Мактабгача таълим: Болажонлар экологияни қандай ўрганади?

Мамлакатимизда экологик маданиятни ривожлантириш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори идораси, «SVB Advisory» Британия-Ўзбекистон барқарор ривожланиш компанияси ва Ўзбекистонда экологик маданиятни тарғиб қилувчи «Hashar Week» ижтимоий лойиҳаси билан биргаликда мактабгача таълим тизимида экологик таълим ва тарбияни жорий этиш бўйича пилот лойиҳани бош­лади. Ушбу ло­йиҳа тақдимотига бағиш­лаб ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.

– Сўнгги йилларда атроф-муҳит билан боғлиқ муаммо ва масалалар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Экологик таълим ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни шакллантириш соғлом жамият ва барқарор давлат сиёсати қурилишида зарурий қисмга айланиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. – Мактабгача таълим ташкилотларида педагог кадрларнинг салоҳиятини ошириш мақсадида ўтган йилнинг декабрида Тошкент шаҳридан танлаб олинган 13 та мактабгача таълим муассасасининг 50 нафар тарбиячиси учун ўқув-семинарлар ўтказилди.

Ўқувларда тарбиячилар мактабгача ёшдаги болаларнинг экологик таълими доирасида хулқ-атвор психологияси техникаларига ўқитилиб, «Қизиқарли чиқинди» дастурининг ўқитиш услуби билан яқиндан танишишди. Барқарор ривожланиш соҳасида билим олишди.

– Бугунги кунда чиқинди муаммоси нафақат юртимиз, балки бутун дунё­ни ташвишга солмоқда. «Қизиқарли чиқинди» дастурининг асосий вазифаси ўсиб келаётган ёш авлодга экологик таълим-тарбия бериш, чиқиндиларни турларга кўра ажратишдир. Семинарларда олган билим ва кўникмаларимни ўз иш фаолиятимда қўлладим. Болажонлар катта қизиқиш билан қатнашишди, – дейди Мирзо Улуғбек туманидаги 504-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Арофат Рўзматова.

Лойиҳа доирасида ЕХҲТнинг Ўзбекис­тондаги лойиҳалар Координаторининг идораси танлаб олинган 13 та боғчага беговел (болалар педалсиз велосипедини) тақдим этади.

– Беговел ёрдамида болаларга эрта ёшдан бошлаб координация ва мувозанатни ушлашни ўргатиш мумкин. Ушбу техниканинг афзаллиги боланинг оёқ мушакларини мустаҳкамлаш, велосипедда машқ қилиш учун самарали тайёргарлик жараёни имкониятларини оширишдан иборат, – деди Велоспорт федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Козим Ўринбойхўжаев.

Болаларни ёшлигиданоқ экологик маданият ва таълимга ўргатишни мақсад қилган «Қизиқарли чиқинди» лойиҳаси бутун республика бўйлаб барча МТТ­ларда жорий этилиши кўзда тутилган.

Ўз мухбиримиз

Яна ўқинг:  Пекинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ваколатхонаси очилди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: