Йўл ҳушёрликни ёқтиради

2013 йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида йўл ҳаракати қоидалари юзасидан Республикамиз бўйлаб маҳаллаларда 20 мингдан зиёд, мактабларда 23 мингдан зиёд давра суҳбатлари ўтказилди.

Куни кеча ишдан қайтаётиб, қўшнимиз билан кўришиб қолдим:

– Ҳа қўшни, яхшимисиз?

– Э, сўраманг… Ўғлим Ботиржонни машина туртиб юборди.

– Йўғ-э, ҳозир аҳволи қандай?

– Соппа-соғ! Югуриб юрибди. Мени ўғлим полвон бола. Фақат шу баъзи бир бефаросат ҳайдовчилар мана шунақа “қовун тушириб” туришади-да.

– Нима, ҳайдовчи қоидани бузгани сабаб шундай бўлибдими?

– Билмадим, ўғлим катта йўлдан югуриб ўтиб кетаётган экан, олдидан машина чиқиб қопти. Ҳайдовчи машинасини зўрға тўхтатибди. Акс ҳолда жиддийроқ зарар етказиши ҳам мумкин экан. Ҳовлиқмасдан ёш болани ўтказвориб кейин юрса бўларди-ку!

– Ботиржонга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатганмисиз?

– Йўқ. Лекин, ўғлим ёш бола эмас нима қилишни ўзи билади. Бунинг устига у уддабуронгина.

У ёғига қўшнимнинг нима дегани, оғзига келган сўз билан ҳайдовчини ҳақорат қилгани ҳам қулоғимга кирмади. Ўйланиб қолдим. Бу она эндигина 5 синфда ўқиётган ўғлининг “катта йигит” бўлиб қолгани-ю, унга йўлда юриш қоидаларини ўргатиш шарт эмаслигини фахрланиб сўзлашидан ғашим келди. Наҳотки, бўлиб ўтган воқеадан сабоқ чиқариб, ўғлининг тарбиясига жиддийроқ ёндашмаса. Ахир онанинг бундай лоқайдлиги боланинг ҳаётига нисбатан бефарқлик эмасми?

– Ўғлим, катта йўлдан ўтаётганингда эҳтиёт бўл, кўзингга қараб юр. Ҳовлиқмагин. Шошмасдан, йўл бўшагандан кейин светофорга қараб йўлдан ўтгин болам!

Онам ҳар куни эрталаб мени шу сўзлар билан ишга кузатадилар. Баъзан “нима мен ёш боламанми,” деб ўжарлигим тутади. Аммо кўчаларимиздаги ҳаракатнинг тирбандлигини кўриб, дарҳақиқат эътиборли бўлиш лозимлигини англайман.

Фарзанд – оила гултожи. Бола дунёга келганда оила аъзолари қатори яқинлари ҳам чексиз қувонади. Уни авайлаб-асраб вояга етказишади. Аммо баъзан оддийгина эхтиётсизлик ёки эътиборсизлик туфайли ана шу гавҳарга зарар етади.

Мамлакатимизда йилдан йилга автомобиллар сони ортиб бормоқда. Бу шубҳасиз мустақиллигимиз шарофати туфайли миллий автомобилсозлигимиз тобора ривожланиб бораётганидан далолатдир. Шаҳарга чиқсангиз йўлларда ҳаракатланаётган миллий ва хориж автомобилларини кўриб кўзингиз қувнайди. Аммо бунинг бир нозик томони ҳам борки, бу йўл ҳаракатида бир оз мураккабликларни келтириб чиқаради.

Яна ўқинг:  Tanlov g'oliblarini qutlaymiz!

Шу ўринда савол туғилади. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида болаларни йўл ҳаракати қоидалари билан таништириш қай даражада йўлга қўйилган? Мактаб ва ота-она ҳамкорлиги қай ҳолатда олиб борилмоқда? Болалар йўл ҳаракати қоидаларидан хабардор қилиб бориладими? Болаларга ушбу қоидаларни тушунтиришда ЙҲХ бошқармаси ходимлари қандай фаолият олиб бормоқда?

Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида бўлдик.

– Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари томонидан қабул қилинган фармойишларга мувофиқ республикамиздаги ҳар бир мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига бир нафар ЙҲХБ ходими бириктирилади, – дейди биз билан суҳбатда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати инспектори, капитан Акмал Юнусов. – Улар доимий равишда ўзлари бириктирилган таълим муассасаси ўқувчилари ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришади ҳамда уларнинг ота-оналари билан ҳамкорликда фаолият юритадилар.

2010 йил 10 мартда “Ўзбекистон Республикасида болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича 2010-2015 йилларга мўлжалланган Давлат дастури” ишлаб чиқилган бўлиб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Халқ таълими вазирликлари, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Автомотоҳаваскорлар” кўнгилли жамияти ҳамда бошқа тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан ана шу Давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур дастурда белгиланган вазифаларга кўра ҳар бир мактаб ва МТМларда йўл ҳаракати хавфсизлиги хоналари ва бурчаклари ташкил этиш, уларни зарурий жиҳозлар билан таъминлаш, “Йўл ҳаракати қоидалари” машғулотларини олиб борувчи ўқитувчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курслари самарадорлигини ошириш, “Диққат, болалар!”, “Диққат, пиёда!”, “Таътил”, “Тарғибот автокарвони”, “Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги” ҳамда мактаб ўқувчилари ўртасида “Яшил чироқ” мусобақаларининг мунтазам ўтказиб борилиши болаларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларининг ортиб боришига ёрдам бермоқда.

– Мактабимизда йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар натижасида ўқувчиларимиз йўлларда ҳаракатланиш қоидалари бўйича билимларини мустаҳкамлаб бораётир. Ўқув йили бошланиши билан, аниқроғи жорий йилнинг 2-12 сентябрь кунлари “Диққат, болалар!” тадбирининг ташкил этилгани йўлларда ҳайдовчиларнинг пиёдаларга яна ҳам эътиборлироқ бўлишини таъминламоқда. Бундан ташқари болаларга серқатнов йўлларда қандай ҳаракатланиш кераклиги кўргазмали тарзда тушунтириб борилмоқда, – дейди пойтахтдаги 255-мактаб директори Инобат Хожаева. – Шу билан бирга болаларнинг ёзги таътил кунларида оромгоҳларга ҳам ЙҲХ бошқармасидан алоҳида ходимлар бириктирилиб, у ерда болалар билан давра суҳбатлари ва республика миқёсида ўтказилаётган “Яшил чироқ”, “Диққат, болалар!” каби кўплаб турли мусобақалар ташкил этилмоқда. Бу борада болаларга фақатгина “Йўл ҳаракати қоидалари”ни ўргатиш билан чекланиб қолмасдан, унинг янада самарали ва таъсирчан усулларини топишга ҳам эътибор қаратиш зарур.

Яна ўқинг:  Кўп китоб ўқиш учун 10 сабаб

ЙҲХ бошқармаси томонидан юртимиздаги мавжуд ҳар бир маҳаллага ҳам ходимлар бириктирилган. Улар маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатликда аҳоли орасида давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этади. Мазкур тадбирларда ота-оналарга фарзандларни доимий назорат қилиш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини тушунтириш борасида тарғибот олиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси ЙҲХБ ҳамда Халқ таълими вазирлиги қўшма лойиҳаси асосида мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ўқув йили давомида болаларга йўл ҳаракати қоидалари бўйича дарс соатлари ўтилиши йўлга қўйилган.

ЙҲХБ томонидан “1 июнь – халқаро Болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан “Автокарвон” тарғибот акцияси ўтказилиши ҳам болаларнинг йўллардаги ҳушёрликларини оширишга, қоида бузилишларининг камайишига ёрдам бермоқда.

– 2013 йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида йўл ҳаракати қоидалари юзасидан Республикамиз бўйлаб маҳаллаларда 20 мингдан зиёд, мактабларда 23 мингдан зиёд давра суҳбатлари ташкиллаштирилди. 4508 мактаб тўлиқ назоратдан ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва унинг вилоятлар бошқармаларига ЙҲҚ дарсларини ўтишдаги ютуқ ва камчиликлар юзасидан 955 та тақдимнома киритилди, – дейди ЙҲХББ матбуот хизмати инспектори, капитан Акмал Юнусов. – Олиб борилаётган бу каби ишлар натижасида мамлакатимизда болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг сони аввалги йилга нисбатан 4,5 фоизга, ҳалок бўлган болалар сони 1,8 фоизга, турли даражадаги тан жароҳати олганлар сони 5,6 фоизга камайишига эришилди.

Эшикдан чиққан ҳар бир инсон борки у ўз-ўзидан ҳаракат иштирокчисига айланади. У хоҳ йўловчи, хоҳ пиёда ва ёки ҳайдовчи бўлишидан қатъий назар қоидаларга амал қилиши шарт. Ҳаракатланиш маданиятни ўзимизда шакллантира олсак бизда йўл ҳаракати билан боғлиқ хеч қандай муаммо бўлмайди.

– Йўл ҳушёрликни ёқтиради, – дейди Тошкент вилояти Қибрай тумани “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мўминжон Ҳамидов. – Шундай экан ҳаракатланаётган пайтда эътиборли бўлишимиз керак. Бу энг аввало ўзимиз учун фойда. Баъзан катта йўлларда қулоғига қулоқчин (наушник) тақиб юрган ёшларга кўзимиз тушиб қолади. Улар автомобилларнинг сигналини эшитмаслиги оқибатида турли хил кўнгилсизликлар келиб чиқиши мумкинлигини наҳот ўйлашмаса?! Ахир хайдовчи ҳам инсон. У ҳам баъзан тормозни босишга улгуролмай қолиши мумкин. Шу сабабдан имқон қадар уларга ноқулайлик туғдирмасликка ҳаракат қилишимиз, болаларимизга шуни ўргатишимиз зарур.

Яна ўқинг:  Энг фаол маънавият тарғиботчиси аниқланди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан республикамиздаги мавжуд барча МТМ, мактаб, коллеж ва лицейларга бириктирилган ЙҲХ инспекторлари билан биргаликда маҳалла, ота-она ва таълим муассасаси ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишларининг олиб борилиши ана шундай ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради. Ҳар бир инсон ўз ҳаёти учун аввало ўзи масъулдир. Озгина эҳтиётсизлик ёки шошмашошарлик оқибатида бир инсон бутун умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолиши хеч гап эмас. Шундай экан соғлигимизга бефарқ бўлмайлик.

Зиёҳиддин Ҳусанов, ҳайдовчи: – Йўлларимизда автомобилларнинг кундан-кунга ортиши билан уларда ҳаракатланиш ҳам бир оз мураккаблашиб бормоқда. Шундай ҳолатлар бўладики очиқ йўлдан бемалол автомобилни бошқариб келаётган вақтингизда олдингиздан югуриб пиёдалар чиқиб қолади. Ундай ҳолатда автомобилни тўхтатиб қолиш жуда мушкул. Пиёдаларнинг аксарияти мактаб ўқувчилари эканини кўриб жаҳлингиз чиқади. Нима уларни ота-онаси йўлда югурма, у ёқ бу ёғингга қараб йўлдан ўтгин деб ўргатмайдими?

Дарҳақиқат, бу эътирозларда ҳам жон бордек туюлади. Агар барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳамфикр бўлиб фаолият олиб борсак турли хил кўнгилсизликларнинг олди олинади.

Сўнгги сўз ўрнида яқиндагина ЙҲХББ ҳодимлари томонидан ўтказилган тажрибага этиборингизни қаратмоқчиман.

“Чорсу” бозори олдидаги катта йўлдан ўтишга бир дақиқа-ю саккиз секунд вақт кетди. Аммо ер ости йўли орқали ўтилган 48 сония етарли бўлди. Аммо баъзи бир юртдошларимиз нима сабабдандир ер ости йўлидан кўра автомобилларга тўла катта йўлдан хаётларини хавф остига қўйиб, бунинг устига вақтдан ютқазиб ўтишни афзал кўришмоқда.

Хўш, сиз эртага йўлдан қандай ўтасиз? Болангизга нима маслаҳат берасиз, хулоса ўзингиздан!

Боланинг бегонаси бўлмайди. Шундай экан йўлларда болаларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ҳаммамизнинг бурчимиздир!

Фарҳод ТОЛИПОВ

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: