ЭПИЛЕПСИЯ ВА ТУТҚАНОҚ СИНДРОМИ

Бу қандай касаллик?

(3-қисм)

Қандай дориларни эпилепсияда бериб бўлмайди? Витаминлар тутқаноқ хуружларини кучайтирадими?
Тутқаноқ хуружларини кучайтириш мумкин бўлган дорилар бир қанча бўлиб, уларнинг баъзилари ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Охирги пайтларда баъзи беморлар ёки уларнинг қариндошлари интернет орқали ёки бош­қа бир беморнинг тавсиясига кўра дори танлайдиган бўлиб қолишган. Бу ўта хавфли! Фақат врач тавсиясига кўра иш қилиш керак. Таркибида кофеин сақловчи дориларни (кофеин бензоат натрий), психостимуляторлар, антихолинэстеразлар (прозерин, нивалин, нейромидин), биостимуляторлар, церебрал метаболиклар ва таркибида женшен миқдори кўп бўлган дорилар эпилепсия касаллигида тавсия этилмайди. Витаминлардан В1 витамини хуружларни кучайтириши мумкин, қолган витаминларнинг хавфи йўқ. Масалан, В6 витамини (пиридоксин) эпилепсияда жуда фойдалидир. Айниқса, эрта ёшдаги болаларда кузатиладиган эпилепсиянинг баъзи турлари пиридоксин, яъни В6 витамини етишмаслиги сабабли рўй беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, поливитаминларнинг ҳам зиёни йўқ. Уларни беморлар врач белгилаган миқдорда қабул қилишлари мумкин. Шунингдек, баъзи аминокислоталар, яъни лецитин, метионин, глутамин кислотаси, фолат кислотаси тутқаноқ хуружларини тўхтатишга ёрдам беради. Чунки ҳар бир хуружда мия тўқималарида уларнинг миқдори камая боради. Эпилепсия билан касалланган беморларни, айниқса, болаларни даволашда ушбу аминокислоталарни режали тарзда бир неча ойлаб бериб туришларини тавсия қилган бўлардим. Бу дорилар эпилепсияга қарши бериладиган дориларнинг жигарга зарарли таъсирини камайтиради.

Беморни даволаш учун
2-3 хил дорини биргаликда
берса бўладими?


Эпилепсия тури аниқлангандан сўнг касалликнинг айнан ўша турига самарали таъсир кўрсатувчи дориларнинг биттаси танлаб олинади. Дори кам дозада бериб бошланади ва секин-аста ошириб борилади. Ҳар бир дорининг дозаси ва унинг қай тарзда берилиши беморнинг ёши, хуружлар сони, касаллик сабаби, йўлдош касалликлар бор-йўқлиги, монелик қилувчи ҳолатлар ва шу каби бошқа вазиятларга қараб врач томонидан белгиланади. Агар дори кўрсатилган муддатгача тавсия қилинган тақдирда ҳам фойда бермаса, врач уни бошқа дорига ўзгартиради. Одатда, дорининг таъсир қилиш-қилмаслиги 1 ҳафтадан сўнг билинади. Агар хуружлар сони камайса-ю, бутунлай тўхтамаса, қўшимча равишда иккинчи дори тавсия қилинади. Лекин иккинчи дорини тавсия қилишга ҳеч вақт шошмаслик керак.

Баъзида врачлар «Мен ҳаммасини тўғри ёзганман, бироқ бемор дори ичиш режимини доимо бузиб юради» деб бемордан арз қилишади. Ҳатто Европа мамлакатларида ҳам деярли 30 фоиз бемор дори ичиш режимига амал қилмайди. Бунинг асл сабабини ўрганиш учун беморлар орасида сўровнома ҳам ўтказилган. Сўровномада биттагина савол қўйилган. «Сиз дори ичиш режимини нега бузяпсиз?». Жавоблар қуйидагича бўлган: «Дори ножўя таъсир кўрсатгани учун (масалан, бош айланиш, ҳолсизлик)», «Тузалиб кетишимга ишонмаяпман», «Дори ичиш тез-тез эсимдан чиқиб қолаяпти», «Дори ичавериш жонимга тегди» ва ҳоказо.


Дори ичиш режими бузилишининг асосий сабабларидан бири – бу эпилепсиянинг сурункали кечиши ва дорини йиллаб ичиш кераклигидир. Беморнинг тузалиши ундан сабр-­тоқатни, даволовчи врачдан эса иродани талаб қилади.
Дори ичиш режимини бузмаслик учун уни 2 маҳал, яъни эрталаб ва кечқурун тавсия қилган маъқул. Чунки эрталаб ҳам, кечаси ҳам беморнинг дори ичаётганлигини назорат қилувчилар ёки дори ичишни эслатиб турувчилар кўп бўлади (масалан, эрталабки нонушта ва кечқурунги овқатланиш пайти). Бунинг учун таъсири 12 соат давом этувчи дориларни танлаб олиш зарур. Кундуз куни эса бемор дори ичишни унутиб қўйиши ёки ичмаслиги мумкин. Бироқ хуружлар тез-тез бўладиган ҳолатларда кунига 4 маҳал дори ичишга тўғри келади. Бундай бемор, албатта, кимнингдир назоратида дори ичиши лозим.

Яна ўқинг:  Ясситовонлик қандай пайдо бўлади?

Хасталикда дорини йиллаб
ичиш тавсия қилинади.
Бу жигарга зиён эмасми?


Олимлар сурункали касалликларда доимий равишда қабул қилинадиган дориларни ишлаб чиқишда уларнинг организм, шу жумладан, жигарга зарарли таъсирини ҳам албатта ўрганишади. Бундай дорилар узоқ муддат қабул қилишга мўлжалланган. Шундай бўлса-да, даволашни бошлашдан олдин ва кейинчалик (ҳар йили 1-2 марта) жигар ферментларини текшириб туриш зарур. Айниқса, валпроатларни (депакин, конвулекс) тавсия қилганда, жигар ферментларини текшириб бориш тавсия этилади. Агар бемор қўшимча равишда аминокислоталар, яъни глутамин кислотаси, лецитин, метионин, фолат кислотаси ичиб юрса, дорининг жигарга зарарли таъсири пасаяди.

Берилаётган дорилар хотира ва ақлий ривожланишга зиён қилмайдими?


Айтиб ўтганимиздек, хуружлар тез-тез кузатилса, беморнинг нафақат хотираси бузилади, балки унинг ақлий ривожланиши ҳам орқада қолади. Масалан, бензонални йиллаб қабул қилиш ақлий ривожланишга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам бензонал кўп мамлакатларда қўлланилмайди. Бироқ финлепсин (карбамазепин), конвулекс, депакин, топирамат (топамакс) каби дорилар хуружларни тўхтатиш билан бирга, беморнинг хулқ-атвори ва ақлий ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Жарроҳлик амалиёти
ўтказиш мумкинми?


Эпилепсия билан касалланган беморларни жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин. Бунинг учун бош миянинг эпилептик хуружлар келтириб чиқарувчи қисмига махсус жарроҳлик йўли билан таъсир кўрсатилади. Бундай операцияларнинг ижобий таъсири жуда юқори. Одатда, дорилар билан даволаш қийин бўлган беморга жарроҳлик усули тавсия қилинади. Бироқ бемор хоҳишига кўра эпилепсиянинг дори билан даволаса бўладиган турларини ҳам операция йўли билан даволаш мумкин.

Авваллари операция йўли билан даволаш фақат катталарда ўтказилган бўлса, ҳозирги кунда болалар ва ўсмирларни ҳам операция билан даволаш қўлланилмоқда. Таъкидлаш лозимки, тутқаноқ хуружлари бош мия ўсмалари ёки унда мавжуд бўлган йирик чандиқлар ҳисобига ривож­ланса, бундай беморларни албатта операция қилиш керак. Бироқ хирургик усуллар эпилепсиянинг барча турига ҳам ёрдам беравермайди.

Беморлар ва уларнинг
ота-оналарига маслаҳатлар

  1. Телевизор ва компьютерга ўч бўлманг. Эпилепсия билан касалланган беморни назоратга олган врач унинг ҳаёт тарзини чуқур ўрганиб, соғлом турмуш тарзига ўргатиши лозим. Масалан, ҳозирги кунда аҳолининг аксарият қисми телевизор ва компьютер монитори олдида вақт ўтказади. Баъзи болаларнинг қўлидан телефон тушмайди. Бемор бундай воситалардан ўзини чеклаши лозим. Телевизорни қоронғи хонада эмас, ёруғ хонада кўриш керак ва телевизоргача бўлган масофа 2 метрдан ортиқ бўлиши зарур. Телекўрсатувларни томоша қилиш давомийлиги 2 соатдан ошмаслиги керак.
    Фотосенситив эпилепсияда телевизор кўриш ёки компьютер монитори олдида ўтириш ман этилади. Қулоққа тақиладиган мослама орқали доимо мусиқа эшитиб юриш ҳам эпилеп­сиянинг баъзи турлари учун хавфли.
  2. Мактаб ва боғчага бориш мумкин. Эпилепсия билан касалланган болаларнинг деярли барчаси соғлом болалар каби мактаб ва боғчаларга қатнашлари мумкин. Бундай пайтларда таълим муассасасидаги врачлар хабардор қилинади. Бироқ олигофрения, болалар церебрал фалажлиги каби бош миянинг органик касалликларида кузатиладиган тутқаноқ хуружларида болалар, албатта, махсус мактаб­ларда таълим олишлари керак.
    Бемор болаларни фақат тутқаноқ хуружи борлиги сабабли жамиятдан ажратиб тарбиялаш нотўғри. Аксинча, уларга тўлақонли ҳаёт кечиришга имконият яратиб бериш лозим. Улар тил ўрганмоқчи, спорт ва жисмоний тарбия машқларига қатнашмоқчи бўлса, рухсат бериш керак, бироқ мураббий бундан хабардор бўлиши зарур.
  3. Спорт ва жисмоний машқлар хуруж тез-тез кузатиладиган ҳолатларда мумкин эмас. Хуруж кам бўладиган ҳолатларда бемор спортнинг енгил турларига қатнашиши мумкин. Спортнинг баъзи турлари, яъни бокс, тош кўтариш, кураш, сузиш, тез югуриш асло мумкин эмас.
    Таъкидлаш лозимки, режали тарзда спортнинг енгил турлари билан шуғулланиш фойдалидир. Чунки сўнгги пайтларда мутахассислар ўсмирларда кузатиладиган тутқаноқ хуружларининг компьютер монитори олдида узоқ ўтиришдан кучайиб кетаётганлигини таъкид­лашмоқда.
  4. Пассив ҳаёт ва эпилепсия. Йирик америкалик эпилептолог В.Леннокс «Фаол ҳаёт – хуружлар антагонистидир», деган эди. Мутахассислар эпилепсия касаллигида хуружларнинг пассив ҳаёт кечирувчи беморларда кўп, фаол ақлий ва жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи беморларда эса кам кузатилишини айтишади. Беморлар, айниқса, болалар ва ўсмирларни жисмоний хатти-ҳаракатлардан, ўқишдан чегаралаб қўйиш ва уларнинг кўз ўнгида касаллигини муҳокама қилавериш оғир руҳий асоратлар қолдиради. Бундай болаларда меланхоликларга хос бўлган хулқ-атвор шаклланади, улар руҳий ногирон бўлиб ўсади. Лекин ортиқча руҳий ва жисмоний зўриқишлар хуружлар сонини кўпайтиришини ҳам унутмаслик керак.
  5. Бемор учун хавфли ишлар. Беморга унинг ҳаёти учун хавфли ишлар, яъни ҳайдовчилик қилиш, ўт ўчириш, милиция, соқчилик ва қутқарувчилик касбларини эгаллаш, шунингдек, кимёвий воситалар билан ёки баланд биноларда, жароҳатланиш хавфи юқори бўлган завод ва фабрикаларда ишлаш мумкин эмас.
    Тунги ишларда ишлаш умуман ман этилади. Чунки тунда уйқуга тўймаслик хуружлар такрорланишига ёки кўпайиб кетишига туртки бўлади.
  6. Душ қабул қилиш қоидалари. Бемор душ ёки ванна қабул қилганида эшикни ичкаридан беркитмаслиги, иссиқ ёки ўта совуқ душ қабул қилмаслиги керак, сауналарга қатнамаслиги ва узоқ вақт ваннада қолиб кетмаслиги зарур.
  7. Оловга яқин юрманг. Тандирда нон ёпиш, олов ёнида катта қозонларда овқат тайёрлаш, иссиқ жойларда ишлаш мумкин эмас.
  8. Физиотерапия мумкин эмас. Физиотерапевтик муолажалар (электрофорез, магнитотерапия, электротерапия, дорсанвал) қўллаш мумкин эмас.
  9. Ишхонадагилар хабардор бўлсин. Ишхонада доимий ишловчилардан бир-иккитаси касалликдан хабардор бўлиши керак, узоқ сафарларга ёлғиз ва меҳмонхоналарда ёлғиз бўлмаган маъқул.
Яна ўқинг:  Офтоб уриши ҳаёт учун хавфли

Тутқаноқ хуружи пайтида қандай тез ёрдам кўрсатиш керак?


Дастлаб беморга жароҳат етказиши мумкин бўлган хавфли нарсалар зудлик билан четга олинади. Бемор хавфсиз ва юмшоқ жойга ўтказилади ва унинг ёқаси очилади. Агар бемор ётган жой хавфсиз бўлса, уни бошқа жойга кўчириш шарт эмас. Агар хуруж ёпиқ жойда кузатилса, деразаларни очиб, беморга тоза ҳаво келишини таъминлаш зарур. Беморнинг бошини куч ишлатмасдан ён томонга оғдириб ушлаш лозим, ана шунда беморнинг тили томоғига тиқилиб қолмайди. Бунинг учун беморнинг ёнига ён томондан эмас, балки бош учидан бориш керак. Чунки хуруж пайтида бемор сизни қўли билан қаттиқ уриб юбориши мумкин.
Агар тутқаноқ хуружларида беморнинг боши ва танаси чап томонга қайрилган бўлса, уни чап­га, ўнгга қайрилган бўлса, ўнгга бурган ҳолда ушлаш зарур. Бироқ куч ишлатиш мумкин эмас. Бемор тилини тишлаб олмаслиги учун шпател ёки қошиқни докага ўраб, ён томондан тишлари орасига қўйиш лозим. Бу беморнинг равон нафас олиб кетишига ҳам ёрдам беради. Бироқ беморнинг жағини зўрлаб очиш мумкин эмас. Хуруж бўлаётган пайтда беморнинг оёқ-қўлларини зўрлаб ушламаслик, юзига сув сепмаслик, новшадил ва пиёз ҳидлатмаслик керак. Аксарият тутқаноқ хуружлари 3-5 дақиқа давом этади ва беморга ёрдам кўрсатгунча ўтиб кетади. Кўпинча, тоник-клоник хуружлар билан кечувчи эпилепсияда беморга тез ёрдам кўрсатишга тўғри келади. Чунки эпилепсиянинг бу турида жароҳатланишлар кўп кузатилади.

Эпилептолог – неврология, тиббий психология ва электроэнцефалографияни мукаммал биладиган мутахассис. Улар орасида ушбу касалликни нейрохирургик усуллар билан даволовчи мутахассислар ҳам бор.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: