Ботулизмдан эҳтиёт бўлинг!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ва сув истеъмол қилиш оқибатида икки юзга яқин хасталик вужудга келади. Овқатдан заҳарланишнинг энг оғир шаклларидан бири эса ботулизмдир. Бу касаллик оғир кечиши, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкинлиги боис унга қарши курашиш долзарб ҳисобланади.

Аҳоли орасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари, айниқса, куз-қиш мавсумида нисбатан кўпроқ кузатилади. Бунга асосан уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш сабаб бўлади.

Айтиш жоизки, сабзавот, помидор, бод­ринг ҳамда ­бошқа дала неъматларидан турли хил тузламалар, икра, консерва, компот тайёрлаш учун илғор ишлаб чиқариш технологиялари талаб этилади. Бундай имкониятлар, албатта, саноат корхоналарида мавжуд бўлиб, улар маҳсулотни тозалаш, белгиланган меъёрда қайнатиш ва сақлаш жараёнида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этади. Уй шароитида эса, аксинча, бундай имконият йўқ. Қолаверса, хонадонда консервани стандарт талаблари асосида сақлашга ҳам кўпинча эътибор берилмайди. Натижада, маҳсулотда ботулизм споралари тез ривожланади ҳамда токсин, яъни зарарли моддалар ажрата бошлайди.

Белгиларини қандай билиш мумкин?

Ботулизм споралари билан зарарланган маҳсулотнинг кўриниши, ҳиди ва таъмида деярли ўзгариш кузатилмайди. Кўзга ташланадиган белгиларидан бири – бу шиша идишнинг тунука қоп­қоғи шишади. Бундай маҳсулотдан заҳарланган одамда унинг асоратлари икки соатдан саккиз – ўн кунгача чўзилади. Ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қоринда оғриқ пайдо бўлиши кабилар касалликнинг клиник белгиларидир.

Энг тўғри йўл

Шундай вазиятда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш энг тўғри йўлдир. Акс ҳолда, хасталикнинг оғир шакллари – юрак-қон томир ва ўпка касаллиги юзага келиши, беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Хасталикни аниқлаш учун бемордан тегиш­ли таҳлил воситалари олиниб, клиник ва бактериологик лабораторияларда текширилади. Касаллик аниқланса, бемор стационар шароитда ётиб даволаниши шарт.

Касалликнинг олдини олиш – доимий эътиборда

Бундай муаммолар келиб чиқишининг олдини олишда, аввало, аҳолининг тиббий маданиятини янада ошириш, профилактика чора-тадбирларини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда марказий деҳқон бозорлари ҳамда уларнинг шохобчаларига мутахассислар бириктирилган. Улар амалдаги чора-тадбирлар режасига мувофиқ, санитария назорати олиб бормоқда. Савдога чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати мунтазам равишда лаборатория текширувидан ўтказилаётир. Айни пайт­да ҳуқуқ-тартибот идоралари, солиқ, ветеринария хизмати ва бозор ходимлари билан ҳамкорликда белгиланган талабларга жавоб бермайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари савдосининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар қўлланиляпти.

Юқорида таъкидлаганимиздек, муаммога қарши курашишда тарғибот ишларининг ўрни катта. Шу туфайли барча таълим муассасалари, маҳаллаларда соғлом турмуш тарзи қоидалари, ботулизм ва бошқа юқумли касалликлар, уларнинг олдини олиш ҳақида мунтазам тушунтириш тадбирлари ўтказилмоқда.

Саломатлигимиз ўз қўлимизда

Яна ўқинг:  Ёнғоқ пўсти фойдалими?

Ҳар қандай касаллик каби ботулизмнинг ҳам олдини олиш инсоннинг ўз қўлида. Бунинг учун уй шароитида, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилмаган ҳолда тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмаслик лозим. Айни пайтда бундай неъматлар мамлакатимиз саноат корхоналари, тадбиркорларимиз томонидан сифатли қилиб ишлаб чиқарилмоқда. Демак, замонавий савдо мажмуалари ва бозорлардан айнан ана шундай, яъни мувофиқлик сертификатига эга маҳсулотларни харид қилишингиз айни муддаодир.

Адиба АКМАЛ қизи

тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: