Ихлос

(Омонулла Мадаевнинг «Навоий суҳбатлари» китобини ўқиб)

Адабиётшунослар ўртасида шундай гап юради: «Адабиётшуноснинг кучи Алишер Навоийни тушуниши ва унинг ижодини тадқиқ эта олиши, ҳеч бўлмаганда бир мақола эълон қилиши билан ўлчанади». Адабиётшуносликнинг турли йўналишларида изланиш олиб бораётганлар балки бу фикрга қўшилмас. Аммо бу ерда ихлос ҳақида гап кетяпти. Ихлос ва изҳор ҳақида.

Устозимиз Омонулла Мадаев фольклоршунос олим эдилару ҳазрат Навоий олдида ўзларини қарздор сезарди. Навоийшунос олимлик мақомини ҳеч даъво қилмаган ҳолда ўзларини ихлос ва изҳор тарозида тортиб кўришни хоҳларди. Бу гаплар, эҳтимол, янги одамларга маъқул келмас. Биз ҳам талабалик вақтимиз устозимиз Ботирхон Акрамов дарс хонаси деворига бошини қўйиб, кўзида ёш билан
Қатра қонларким томар кўксумга урған тошдин,
Захмдиндур демаким, қон йиғлар аҳволимға тош

байтини шарҳлаб берганларида ошкору яширин кулган, бу ихлосни юрагимизга сиғдиролмаган эдик. Аммо энди бу одамлар йўқ, ўшандек ихлос ҳам йўқ, ЎзМУдаги ўша дарсхона деворлари бўлса ҳали бор.
Муаллиф китобни «Навоий суҳбатлари» деб номлабди. Бу ном мутлақо домланинг табиатига мос тарзда танланган. Устоз суҳбатларда бизни ўзига боғлаб қўярди, дарсни ҳам қўлида қизил нақшли пиёласини тутганча гўё биз билан суҳбатлашгандек ўтарди. Жонли мулоқот, жонли дарс шундай адо этиларди. Талаба йигитларга йўлакда домла билан суҳбатлашиб туриш шараф эди. Устоз китобни ҳам худди суҳбатлашаётгандек ёзибди. Бу даврада сиз ўзингизни азизлар даврасида, Навоий ҳузурида тургандек сезасиз. Муаллиф сўзни сизни шарафлаш билан бошлайдилар: «Азиз ўқувчим, жоним-фарзандим». Юрагингиз бўлса, «лаббай» демай кўринг-чи!

Китоб мундарижаси саккиз суҳбатдан иборат. Ҳар бир суҳбатнинг ўз мавзуси ва мақсади бор. Биз неча йилдирки, ўрта мактабда Навоий мавзусига алоқадор адабиёт дарсларини самарали ташкил қилолмай сарсонмиз. Афсуски, боғчада, бошланғич синфларда қалбимизга кирмаган Навоий университетда ҳам бизга жондек яқин бўлиб кетмайди. Сабаб битта: Навоийни қандай ўқитишни билмаймиз. Навоий тушунилиши қийин сўзлар уюми эмас, сийқа сюжетлар эмас, аруз тақтелари ичида қолиб кетган ҳам эмас. Муаллиф баҳоли қудрат шу масалани ҳал қилишни истайди. Китоб адабиёт муаллимлари учун гўзал бир тавсия вазифасини бажаради. Эркалаб-эркалаб, сизлаб-сизлаб Навоий суҳбатларига ошно қилади. Мен аниқ биламан, бу китобни ўқиб чиққач Сиз энди Навоийни ўқишдан қўрқмайсиз, тушунолмай қолишликдан қўрқмайсиз. Сизда уйғонган муҳаббат энди Сизни узоқ манзилларгача етаклаб боради.

Суҳбат аввали «Ҳазрат Навоийга муносиб авлод» деб номланиб, бу авлод қандай сифатларга эги бўлиши-ю қандай иллатлардан холи бўлиш ҳақида баҳс юритилади: «…ҳамма гап маънавий қашшоқликда. Унда маънавий қашшоқликнинг ўзи нима?». Ва муаллиф ўз жавобини келтиради: «Маънавий қашшоқлик – инсоннинг инсонлик бурчига хиёнат қилиши». Устоз айнан инсонлик мақомида туриб ўзимизни чексиз севишимиз кераклигини уқтиради гўё. Шу мақомда туриб ўзимизни азиз қилишимизни истайди. Ватан, миллат, аждодларни улуғлаш, тилга садоқат масалаларида гўзал ҳаётий далиллар келтирилади. Афғонистондаги миллатдошларимизнинг асл ватанларидан нишона бўлган биргина пахта гулли пиёлада қўлма-қўл сув ичгани, сўнг даврада пиёлани тенг бўлакларига бўлиб, муқаддас тимсолдек уйларига олиб кетгани, устознинг қўлида сабоқ олган Темур исмли миллатдошимиз америкаликларни Навоий, Қодирий мўъжизалари билан қойил қолдиргани… Улар туманли ва ғашга тегуви қуруқ насиҳат эмас, айни ҳаётий воқеалар. Алишер Навоийдек даҳо бутун умрини она тили нуфузини тиклашга бағишлагани, биз ҳам ўзимизни шу йўлда сафарбар эта олсак, муносиб авлод бўла олишимиз айтилади. Балки сиз ҳам эътибор қилгандирсиз, мен доим бир нарсани кузатаман. Турли соҳадаги олимлар, зиёлилар билан суҳбатлашганимда, кўпинча, русча сўзларни қўшиб сўзлашади. Фақат, ҳар икки ёки уч тилни мукаммал билгани ҳолда, шахсияти бутун ўзбек зиёлиларигина суҳбат учун танланган ягона тилда мулоқот қилади. Ўзбек тили ҳар қанча нажиб суҳбатларга қурб-қуввати етадиган тил эканлигини ўшандай лаҳзаларда чуқур англайман.

«Алишер Навоий ҳақидаги ривоятлар» фаслида ҳазрат ҳаётлигида бошдан кечирган айрим ривоятлар келтирилади. Бундан муддао шуки, ривоятларни айтиб бериш орқали адабиёт ўқитувчиси Навоийни хаёлий юксакликдан болалар ёнига олиб тушсин. Ҳазрат бир фуқаро, бир эр киши, бир устоз, бир дўст сифатида қандай эди? Унинг қиёфаси тархлари қандай бўлган? Ўқувчи мана шу саволларига жавоб топсин ва ўзи каби оддий бир инсон улуғлик мақомига кўтарила борганини тушунсин. Бу кўтарилиш халқ билан ҳамнафаслик, унинг қалбида меҳр уйғотиш орқали юзага чиқади. «Ҳаддингдан ошсанг мозорга бор!» ривоятида баён этилишича, Навоий яшаган замонда авом халқ бевош бўлиб, ўғрилар, жоҳилу қўполлар кўп экан. Улар шариат қонунларидан ҳам қўрқмас экан. Алишер Навоий вазир бўлгандан сўнг жамики сайру томошалар мозор бошида ўтказилсин, деган фармони олий чиқарибди. Натижа қандай бўлганини билиб тургандирсиз.

«Дўст билан обод уйинг» фаслидан шундай жумлаларни ўқиймиз: «Жисмоний, маънавий, иқтисодий жиҳатдан имтиҳонларда сенга хиёнат қилмаган одамни дўст деб аташ мумкин… Ниҳоят, етуклик даражасига етганимизда, ёнимизда қолса битта, йўқса иккита дўстимиз қолади». Манфаатлар қутураётган дунёда кичкина жоним билан ваҳимага тушаман… ЎзМУда ўзбек тили кафедраси факультетимизнинг бошида бўлса, мумтоз адабиёт кафедраси энг тўрда жойлашганди. Устозимиз Омонулла Мадаев кафедра олдида турганча ҳамма ёқни гумбурлатиб, овозига тўлдириб устозимиз Ёрмат Тожиевни чақирар эди. Ёрмат Тожиев ҳам келсалар аввал устозни йўқларди. Улар дўст эди. Биласизки, битта ташкилотдаги дўстлик камёб ҳодиса. Бу, эҳтимол, касбу кордан топиладиган бахтнинг бир қисми.

Муаллиф бу бобда Алишер Навоий ва Жомий, шунингдек, ҳазратнинг Паҳлавон Муҳаммад билан ўрталаридаги дўстлик мақоми ҳақида сўзлар экан, бундай мақом замондошларимиздан Эркин Воҳидов, Раҳматилла Иноғомов ва Иброҳим Ғафуров ўртасида кузатилганини баён этади, ҳар бир ўринда ўз сўзларини далиллайди. Мутлақо поктийнат, маънавий, руҳий дунёси ўта даражада яқин дўстлар ўртасидагина юз берадиган туш, таворуд ҳолатлари ҳақида маълумот берилади. Икки кишининг бир хилда туш кўришидек руҳоний унсият Навоий ва Мирзо Аҳмад елкасига қўнган экан. Навоий наздидаги дўстлик бўлса бошдан-охир имтиҳондир.

Кейинги суҳбатларда Навоий ижодида Ватан тимсоли ҳамда ҳазратнинг халққа келган балоларга балогардон ҳимоячи сифатидаги қиёфаси ихлос ва муҳаббат нурида ёритилади. «Навоийнинг Ҳиротда, бинобарин, Хуросон юртида бўлиши бутун мамлакатда тинчликнинг бардавомлигига гаров сифатида баҳоланмоқда». Еру кўкда дуолари шарофати билан бизни асраётган валийлардан бири, эҳтимол, ҳазрат Навоийдир. Китобнинг айнан Ватан билан боғлиқ мана шу нуқтасида энди Навоий оддий инсон эмас, авлиё бир зот бўлиб гавдланади. Валийлик Ватанга муҳаббатдан туғилиб келади.

«Алишер Навоий – руҳшунос» фаслидаги мана бу гапдан кейин юрагимга ёруғлик тушди. «Алишер Навоий ўзларининг эллик йилдан зиёд яратган ижод намуналарини айнан Сизга, инсон деган номга муносиб авлодларига яратганлар». Навоий улуғ эди, асарлари улуғвор ва уларни бизни ўқийди деб яратган бўлса, мен ҳам шараф эгаси эканман. Китобхон ҳам мендек фикрласа, у мана шу нуқтадан тирилишни бошлайди: «Орзуларга етиш учун иродани, идрокни ишга солиш керак». Муаллиф фикрлари Фарҳод ва Хусрав муқоясасида давом этади.

Еттинчи фасл аввал ғазал, рубоий, сўнг хамсанавислик, «Хамса» таркибидаги достонлар поэтикаси, илмий асарлар табиати ҳақида бўлиб, турли синф­лар адабиёт дарсликларига сочилиб кетган ва бечора адабиёт ўқитувчиси учини тополмаётган мавзуга оид маълумотлар, таянч тушунчаларни тартибга солади. Ўқитувчи ўқувчига нима демоқчилигини чамалайди, билимларини тартиблаштиради. Китобнинг муҳим жиҳати шундаки, аввало, мисол тариқасида олинган байтларни тўғри ўқиш ўргатилади. Афоили келтирилади, оҳанг англангандан сўнг маъно қирралари кўрсатилади. «Навоий даҳоси ва замонамиз кашфиётлари» номли охирги суҳбатда Навоийнинг келажак тасаввурлари бугунги кун илм-фан ютуқлари билан таҳлил этилади.
Шундай қилиб, кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган китоб қўлингизда. Сиз ҳам уни ўқишингизни истар эдик.

Устозимиз адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров «Навоийни ўқинг, ишончга қайтасиз» деган эдилар. Устозимиз Омонулла Мадаев «Навоий амал қилган қатъий режада ИНСОН деган улуғ номга руҳан пок, имонли одамгина муносибдир» деб ёзмишлар. Улуғлардан бизга мерос – мана шу сўзлар улуғлигидир.

Шаҳноза НАЗАРОВА,

Яна ўқинг:  SHOIRLARNING BOLALARGA TUHFASI

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: