Хавфсиз овқатланишнинг энг муҳим беш тамойили: унга амал қилмаслик инсон ҳаётига хавф солади

Соғлиқ учун хавфли озиқ-овқат маҳсулотлари инсоният тарихининг илк давридан бошлаб одамзотга муаммо бўлиб келган. Бугунги кунда биз дуч келадиган кўпгина муаммолар аслида янгилик эмас.

Жаҳонда барча давлатлар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга доир имкон борича катта куч ва кўп маблағ сарф қилганларига қарамасдан ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда ҳам озиқ-овқат маҳсулотларининг зарарланишидан пайдо бўладиган касалликлар соғлиқни сақлашнинг жиддий масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Ич кетиш (диарея) хасталликлари сабабли дунёда ҳар йили 1,8 миллион киши вафот этиши ҳисоблаб чиқилган. Бундай ҳолатларнинг аксарияти ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотлари ёки тоза бўлмаган сувни истеъмол қилиниши билан боғлиқ. Озиқ-овқат маҳсулотларини тўғри тайёрлаш – овқат ҳазм қилиш тизими касалликларининг олдини олади.

200 дан ортиқ маълум бўлган хасталикларгина озиқ-овқат маҳсулотларидан зарарланиш сабабли вужудга келади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) овқат тайёрлаш билан шуғулланувчи кишилар ўртасида уларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда тиббий саводхонлигини ошириш муҳим эканлигини анча олдин аниқлаган эди. 1990 йиллар бошида ЖССТ “Хавфсиз овқат тайёрлашнинг ўн олти қоидаси” ни ишлаб чиқди ва бу қоидалар фаол равишда турли тилларга таржима қилиниб, кўплаб нусхаларда нашр этилди. Лекин бу ишни амалга ошириш жараёнида янада содда ва ҳаммабоп қўлланма кераклиги аён бўлди. Хавфсиз овқатланиш ва хавф омиллари бўйича мутахассислар орасида бўлиб ўтган, сал кам бир йил давом этган баҳс – мунозаралардан сўнг ЖССТ томонидан “Хавфсиз овқатланишнинг энг муҳим беш тамойили” деб номланган плакат ишлаб чиқилди. Унинг мазмуни аҳолининг эслаб қолишини осонлаштириш мақсадида соддалаштирилган. Хавфсиз овқат тайёрлашнинг ўн олти қоидаси, шунингдек, тавсия этилган чораларнинг батафсил келтирилган асослари киритилди.

Озиқ-овқатларнинг хавфсизлиги бузилган ҳолатлар сабабли ривожланадиган касалликлар ҳам ривожланган, ҳам ривожланаётган мамлакатлар учун бирдай муаммодир.

Тиббий хизмат тизимининг катта фоизи шу муаммони ҳал этиш билан банд бўлади. Кўпроқ мактабгача ва бошланғич мактаб таълими ёшидаги болалар, қариялар ва беморларга бу салбий ҳолат кўпроқ таъсир кўрсатади. Шунингдек, юқорида баён этилган сабаблар яна давлат иқтисодиёти, миллий ривожланиш ва халқаро савдо-сотиққа ҳам катта зарар етказади. Беморлар диарея (ичкетиш) сабабли ориқлаб кетади. Натижада улар оғир аҳволга тушади.

Яна ўқинг:  ҚУЁШ ВАННАЛАРИ ҚОН БОСИМИНИ ТУШИРАДИ

Микроорганизмлар шунчалик кичкинаки, тўғноғич бошига уларнинг миллионтасини жойлаштириш мумкин. Бактериялар, вируслар, замбуруғлар, моғор ва паразитлар буларнинг ҳаммаси микроорганизмлардир. Озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳиди, мазаси, кўриниши уларнинг хавфсиз эканлигидан етарли даражада далолат бермайди. Баъзи озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмолга яроқсиз қиладиган микроорганизмлар овқатнинг ташқи кўринишини ўзгартиради ва уларни хавфли маҳсулотга айлантиради. Масалан, нон устидаги моғор замбуруғи заҳарли модда (токсин)ларни ишлаб чиқаради. Озиқ-овқат маҳсулотлари орқали касаллик чақирадиган, асосан кенг тарқалган хавфли микроорганизмларга қуйидагилар мисол бўла олади:

– Бактериялар – salmonella, shigella, campylobacter ва e.cоli ичак таёқчаси;

– паразитлар – giardia, triхinella;

– вируслар-А гепатити, норовирус кабилардир.

Микроорганизмлар ҳамма ерда мавжуд. Лекин кўпроқ улар нажасда, тупроқ ва сувда, каламуш, сичқон, ҳашорат ва зараркунандаларда ҳамда уй ва сув ҳайвонлари, қорамолда, шунингдек, одамларда учрайди.

Микроорганизмлар ҳаракат қилиши учун кимдандир ёки нимадандир фойдаланади. Улар бир жойдан бошқа жойга кир тирноқ ва қўллар орқали ўтади. Митти зараркунандалар ифлосланган сув ёки озиқ-овқат маҳсулотлари орқали тарқалиши мумкин. Уй ҳайвонлари ҳам ифлосланиш манбаи бўлади.

Агар вирус билан зарарланган ошхона ходими таом тайёрлашни давом этираётган бўлса, баъзи вируслар егулик орқали харидорга ўтиши мумкин. А гепатити ва норовируслар айнан шу тарзда юқади. Зооноз – ҳайвонлардан одамларга ўтадиган микроорганизмлар чақирадаган юқумли касаллик ҳисобланади. Парранда гриппи ва e.coli 0157 инфекциялари зоонозга мисол бўлади. Парранда гриппи одамларга паррандалар билан бевосита алоқа қилиш ёки улар нажаси билан ифлосланган нарсалардан фойдаланиш натижасида юқиши мумкин.

Аксарият микроорганизмлар колонияси тезда кўпайиш йўли билан кенг жойни эгаллайди.

Кўпайиш учун уларга қуйидаги қулай омиллар керак: озиқланиш, сув, вақт, иссиқлик.

Гўшт, денгиз маҳсулотлари, пиширилган гуруч, макарон, сут пишлоқ ва тухум микроорганизмлар кўпайиши учун энг қулай муҳит бўлиб хизмат қилади. Битта бактерия 1,5 сония давомида иккинчисини вужудга келтиради. Бу дегани 6 соат давомида битта бактерия 16 миллионга кўпаяди. Зарарлаш даражасига етиши учун баъзи микроорганизмлар жуда кўп миқдорда кўпайиши керак. Бошқа бактериялар кам миқдорда ҳам касаллик қўзғатиши мумкин. Вируслар ўлчамлари жиҳатидан бактерияларга қараганда кўп маротаба кичик бўлади. Улар сув ёки озиқ-овқат маҳсулотларида ривожланмайди, лекин улар орқали ўтиши мумкин.

Яна ўқинг:  Сабзавотларни қандай ҳолатда истеъмол қилиш керак?

Миллиардлаб инсонларда йилига бир маротаба ёки ундан кўп марта озиқ-овқатдан келиб чиқадиган касаллик хуружи кузатилади. Уларнинг ўзлари хасталигига микроорганизмлар билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари сабабчи эканлигини билмайдилар ҳам.

Озиқ-овқатдан келиб чиқадиган хасталикларнинг кенг тарқалган белгилари қуйидагилардан иборат:

Меъда оғриғи, кўнгил айниши, ич кетиши ва қусиш ҳолатлари кабидир.

Ушбу белгилар касаллик сабаби билан боғлиқ. Бу каби хасталик белгилари бемор таом истеъмол қилганидан сўнг дарҳол ёки бир неча кун ва ҳаттоки, бир неча ҳафтадан сўнг пайдо бўлиши мумкин. Озиқ-овқатдан келиб чиқадиган кўпгина дардларда белгилар бемор озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилганидан 24-72 соат ўтгач пайдо бўлади. Бу эса ўз навбатида соғлиқ билан боғлиқ узоқ давом этадиган жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Жуда оғир касалликлар, саратон, бўғимлар яллиғланиши, асаб касалликлари ифлосланган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш сабабли келиб чиқиш эҳтимоли юқори.

Одатда озиқ-овқатларнинг хавфсизлиги бузилган ҳолатлар сабабли кузатиладиган касалликлар оқибатлари болалар, беморлар, ҳомиладор аёллар ва қариялар ўртасида жуда оғир кечиб, ҳатто, ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Ич кетиш давомида кўп миқдорда суюқлик ичиш танани сувсизланишдан сақлаб туради. Озиқ-овқатларнинг зарарланиши сабабли пайдо бўладиган касалликларнинг 3 фоизи узоқ вақт давом этадиган соғлиқнинг жиддий бузилишига олиб келиши мумкинлиги ҳисоблаб чиқилган. Қўл териси кесилганда, шикастланганда қўлқопдан фойдаланиш, уни тез-тез алмаштириш лозим.

Озиқ-овқатлар келиб чиқадиган хасталикларни даволаш бўйича тавсиялар турли мамлакатларда турлича фарқланади. Шунинг учун улар ҳар бир ҳудудга мослаштирилиши керак. Агар беморни ич кетиш тез-тез безовта қилиб, унинг нажаси сувсимон ёки таркибида қон бўлса ёки бу ҳолат уч кундан ортиқ давом этаётган бўлса шифокорга мурожаат этиш зарур. Баъзи озиқ-овқат маҳсулотларининг бузилиши сабабли кузатиладиган касалликлар беморлардан бошқаларга юқиши мумкин. Уларни парвариш қилаётган соғ одамга хасталикнинг юқиш хавфи мавжуд.

Касалланган бўлсангиз нима қилиш керак?

Агар дард чекаётган бўлсангиз озиқ-овқат маҳсулотларига қўлингиз билан тегманг ёки таом тайёрламанг. Хасталик белгилари йўқ бўлгандан сўнг 48 соатгача шу тартибга риоя қилинг. Лекин овқат қилмасликнинг иложи бўлмаса, таом тайёрлашдан олдин ва уни тайёрлаш давомида қўлингизни тез-тез совунлаб ювиб туринг. Агар касаллик белгилари жуда оғир бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг. Озиқ-овқатларнинг зарарланиши сабабли келиб чиқадиган хасталиклар фақат микроорганизмлар сабаблигина эмас балки кимёвий моддалар туфайли ҳам пайдо бўлади.

Яна ўқинг:  Истеъдодли теннисчимиз халқаро турнир ғолиби

Заҳарли ва зарарли омиллар

Табиий токсинлар, металлар ва экологияни ифлослантирувчи моддалар, ҳайвонларни зараркунандалардан тозалаш учун ишлатиладиган кимёвий моддалар, нотўғри ишлатилган пестицидлар, тозаловчи кимёвий воситалар, озиқ-овқат воситаларини тайёрлашда ишлатиладиган қўшимча (доривор)лардан нотўғри фойдаланиш каби ҳолатлар.

Кимёвий моддалардан заҳарланиш хавфини камайтириш учун полиз маҳсулотларини яхшилаб ювиш, уларнинг пўстини арчиш каби санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш кифоя қилади. Тўғри сақланган маҳсулотларда баъзи табиий заҳарларнинг пайдо бўлишининг олди олинади ёки камаяди. Заҳарланиш – кимёвий ифлосланиш натижасида вужудга келадиган бетобликни ифода этувчи атама. Баъзи табиий заҳарлар (масалан, афлатоксин) озиқ-овқат маҳсулотларининг моғорлаши оқибатида пайдо бўлади. Афлотоксинлар жигарга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса ўз навбатида саратон касаллигини қўзғатади.

Микроорганизмлар ўзингизга ва бошқаларга юқишига йўл қўйманг. “Хавфсиз овқатланишнинг энг муҳим беш тамойили” га риоя қилинг, яъни:

  1. Тозаликка риоя қилинг,
  2. хом озиқ-овқат маҳсулотларини тайёр овқатлардан ажратинг,
  3. таом тайёрлаш давомида озиқ-овқат маҳсулотларига иссиқлик билан яхши ишлов беринг,
  4. озиқ-овқат махсулотларини хавфсиз ҳароратда сақланг,
  5. тоза сув ва янги ҳамда сархил озиқ-овқат хомашёсидан фойдаланинг.

Гули Шайхова,

ТТА “Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси” кафедраси профессори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: