ЭПИЛЕПСИЯ ВА ТУТҚАНОҚ СИНДРОМИ

Бу қандай касаллик?

(2-қисм)

Эпилепсия ақлий заифликка олиб келадими?

Эпилепсиянинг баъзи турлари бора-бора ақлий заифликка олиб келиши мумкин. Баъзи беморларнинг хотираси пасайиб, тафаккур доираси торайиб боради. Бироқ бу бузилиш­лар дарров пайдо бўлмайди, секин-аста вужудга келади. Йиллар ўтиб, диққат тарқоқлиги ривожланади, фикрлар теранлиги сусаяди.
Бемор диққат-эътиборни талаб қилувчи ақлий машқларни бажаришда қийналади ёки уддасидан чиқа олмайди. Улар учун бир ишга киришиб кетиб, охиригача етказа олмай ташлаб қўйиш, асосий иш билан иккинчи даражали ишни чалкаштириш, кераксиз ишларга ўралашиб юриши мумкин.
Фикрлар карахтлиги беморнинг нутқида ҳам акс этади. Берилган саволларга лўнда қилиб жавоб бера олмайди, бир айтган гапини яна бир неча бор такрорлайверади ёки суҳбат бошида тушунарли бўлиб қолган воқеани яна сўзлаб беради. Улар ҳиссиётга берилиб сўзлашади, баъзан камгап, баъзан сергап бўлишади. Бу беморнинг кайфиятига боғлиқ.

Ёши катта беморларда, айниқса, аёлларда, пуэрилизм, яъни болаларга хос хулқ-атвор кузатилади. Уларнинг нафақат хатти-ҳаракатлари, балки фикрлаш доираси ҳам ёшидан орқада қолиши мумкин. Баъзан эса, 5-7 яшар болалар ўз ёшига мос келмайдиган ақл-заковатни кўрсатишади. Улар худди катталардек фикр юритишади, фойдали маслаҳатлар бериб қўйишади.

Баъзи ота-оналар боладаги бундай қобилиятдан қўрқиб кетиб, болани психиатрга ҳам кўрсатишади ёки бўлмаса фахрланиб юришади ва боладаги ноёб қобилиятни эпилепсия билан боғлашмайди. Демак, бошқа руҳий касалликлардан фарқли ўлароқ, эпилепсия бир-бирига зид бўлган руҳий ўзгаришлар билан кечувчи касалликдир.
Эрта ривожланган эпилепсияларда ақли заифлик кўп кузатилади. Бу ҳолат болаларда олий руҳий функциялар ҳали тўла шаклланмаганлиги билан боғлиқ. Шу боис болалик даврида кузатиладиган бош миянинг ҳар қандай оғир касаллиги руҳият ва тафаккурнинг у ёки бу даражада бузилишлари билан кечади.

Эпилепсия билан касалланган беморда кейинчалик бош миянинг турли касалликлари кузатилса, масалан, бош мия жароҳати, менингит, қон томир касалликлари, алкоголизм, руҳий бузилишлар кучаяди.
Руҳий бузилишлар яққол ифодаланган беморда кейинчалик тутқаноқ хуружлари бутунлай тўхташи мумкин. Шунинг учун ҳам психиатр­лар ва тиббий психологлар эпилепсиянинг сўнгги босқичларида тутқаноқ хуружлари ўрнини руҳият бузилиш­лари эгаллайди, деб айтишади.
Эслатма. Эпилепсиянинг 3-5 йил ичида бутунлай тузалиб кетадиган, ақлий ва руҳий бузилишлар умуман бўлмайдиган турлари ҳам кўп.

Эпилепсия ва ступор
(қотиб қолиш)

Яна ўқинг:  Ғазаб уйқу билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлади

Эпилепсияда ступор турли даражада, ­яъни оддий камҳаракатликдан тортиб, қотиб қолишгача кузатилади. Қотиб қолган беморда мутизм (гапирмай қўйиш) пайдо бўлади, бироқ у бировнинг сўзи ва ҳаракатини такрорлаши мумкин.
Одатда, ступор бир неча дақиқадан бир неча соатгача давом этади. Ступор пайтида тўсатдан фаол ҳаракатлар пайдо бўлиши ва бемор атрофдаги нарсаларни отиб юбориб, ёнидагилар билан уришиб кетиши мумкин.
Ступор, одатда, хуружлардан сўнг кузатилади, бунда тўла ва қисман амнезия (хотира йўқолиши) ҳам вужудга келади.

Беморни даволаса бўладими?

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, эпилепсия билан касалланган беморни даволаш қанча эрта бошланса, тўла тузалиб кетиш имконияти шунча юқори бўлади. Тутқаноқ хуружлари кузатилган бемор врач назоратига олиниши ва барча текширувлардан ўтказилиши лозим. Шунингдек, даволашни энди бош­лаган даврда айнан қайси дори эпилепсиянинг қайси турига фойда қилишини билиб олиш керак.

Антиконвулсантлар қандай буюрилади?

Эпилептик хуружларни бартараф этиш учун бериладиган дориларни антиконвулсантлар деб аташади. Масалан, финлепсин, депакин, конвулекс каби дорилар антиконвулсант ҳисобланади. Даволашнинг муваффақиятли кечиши тўғри аниқланган ташхис ва тўғри танланган дори турига боғлиқ.

Даволашда қуйидаги қоидаларга амал қилиш зарур

Даставвал эпилепсия тури, беморнинг ёши, қандай касалликлар билан оғриганлиги, дориларга аллергияси бор-йўқлиги ва руҳий ҳолати аниқланади.
Электроэнцефалография (ЭЭГ) албатта қилиниши ва даволовчи врач ЭЭГ хулосаларини ўқий олиши керак. Бу текширув эпилепсия ташхисини қўйиш ва унинг турини аниқлаш учун энг асосий текширув усулидир. Уни заруратга қараб ҳар 3-6 ойда ўтказиб туриш мумкин. Ташхис қўйиш мушкул ҳолатларда ЭЭГ видеомониторинг қилинади. Бунда беморнинг бошига тақиб қўйилган электродлар орқали бош мия биотоклари 12-24 соат мобайнида ёзиб турилади. Бу ёзувлар компьютер мониторида акс этиб туради ва биратўла видеога ёзиб борилади. Хулоса беморнинг қариндош­ларига CD дискда ёзиб берилади. Видеомониторинг, айниқса, абсанслар билан кечувчи эпилепсияда кўп қўлланилади. Бу усул билан бир кунда беморда неча маротаба абсанс рўй берганини аниқлаб олиш мумкин. Баъзида абсанслар бир кунда 50-100 марта ҳам кузатилади.

Даволаш учун дастлаб битта дори танланади ва у кам дозада бериб борилади. Дорининг дозаси ҳар 3-5 кунда ошириб борилади. Бунда тана вазни, хуружлар сони, беморнинг умумий аҳволи эътиборга олинади. Танланган дорининг бемор учун зарур дозаси аниқлаб олиниши ўта муҳим. Бу врачдан катта маҳорат ва тажрибани талаб қилади.

Антиконвулсантларнинг қандай берилиши индивидуал тарзда ҳал қилиниши ва буни фақат даволовчи врач ҳал қилиши керак. Даволаш режасини тузишда Халқаро стандартларга таяниб иш кўриш лозим.

Яна ўқинг:  ОЗОДАЛИК ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКДАН АСРАЙДИ

Бемор тузалгандан сўнг хуружлар яна қайта қўзғамайдими?

Агар даволаш тўхтатилгандан сўнг, яъни эпилепсияга қарши дориларни қабул қилиш поёнига етгач, хуружлар 5 йил мобайнида кузатилмаса, бемор тузалди, деб хулоса қилинади. Бироқ Халқаро эпилептологлар ассоциация­си маълумотларига кўра, 20 фоиз беморда тўла тузалиш кузатилмайди. Бундай беморлар операция йўли билан даволаниши керак. Бироқ операция ҳам ёрдам бермаслиги мумкин.
Эпилепсия ва тутқаноқ хуружларининг 80 фоизини терапевтик йўл билан, яъни дори-дармонлар билан даволаш мумкин. Айниқса, болалик даври эпилепсиялари, кам хуружлар билан кечувчи эпилепсия турларини самарали даволаш имкони бор.
Агар тутқаноқ хуружлари бош мия жароҳатлари, бош мия қон томир касалликлари (энцефалопатиялар), бош мия пардалари яллиғланиш касалликлари (менингит, энцефалит, лептоменингит), турли интоксикациялар (алкоголизм, болалар ва ўсмирларда гижжа) сабабли ривож­ланган бўлса, тутқаноқ хуружларини тўхтатиш учун касалликни келтириб чиқарувчи сабабни бартараф этиш лозим.
Статистик маълумотларга кўра, даволаш курсини тўғри ўтаган беморларнинг 50 фоизида кейинчалик хуружлар сира кузатилмайди, 30 фоизида хуружлар кам бўлса-да, қайталаниши мумкин, 20 фоизида даволаш қандай олиб борилишидан қатъи назар хуружлар қайталайверади, яъни ижобий натижа бўлмайди.

Даволаш натижа бермаслигининг сабаблари нимада?

Бунинг сабаблари бир қанча бўлиб, асосийлари қуйидагилар:
– эпилепсия тури нотўғри аниқланган, ­яъни ташхис нотўғри қўйилган;
– дори ёки унинг дозаси нотўғри танланган ва кам дозада бериляпти;
– дори қабул қилиш режими тез-тез бузилган;
– кечқурун тўйиб ухламаган ёки тунда ишлайди.

Дори ичишни қачон тўхтатиш мумкин?

Тўғри даволаш бошланганидан сўнг 2-3 йил мобайнида хуружлар кузатилмаса, аста-cекинлик билан дорилар қабул қилиш тўхтатиб борилади.
Эпилепсиянинг баъзи турларида бу муддат 5 йилгача чўзилади. Бироқ юқорида айтиб ўтганимиздек, деярли 30 фоиз беморда хуружлар яна қайталаниши мумкин. Бундай ҳолатларда даволанишни яна давом эттириш керак бўлади.
хуружларни батамом тўхтатувчи дорилар борми?
Эпилепсиянинг барча турларига зўр таъсир қилувчи универсал дори ҳанузгача ишлаб чиқилмаган. Масалан, карбамазепин тутқаноқ хуружларини яхши бартараф этса, бироқ абсанслар билан кечувчи эпилепсияда ёрдам бермайди. Этосуксимид, депакин, конвулекс абсансларни тўхтатишда жуда фойдали, ­аммо тоник ва клоник титрашлар билан намоён бўлувчи тутқаноқ хуружларини тўхтата олмайди. Бензонални қабул қилиб юриш эса бора-бора ақлий заифликка олиб келади.

Яна ўқинг:  Ошқозон яраси хуруж қилганда қандай тавсияларга амал қилиш лозим?

Агар ичиб юрган дори фойда қилмаса, уни бошқа дорига ўзгартириш тартиби қандай?


Фойда қилмаган дорини бирдан тўхтатиш асло мумкин эмас! Бу хавфли! Шунинг учун бир дорини иккинчи дорига ўзгартириш схемасини келтириб ўтаман. Дейлик, бемор А дорини 1 таб­леткадан 3 маҳал қабул қилиб юрибди. Уни қандай қилиб Б дорига ўзгартириш мумкин?

А дорининг дозасини ҳар 3 кунда камайтириб, Б дорига ўтиб бориш мумкин. Буни врач назоратида амалга ошириш керак. Врач хоҳишига кўра бир доридан иккинчи дорига ўтиш тартибини 3 кун эмас, балки 5 кун қилиб белгилаш мумкин. Бир доридан иккинчи дорига ўтишни ЭЭГ назоратида амалга оширса, самараси яхши бўлади.

Нима учун эпилепсияда доимо ЭЭГ текшируви ўтказиш тавсия этилади?

Чунки ЭЭГ эпилепсия турини тўғри аниқловчи ягона текшириш усулидир. Янги дорининг фойда бериш ёки бермаслигини даставвал ушбу текширув орқали билиб олиш мумкин. Чунки хуружлар камайишидан олдин ўзгаришлар аввал ЭЭГда кўзга ташланади. ЭЭГни эпилепсия­ни яхши тушунадиган мутахассис невропатолог ўтказиши керак. ЭЭГ қилаётганда, албатта, фотостимуляция синовини ўтказиш лозим.
Фотостимуляция – иккала кўзга махсус мослама ёрдамида ёруғлик нурлари орқали таъсир ўтказиш.
Ана шунда кўринмас тўлқинлар юзага чиқиб, эпилепсиянинг турини аниқлаш осон кечади. Гипервентиляция, яъни ЭЭГ олаётганда чуқур-чуқур нафас олиш ҳам эпилептик хуружлар, айниқса, абсансларни тез аниқлашга ёрдам беради. Баъзида абсансни юзага келтириш учун гипервентиляция ёки фотостимуляциянинг ўзи етарли. Хуружлар энди бошланган беморда эпилепсиянинг турини аниқлаш қийин кечади. Бунинг учун камида ҳар ойда бир марта ЭЭГ қилиб, беморни назоратга олиб, хуруж турларини аниқлаш ўта муҳимдир.

(Давоми бор)

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: