АЖИН — ҚАРИЛИК БЕЛГИСИ… ЭМАС

Ажинлар ҳақида гап кетганда, ҳеч бир аёлни бу мавзу бефарқ қолдирмаса керак. Чунки нозик хилқат вакиллари ташқи кўринишга доимо алоҳида эътибор билан қарашади. Мабодо юзда ажинлар пайдо бўла бошласа, кўпчилик буни қаришдан дарак, деб билади. Аслида мазкур жараённи тўлиқ ёшнинг улғайиши билан боғлаш хатодир. Гап шундаки, теридаги ўзгаришларнинг ўзига яраша сабаблари, демакки, олдини олиш чоралари ҳам бор.

Ажин кўп ҳолларда об-ҳавонинг ножўя таъсири, қуёш нури, нотўғри овқатланиш, стресс каби омиллардан келиб чиқади. Кўча-кўйда, яқинлар даврасидаги суҳбатларда «юзинг­ни кўп буриштирма, ажин тушади», деган гапни эшитиб қоламиз. Буни қарангки, ҳақиқатан ҳам, юз орқали ифода қилинадиган ҳар хил имо-ишоралар терида ўз изини қолдираркан. Ажин, асосан, кичкина ва тўрсимон кўринишга эга бўлади. Юзаки (эпидермал) ажинлар терининг юза қисмини қамраб олади.

Аёлларимизда энг кўп учрайдиган ажин — мимик ажинлардир. Чунки юз мимикаси ёрдамида ўз ҳиссиётларини намоён этиш инсонга хосдир. Юзимиздаги мушакларнинг доимий ҳаракатланиши натижасида эса мимик ажинлар келиб чиқади. Мисол учун, кимдир пешонасини кўп тириштиради, кимдир бурнини жийиради, яна кимдир эса кўп кулади. Бундай ҳолатларда юз мушакларининг ҳаракатланиши туфайли ажинлар пайдо бўла бошлайди Мимик ажинлар одатда пешона, кўз атрофи, лаб ва бурунда кузатилади.

Шунингдек, яна бир турдаги ажинлар борки, улар асосан, ёш ўтганда, яъни 40 ёшдан сўнг кўзга кўрина бош­лайди. Ёш ўтиб, қон айланиш тизимининг сустлашиши туфайли теридаги коллаген ва эластин толалари, гиалурон кислотаси синтези кескин пасаяди. Бундай ўзгаришлар ўз ўрнида тери эластиклиги ва таранглиги камайишига олиб келади. Терининг оғирлик кучи натижасида тортилиши сабаб тўқималар пастга туша бошлайди ва статик (гравитацион) ажинлар ҳосил бўлади.

Олдини олиш мумкин


Ажин тушишининг олдини олиш учун соғлом ҳаёт тарзига амал қилиш, тўғри овқатланиш, меҳнат ва дам олишни тартибли ташкил қилиш керак. Бунда спорт билан мунтазам шуғулланиш, баданни офтобда меъёри билан тоблаш, юзни кучли шамол, иссиқ ва совуқдан ҳимоялаш лозим. Юз, бўйин, қўл терисини мунтазам парвариш қилиш шарт. Юзни вақти-вақти билан массаж қилдириш ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Шу билан бирга, ажинларни бартараф этишда, асосан, тери турига мос парвариш воситаларидан тўғри фойдаланиш талаб этилади. Биринчи нав­батда, терини намлантириш ҳамда озиқлантириш керак. Бунинг учун шундай хусусиятга эга кремлардан тери турига ва ёшига мос равишда фойдаланиш лозим. Қолаверса, қуёшнинг ултрабинафша ҳамда инфрақизил нурларидан ҳам ҳимояланиш зарур. Ажинларни камайтиришга юз мушаклари гимнастикаси ҳам катта ёрдам беради. Бундай машқлар юз мушакларини тетиклаштириб, мус­таҳкамлайди ва терида қон айланишини яхшилайди.

Яна ўқинг:  Бош оғриғининг огоҳлантирувчи белгилари

Тиббий усуллар


Тери намлигининг пасайиши ажин пайдо бўлишининг асосий сабабларидан бири эканлигини юқорида айтиб ўтган эдик. Тиббиётда терини намлантириб, керакли оқсил, витамин ва мик­роэлементлар билан тўйинтирувчи усуллар мавжуд. Масалан, биоревитализация усули ажин тушишининг олдини олиш билан бирга, борларини ҳам бартараф этишга ёрдам беради. Шунингдек, унинг қаторига мезотерапия усулини ҳам қўшишимиз мумкин. Мезотерапия ёрдамида керакли моддаларни терига киритиб, мик­роэлементлар ва витаминлар билан озиқлантириш мумкин.

Бундан ташқари, косметик уқалаш усули ҳам яхши самара беради. Бу усул ёрдамида терида ва юз мушакларида қон айланиш жараёни яхшиланиб, тўқималарга озиқ моддалари етказилади. Уқалаш туфайли юз мушакларини керакли жойларида таранглигини ошириш ёки пасайтиришга ҳам эришиш мумкин.
Азиз аёллар, мазкур муолажалар, албатта, малакали мутахассис томонидан бажарилиши лозим. Акс ҳолда, ножўя таъсир кўрсатиши мумкин.

Адолат ХУДАЙБЕРГАНОВА,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: