ЭНУРЕЗ: КИЧКИНА БОЛАНИНГ КАТТА МУАММОСИ

Тунги маҳал пешоб тутолмаслик тиббиётда энурез хасталиги дейилади. Касаллик катталар ва болаларда ҳам бирдек кузатилиши мумкин. Маълумотларга кўра, мазкур дарднинг болаларда қайд этилиш фоизи юқорироқ экан. Авваллари гапириш ҳам уятли саналган ушбу хасталик бугун замонавий усуллар ёрдамида даволаняпти. Фақат муолажа қанча эрта бошланса, у шу қадар самарали бўлишини унутмаслик лозим.

Ота-оналар муҳим қоидани ёдда тутишлари керак
Болаларда пешоб қилиш акти марказий асаб тизими орқали бошқарилади. Унинг тўлиқ шаклланиши 3-4 ёшларига тўғри келади. Агар бу ёшдан кейин ҳам тунги сийғоқлик кузатилса, баъзи касалликлар аломати ёки марказий асаб тизимида пешоб қилиш актининг тўлиқ шаклланмаганидан дарак бериши мумкин:

Бола 1 ёшгача уйқусидан уйғонмай ўрнини ҳўллайди;
– 2 ёшдан ошгач, ўрнини ҳўллаб қўйганини сезиб, уйғона бошлайди;
– 3 ёшдан кейин тунги сийғоқлик мунтазам давом этадиган бўлса, энурез ташхиси қўйилади.

4-8 ёшдаги ўғил-қизларда ҳам энурез пайдо бўлиши мумкин. Ҳатто илгари кузатилмаган бўлса-да, бирор касаллик асоратидан юзага келиши эҳтимоли бор.
Фарзандининг пешоб тутолмаслиги шикояти билан келган ота-оналар муҳим қоидани ёдда тутишлари керак. Касаллик тўғри даволаниши учун келиб чиқиш сабаби аниқланиши шарт! Бунда бола ўрнини ҳўллаб қўйиши қачондан бошланди, қанча вақт давом этяпти, туннинг қайси вақтида, қолаверса, фарзандингиз уйқуси сергакми ёки ҳаддан ташқари қаттиқми, шу каби саволларнинг жавобини билишингиз лозим. Шундан кейингина боланинг УТТ таҳлили ўрганилиб, жавоблар билан таққосланади.

Уйқучи денг…


УТТ таҳлилида ҳеч қандай ноқислик топилмаса ва боланинг уйқуси қаттиқ бўлса, демак, қовуғи тўлган маҳал унда пайдо бўладиган импульс марказий нерв тизимидаги пешоб қилиш марказини уйғота олмаяпти. Бу эса қовуғи тўлганидан сўнг бўшалиш жараёнининг назоратсиз содир бўлишига олиб келади. Бундай ҳолатларда махсус дори препаратлари ёрдамида марказий нерв тизимига борадиган импульслар кучи орттирилиб, орқа мия ўтказувчанлиги оширилади. Даволанишдан сўнг марказий нерв тизимидаги марказ эрта қўзғалади ва бола сийдик қовуғдан ажралмасидан уйғонади.

Пешоб найининг қовуқ билан туташган жойи сигментида махсус мушаклар бўлиб, уларнинг вазифаси қовуқ тўлганида пешоб суюқлигининг ташқарига чиқиб кетмаслигини таъминлашдир. Гоҳида энурезнинг сабаби ана шу мушаклардаги норасолик ҳам бўлиши мумкин. Бунда бўшашиб кетган мушак­лар кенгайиб, тонусини йўқотади.

Яна ўқинг:  Ўт-тош касаллигини жарроҳлик амалиётисиз даволаса бўладими?

Бунинг сабаби нимада?
Бола туғилганидан кейин унинг ички ­аъзолари, нерв тизими тўлиқ шаклланиб улгурмаган ҳолатларда энурез 6-7 ёшгача ўтиб кетиши мумкин дейилади. Шундай бўлса-да, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш, муаммо сабаби ҳақиқатан шундами ёки бош­қа касалликлар билан боғлиқлиги борми, аниқлаштириш керак. Акс ҳолда касаллик тобора авж олиб, жиддий асоратларга олиб келиши ҳеч гап эмас.
Энурезнинг давоси ҳар бир бола учун индивидуал бўлади. Муолажанинг кечиши ҳам турли муддатларга чўзилиши мумкин.

Сиз учун муҳим!

Фарзандининг тунги сийғоқликдан қийналаётганини кўрган ота-она уни койигандан кўра кўмаклашиши лозим. Бунда қуйидаги кўрсатмалар қўл келади:

• пешоб ажралишини назорат қилиш учун сезги рефлексини пайдо қилиш ва уни мунтазам сақлаб қолиш керак. Бола соат нечада ухлашга ётганидан қатъи назар, ҳамиша бир вақтда уйғотиб, ёзилишига ўргатиш лозим. Бола уйқусирамай, ҳушига келгачгина ҳожатга бориши мумкин. Ана шунда сергаклик пайдо бўлади;
• шифокор буюрган препаратларни айтилган муддатида ва белгиланган соатда ичкизиш шарт;
• кун тартибини тўғри тақсимлаш даркор. Вақтида ўйнаши, телевизор томоша қилиши ва дам олиши зарур;
• уйқу олди суюқлик ичириш тавсия этилмайди. Айниқса, газли ичимликлар умуман ман қилинади.

Болакай иккинчи ҳафтада ҳам ўрнини ҳўллаб қўяётган бўлса, ўзибилармонлик билан турли муолажалар қилиш тақиқланади. Айниқса, эритилган думба ёғини суртиб, белни ўраб қўйиш мумкин эмас. Ёғ суртиш муолажаси фақат 2 соатгагина бажарилиб, ундан сўнг ўша соҳа спирт эритмаси билан артилиши керак. Йўқса, тери катаклари беркилиб, нафас ололмайди. Қолаверса, муаммо сабаби маълум бўлмаганида, бола организмида ўсолмай турган шишлар бўлса, иссиқлик таъсирида фаоллашиши мумкин.

Жуманазар БЕКНАЗАРОВ,

тиббиёт фанлари доктори,

профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: