Каштадўзлик – ўзбек аёлининг зийнати

Бирор қишлоқнинг аёлини билмоқчи бўлсангиз, сепини ёйганда кўринг, — дейишади хатирчиликлар. «Бизда келинчакнинг сепини ёйиш ва томоша қилиш анъана. Шахсан мен худди музейга кириб қолгандек бўламан. Чунки, қизлар тўрт-беш ёшидан бошлаб келинлик сепини тикиш учун илк сабоқни олишади. Тўй арафасида келинчакнинг сепи қўни-қўшниларга намойиш қилинади. Авваллари танловлар, кўргазмалар бўлмаган. Хотин-қизлар ана шу йўл билан кўргазма уюштиришган. Бу анъана эса фарзандларимизни болалигидан меҳнатга, сабр-тоқатга, гўзаллик яратишга даъват қилган.

Ана шу «кўргазма»дан дастлаб куёвтўрага, сўнгра қайнота-қайнонага ва тўйнинг азиз меҳмонлари – кексаларга совғалар берилади. Уларнинг дуолари олинади. Совға улашиш ҳам бежиз эмас, бу удум оилани, ёш келин-куёвни ёмон кўзлардан асрайди, оилага тўкин-сочинлик, қут-барака олиб келади, – дейди Хатирчи туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, туман ҳокими ўринбосари Меҳринисо Пирматова бизни опа-сингил Насиба ва Ойсара Муҳаммадиеванинг «Асрлар садоси»га олиб келган кўргазмаси билан таништираётиб.

Улар яратган мўъжизаларни биз каби барча завқ билан томоша қиларди. Бу ерда дастрўмолдан тортиб чойшабгача, турли-туман каштачилик буюмларини ҳам учратиш мумкин. Ҳатто фестивалга атаб махсус тўқилган сўзанада ҳам юртимиз кенгликлари, Ватанимиз тимсоллари, миллий нақш­лар ичида тасвирлангани барчани лол қолдирди. Унда гўё юртимизнинг тинчлиги, гуллаб-яшнаётгани, миллий қадриятлар улуғланаётгани акс эттирилган эди.

– Меҳринисо опам айтганидек булар болалилигимиздан буён йиғиб келинаётган кўзимизнинг нури, калбимизнинг қўри. Фақат»Асрлар садоси» деб номлаган сўзанамизни опам иккаламиз икки ой ичида зудлик билан тўқидик. Шунингдек, «Асрлар садоси» фес­тивали муносабати билан якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтдик. Эл-юрт мустақил бўлиб, ҳунармандларга кенг йўл очилганидан, улар қадр топаётганидан биз ҳам хурсандмиз. – дейди Хатирчи туман Ҳунармандлар уюшмаси аъзоси Ойсара Муҳаммадиева.

Шу уюшманинг яна бир аъзоси Обида Алимованинг ҳам шахсий кўргазмаси фестивалдаги ҳунармандлар павильонига ўзига хос чирой бағишлади. Ёнма-ён турган бу иккала шахсий кўргазманинг ўзига хослиги нафақат маҳаллий, балки хориждан келган меҳмонларни ҳам ўзига жалб қилди. Обидахоннинг кўргазмасидаги ўзига хослик шунда эдики, каштачилик маҳсулотларининг бари чиройли рамкаларга жойланган эди.

– Маҳсулотларни рамкаларга жойлашга анчагина маблағ кетган бўлса керак, – сўрайман Обидахондан.

– Йўқ. Унга маблағ сарфламадим. Турмуш ўртоғим Салим Йўлдошев дурадгор уста бўлгани сабаб буларнинг барини ўз қўли билан ясади.

Яна ўқинг:  Муаллимнинг сўнгги сабоғи

– Кашталарингиз жуда чиройли, мазмунга бой, санъаткорона яратилган. Асли касбингиз ҳам тикувчими? – сўрайман Обидахондан.

– Мен уй бекасиман. Каштачилик онамдан мерос. Ёшлигимдан онажоним кашта тикаётганида олдига ўтириб кузатардим ва ўша пайтларда менда шу ҳунарга муҳаббат уйғонган десам муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, каштачилик нақш­ларининг асосида ҳар хил гул элементлари, геометрик безаклар, қора, тўқ қизил, кўк, яшил, сариқ, оқ ранглар дид билан уйғунлаштирилиб тўқилган бўлиб, ўзига хос гўзаллик касб этган. Турли нақшли палак, чойшаб, келинчак ёпинчиқлари, дастурхон, парда, дастрўмол, нимча, кўйлак ва сўзаналар анъанавий бадиий санъатнинг гўзал намунаси бўлиб, қадимий қадриятларимизни акс эттириб турарди.

– Туманимизда каштадўзлик билан шуғулланиш ҳар бир оиладаги хотин-қизларга момомерос касбдир. Бу иш билан хатирчилик хотин-қизларнинг бари шуғулланади. «Асрлар садоси» фестивали муносабати билан якка тартибдаги ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтдим. Албатта бу мустақиллигимиз шарофати. Ҳозир уйда ишлаб оиламизнинг тўкислиги учун хизмат қилаяпмиз. Биз шундан хурсандмиз. Ана шундай улуғвор тадбир қишлоғимизга, туманимизга яқин жойда ўтказилиши бизларга ўз ҳунаримизни кўрсатиш, тажриба тўплаш ва шу билан бир қаторда жаҳонга чиқиш имконини берди. Энг асосийси хорижликлар ҳам кашталаримизни қизиқиш билан кузатишяпти, — жавоб қилади О. Алимова.

– Яна битта гапни айтиб қўйишимиз керак. Бу тадбирда биз биринчи марта қатнашаяпмиз. Тадбир бизга тажриба алмашиш, ён-атрофимиздаги шахсий кўргазмаларни кузатиб, ўрганиш имконини берди. Келажакда бундай тадбирларда янада кўпроқ маҳсулотлар билан қатнашишни режалаштираяпмиз, – дейди Салим Йўлдошев.

– Сиз турмуш ўртоғингиз Обидахонга яхши ғоялар бераётган экансиз-да.

– Раҳмат. Каштачилик кўнглимизни тўлдириш билан бирга, оиламизга қўшимча даромад олиб келяпти. Бизга йўлланма бериб, тадбиркорлар даврасига олиб кирган киши Азим Пўлатов бўлади, – дея ёнида суҳбатимизга жимгина қулоқ солиб турган киши билан таништирди у.

Азим Пўлатов Хатирчи тумани “Ҳунармандлар” уюшмасининг раиси экан. У уюшма бу йил фестивалга тайёргарлик кўрилиши муносабати билан ташкил этилганини, унинг 349 аъзоси бўлиб, амалий санъатнинг 25 тури билан шуғулланишларини ҳикоя қилиб берди. Энг асосийси, шу йилнинг ўзида 349 кишига меҳнат дафтарчаси очилди.

Сармишсой қоя тошларига битилган чизгиларда асосан турли ҳайвонларнинг ва бутун бир воқеаларнинг тасвири берилган. Йиллар ўтиб, ислом дини ақидалари туфайли жонли образлар тасвири бутунлай йўқолиб, унинг ўрнини чизмачиликда геометрик шакллар ва ўсимликларнинг тасвирлари эгаллаган. Назаримда, каштачиликда ҳам ана шу анъанани қайта тиклаш керак, деб ўйлайман. Сиз бунга нима дейсиз, – сўрайман ундан.

Яна ўқинг:  Мурувват – умидсиз кўнгилларга шамчироқ

– Дарҳақиқат, келажакда сўзаналаримизда ана шу қадимий гўшани акс эттиришни ҳам ўйлаяп­миз. Бу анчагина мураккаб иш. Бироқ, халқимиз санъаткор. Қунт қилса, ҳамма нарсани эплайди, – жавоб қилади Азим Пўлатов.

Улар билан суҳбатлаша туриб, беихтиёр хаёлимдан донишманд Умар Хайёмнинг сўзлари кечади: «Дунёнинг тилаги, самари ҳам, ақл кўзи қораси-жавҳари ҳам, тўгарак жаҳонни узук деб билсак, шаксиз, унинг кўзи гавҳари ҳам инсондир». Энг қадимги даврларда Шарқ файласуфлари инсон мавқеини ниҳоятда улуғлаганлар. Жамият ривожи инсонга боғлиқ бўлиб, шахс камолининг асосий манбаи жамиятда, инсон фаолияти билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар тизимида эканлигини алоҳида таъкидлаганлар. Мустақиллик туфайли амалий санъат усталарига жамиятдаги ўрнини кўрсатиб, маънавий юксалишларида ёрдам берилмоқда. Бу эса замонамиз тинчлиги ва фаровонлигининг ифодасидир.

Ушбу хатирчилик ҳунармандларнинг омади ва ютуқлари соғлом авлод тарбиялашда халқ удумларни асраб-авайлаб келаётганлигидадир. Зеро, улар ҳунармандчиликни ҳар бир оила бекаси билиши керак деб тушунишади. Бу тушунча келажак авлод тарбиясига ҳам муносиб ҳисса қўшади. Фарзандлар ота-онаси ёнида болалигидан ҳунар ўрганиб, меҳнатда тобланиб улғайишади. Ана шу эзгу тилаклар, оддий кишиларга хос беғуборлик, юрт осмонининг тиниқлиги билан уйғунлашиб бораверсин.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: