фарзанди учун хавфсиз. Гуллардан ажраладиган полен(аллергия келтириб чиқарувчи ўсимликнинг жуда кичик эркак уруғи)нинг ҳавода максимал консентрациясига етиб, аллергияни энг юқори даражада келтириб чиқарадиган пайт эрталаб бўлиб, айни шу пайтда дарахтлар 25 фоиз ҳолатда, бегона ўтлар 42,5 фоиз ҳолатда, маданий ва ёввойи ҳолда етиштириладиган дон маҳсулотлари эса 92,5 фоиз ҳолатда болаларда аллергияни ривожлантириши мумкин. Асосан, баҳор ва ёзнинг дастлабки ойлари баҳорги аллергия авж оладиган давр ҳисобланади. Бу қуйидаги белгилар орқали намоён бўлади:

• юқори нафас йўллари ва кўз қовоқларининг шиши;
• кўзлар ёшланиб, бурун оқиши;
• бурун ва кўз қовоқларининг қичишиши;
• тез-тез аксириш;
• нафас қисилиши;
• бронхоспазм;
• тери тошмалари.

Шунингдек, бундай пайтда болада бўғилиш ҳуружлари, қуруқйўтал ва хириллаш каби бронхиал астма белгилари ҳам намоён бўлиши эҳтимоли бор. Умумий заифлик, бош оғриғи, уйқусизлик, терлаш каби асаб тизими бузилишлари ҳам кузатилади. Аммо тана ҳарорати меъёрда бўлади. Мавсумий аллергия аломатлари икки ойдан ортиқ давом этмайди. Аммо агар боланинг аллерген билан алоқасини камайтирсангиз ва қўшимча профилактика чораларини кўрсангиз, бузилишлар тезроқ йўқолади.

– Боланинг аксириб, дармонсизланиши, боши оғриб, айланиши баъзан ота-оналарни эсанкиратиб, касалликни ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан адаштириш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шу ўринда ЎРВИ билан мавсумий аллергияни қандай қилиб аниқ фарқласа бўлади?


– Аллергия дучор бўлган болаларда иситма кўтарилмайди. Бурундан доимий равишда келаётган «оқим» суюқ ва рангсиз бўлади. Шамоллашда эса бурун шиллиғи қуюқроқ, яшил ёки сариқ ранга эга бўлиб, бир ҳафтадан сўнг тўхтайди. Аллергик аксириш ҳам шамоллашга қараганда тез-тез содир бўлади. Шу билан бирга, кўзда оғриқдан ҳоли бўлган шишиш, қизариш ёки ёшланиш кузатилади, аллерген билан алоқа қилганда аломатлар яна такрорланади.

– Болаларда аллергияни бартараф этишда юқори самара усули деб қандай йўлни тавсия эта оласиз?


– 3 ёшгача бўлган болаларга қараганда боғча ёшидаги болаларда аллергик таъсирчанлик нисбатан енгилроқ кечади. Болалар беш ёшга етгач улар билан аллергенга хос иммунотерапия (АСИТ) ўтказиш мумкин. Бу аллергиядан фориғ бўлишда жуда яхши самара беради. Бундай ҳолатда шифокор назорати остида болага маълум, ўта кичик миқдорда аллерген дозалари тери ости ёки тил ости орқали берилади. Иммунотерапия курси ҳар йили ўтказилиб, даволаш уч йилдан беш йилгача чўзилади. Иммунотерапия даврида бола парҳезга риоя қилиши керак ва бу пайт­да ҳар қандай профилактик эмлаш тадбирларини ўтказиш қатъян ман этилади.
AСИТ иммун тизимининг ҳужайраларига шундай таъсир кўрсатадики, улар организмга кирганда аллергенларни тўсиб қўядиган ўзига хос иммуноглобулинларни синтез қила бош­лайди. Бу эса, ўз навбатида, аллергик реакцияларнинг фаоллигини пасайтиради. Шундай қилиб, AСИТ ёрдамида улар нафақат симптом бўйича, балки касаллик сабаблари бўйича ҳаракат қилишади.

– АСИТ даволанишини йилнинг қайси пайтида бошлашган маъқул?
– Aллергия касаллигининг клиник ремиссияси даврида даволанишни бошлаган маъқул. Жумладан:
• дарахтлар ва ўтларнинг чанглари учун – октябрь-ноябрь;
• ёввойи ўтларнинг гул чанги даврида – ёввойи ўтларнинг гуллаш даври кеч тугаганлиги сабабли бир ой давомида – ноябрь-декабрь;
• Қўзиқорин аллергенларига аллергия бўлса, моғорларнинг фаол споруляцияси (қор эриши) даврлари ҳисобга олинади – бу эрта баҳор, ёз ва кеч кузда.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мавсумий aллергияни буткул даволаш мумкин. Ушбу усул ҳақида шифокорга мурожаат қилинг. Зора йиллар давомида фарзандингизни қийнаб келган муаммо барҳам топса.

Наргиза ҲУСАНОВА

Яна ўқинг:  Nega aqliy qobiliyat IQ bilan o'lchanadi?

суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: