БЕБАҲО МИКРОЭЛЕМЕНТ

Сиҳат-саломатликда умр кечириш – барчамизнинг истагимиз. Ва биламизки, бебаҳо бойликни асраш, мус­таҳкамлаш кўплаб омилларга боғлиқ. Хусусан, организмда микро ва макроэлементлар, оқсил ҳамда бошқа шифобахш моддалар етишмовчилигининг олдини олиш катта аҳамиятга эга.

Магний ҳам ана шундай зарур элементлардан бири ҳисобланади. У организмдаги кўплаб физиологик жараёнларда фаол иштирок этади: суяк, мушак, асаб тизими меъёрида ишлаши учун муҳимдир. Бундан ташқари, магний энергия, оқсил, углевод ва ёғ алмашинувини таъминловчи ферментлар фаолиятини мувофиқлаштириши билан аҳамиятли. Шу маънода мазкур микроэлемент танқислигининг олдини олиш орқали асаб тизимини барқарор сақлаш, турли стресслардан безарар ўтиш мумкин, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Организмнинг магнийга бўлган бир кунлик эҳтиёжи 300-350 мг.ни ташкил қилади. Ҳомиладорлик ва бошқа ҳолатларда бу кўрсаткич янада ортади. Ушбу модда организмда мустақил ишлаб чиқарилмагани туфайли уни фақат озиқ-овқатдан олиш мумкин. Афсуски, кейинги пайтда организмнинг бу моддага бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш муаммога айланиб қолди. Чунки бугун овқатланиш рационимиздан кенг ўрин эгаллаётган фасд-фудлар, газли ичимликлар, шакар, туз каби маҳсулотлар етарли миқдорда магнийдан баҳраманд бўлишимизга тўсқинлик қилмоқда. Ва алкоголь ичимликларга ружу қўйиш, чекиш каби зарарли иллатлар ҳам магний танқислигини юзага келтираётир.

Асабийлик, тез-тез бош айланиши ҳамда оғриғи, сабабсиз қўрқув, ваҳима ҳисси, сурункали чарчоқ, ҳолсизлик, уйқу бузилиши, хотира сусайиши, меъда-ичак спазми, юрак уришининг тезлашиши, қон босими ошиши (ёки тушиши), юрак санчиғи, мушаклар тортишиши сингари ҳолатлар организмда магний танқислигидан далолатдир. Бундай ҳолатда асабийлашишнинг олдини олиш, ичиш, чекиш, қаҳва, қора чой, шўр таомлар ва ширинликларни камроқ истеъмол қилиш лозим. Магнийга бой маҳсулотлар эса гуруч, балиқ, жигар, пишлоқ, гречиха ёрмаси, кунжут, қовоқ, ёнғоқ, маккажўхори, бошоқли ва дуккаклилар, мева-сабзавотлардир. Шунингдек, чанқаганда магнийга тўйинтирилган минерал сув ичган маъқул.

Бугун дорихоналарда кўплаб турдаги магний препаратлари мавжуд. Айримлар организмда магний танқислиги кузатилса, ўз билганича дори харид қилиб ичишни одат қилгани сир эмас. Тўғри, таркибида магний сақловчи препаратларнинг организмга ножўя таъсири аниқланмаган. Шундай бўлса-да, шифокор кўригидан ўтмай туриб, ўзибилармонлик билан дори ичиш салбий асоратларга олиб келиши мумкинлигини ёдда тутиш зарур. Масалан, организмда магний миқдори меъёридан ошиб кетса, диареяни келтириб чиқариши, қон босими тушиб кетиши мумкин. Фақат нев­ропатолог, терапевт ёки кардиолог шифокор кўригидан ўтгачгина мутахассис тавсия­ларига амал қилган ҳолда даволаш курсини олиб бориш керак. Акс ҳолда магний танқислиги туфайли соч тўкилиши, тирноқлар синиши, тишда кариес юзага келиши ҳамда иммун тизим фаолияти сусайиши, юрак аритмияси келиб чиқиши мумкин.

Яна ўқинг:  Маймоқлик зудлик билан даволанишни талаб этади(ми?)

Севинч ҚУВОНДИҚОВА

тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: