Юз билан юзлашишни хоҳлайсизми?

Унда спорт билан шуғулланинг

УЗОҚ УМР КЎРИШНИНГ АСОСИЙ СИРИ

“Спорт – соғлиқ гарови”, деган ибора қулоғимизга тез-тез чалинади. Аммо доим ҳам унинг асл моҳиятини тушуниб етавермаймиз. Агарда инсоннинг узоқ умр кўришида спортнинг нечоғли муҳим аҳамият касб этишини билганимизда эди…

Олимлар инсоннинг қанча умр кўришига турли омилларни сабаб қилиб кўрсатадилар. Яъни, 50 фоиз турмуш тарзига, 20 фоиз ирсиятга, 20-22 фоиз атроф-муҳит (экология)га, 8-10 фоизигина тиббиётга боғлиқ экан.

Англаганингиздек, узоқ умр кўришнинг асосий сири тўғри, соғлом ҳаёт тарзини ярата олишдадир. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг таснифлашича, одамларнинг ёшлик даври 44 ёшгача, ўртача ёш 45-59, кексалик даври 60-74, қарилик даври 75-89, 90 ёш ва ундан кўпи узоқ умр кўрувчилар ҳисобланади.

Уйингиз тўрида, дастурхон бошида хонадонингизни нурга тўлдириб ўтирган бобо ва бувиларнинг борлиги қандай бахт. Уларнинг дуосини олишни, кўнглини кўтаришни хоҳлаймиз, албатта. Ич-ичимиздан шу ёшга кириб юриш бизга ҳам насиб этсин, дея ният қиламиз. Хўш, узоқ умр кўришнинг сири нимада? Геронтологлар – одам умри давомийлигини ўрганувчи олимларнинг айтишича, инсон 150, ҳатто 200 йил умр кўриш ҳам мумкин экан. Машҳур аллома Абу Али ибн Синонинг тиббиётга оид асарларида ҳам шунга ўхшаш фикрлар бор.

РУҲИЯТИНГИЗ БАЛАНД БЎЛСА…

Мутахассислар спортнинг инсон соғлиғига ижобий таъсири ҳақида инкор этиб бўлмайдиган далилларни келтиришади. Ёшлигидан меҳнатда чиниққан, давраларни тўлдириб кураш тушадиган, чаққон, серҳаракат кишилар қарилик чоғида ҳам бошқалардан ажралиб туради. Бу уларнинг тетик, теран фикрида ҳам акс этади. Шунингдек, спорт билан мунтазам шуғулланувчиларнинг руҳияти баланд бўлиши фанда исботланган.

Ҳаётда тушкунликка тушса аксарият инсонлар ёки оиласидаги турли хил дилхираликлардан хафа бўлса, фарзандлари, яқинларини ўйлаб хавотирланса, дарров хасталаниб қолади.

Руҳшунослар бундай пайтда инсон ўзига ёқадиган машғулотлардан мусиқа тинглаш, расм чизиш билан шуғулланишни маслаҳат беради. Замонавий психологияда инсон кайфиятини кўтарувчи, иродасини мустаҳкамловчи восита сифатида спорт машғулотларига алоҳида урғу берилади.

– Спорт билан доимий шуғулланувчиларнинг соғлом бўлиши барчага маълум, – дейди шифокор Болта Эркаев. – Энг асосийси, уларнинг руҳияти соғлом, организми чиниққан бўлади. Эрталаб югуриш, енгил машқларни бажариш организмда қон айланишини яхшилайди. Бу эса сизга кун бўйи тетиклик бахш этади, натижада кайфиятингиз ҳам кўтаринки бўлади.

Яна ўқинг:  Мўъжиза неъмат

ЖИСМ FУБОРИНИ ТОЗАЛОВЧИ ВОСИТА

Спорт – соғлом миллат тарбиячисидир. Мамлакатимизда соғлом авлодни тарбиялашга қаратилаётган эътибор замирида бутун бир миллат, юрт тақдири ётади. Айниқса, хотин-қизларнинг ҳам жисмонан, ҳам манан етук бўлиши муҳим аҳамиятга эга.

– Қизларни ёшлигидан спорт машғулотларига жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Болта Эркаев. – Айниқса, ўсмир қизлар спортнинг бадиий гимнастика, теннис, волейбол, баскетбол каби турлари билан мунтазам шуғулланиши соғлиғи учун фойдалидир. Қиз бола – бўлажак она. У жисмонан бақувват, соғлом бўлсагина, соғлом авлодни дунёга келтира олади.

Спорт нафақат соғлиқ учун фойдали, балки у инсонга эстетик завқ улашиши билан ҳам аҳамиятлидир. Гиппократ “ёмғир дарахт баргларидаги чангу ғуборни ювгани сингари гимнастика жисм ғуборини тозалайди”, дейди. Дарҳақиқат, бадиий гимнастикачи қизларнинг нафис ҳаракатлари томошабинларга завқ улашади.

ТараҚҚиёт кушандасига айланмай десангиз…

Техника тараққий этган сари инсон ҳаётида қулайликлар ортиб бораверади. Хонадонингизда кир ювиш машинаси, чангютгич сингари қатор маиший-техника асбобларининг борлиги бир томондан вақтингизни тежаса, иккинчи жиҳати, сиз ортиқча энергия сарф қилишдан қутуласиз. Телевизорни ёқиш, каналини ўзгартириш учун ўрнингиздан туриб, мурватини бурашга ҳожат йўқ. Ўтирган жойингизда бемалол уни бошқараверасиз. Интернет орқали истаган нарсангизни харид қилишингиз, дўстларингиз билан кўришиб, суҳбатлашишингиз мумкин. Ҳатто яқин йилларда инсон эрталаб уйқудан туриб об-ҳавонинг қандайлигини билиш учун дераза томон эмас, интернет столига қараб юриши эҳтимоли кучли экан. Олимлар томонидан айтилган мазкур фикр ва юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб дейиш мумкинки, вақт ўтган сари инсоннинг спорт машғулотларига эҳтиёжи тобора ортиб бораверади.

Шундай экан, спорт билан шуғулланиш имкониятидан фойдаланинг, югуринг, сайр қилинг. Токи жисмингиз соғ, руҳиятингиз тетик бўлсин!

Моҳигул ҚОСИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: