ЗАНЖАБИЛ ВИРУСЛИ ХАСТАЛИККА ҲАМ ДАВО(МИ?)

Занжабилсимонлар  оиласига  мансуб  бу  кўп  йиллик  ўсимликнинг  ватани Жанубий  Осиё   бўлиб, ҳозир  Хитой    ва  Ҳиндистон,   Индонезия  ва Австралия, Ғарбий  Африка,  шунингдек,  Ямайка  ва  Барбадос оролларидаги тропик  ва  субтропик ҳудудларда  ўстирилади.  Занжабил санскритчада “шохли  илдиз”  деган  маънони  англатади  ва  “универсал дори  воситаси”  сифатида  кенг  қўлланилади.

 Занжабил  Европага  ўрта  асрларда  савдогарлар  томонидан  олиб  келинган  ҳамда  ундан  зиравор  ва  дори-дармон  сифатида  фойдаланилган. Хусусан,  ўлатнинг  олдини  олишда  асосий  дори  воситаси  ҳисобланган. Абу  Али  ибн  Сино  “Тиб  қонунлари”  асарида  кўплаб  хасталикларни  даволашда  қўлланадиган  малҳамларни  тайёрлашда улар  таркибига  занжабил   қўшиш  лозим,  деб  ёзган.

15-асрда  яшаб  ижод  этган  Юсуф Муҳаммад  ибн Юсуф ат-Табиб  ал-Харавий   “Хайрли  кишиларга  фойдалар”  асарида  занжабил  ҳақида  анча  мукаммал  маълумот  беради:

Томирсиз   занжабил  бўлса  қўлингда,

Эски  бўлмай,   янги  бўлса у бироқ,

Қоринда  йиғилган елларни ҳайдар,

Юз   фалажи  шолга  фойдадир  ҳар чоқ,

Ҳар  ким  ундан  ҳар  кун  истеъмол қилса,

Қуввати  ошади  шубҳасиз,  мутлақ.

16-асрда  яшаб  ижод  этган  Ҳаким  Давоий  ал-Ғилоний  ҳам  “Инсонларга  фойдалар”  асарида  занжабил  ҳақида  кенгроқ  маълумот  беради:

Жигару  миядан  тиқилма  очар,

Сабаби  балғамдир,  иллат  тез  қочар.

Бошга  соз,  кўз  эса  зулмати  камдир.

Бош  оғриқ  қувилар, лақвага  қадар,

Меъдадан   ҳўллик  ҳам  қувилар  бадар.

Таркиби

Занжабилнинг   илдизи  доривор  бўлиб,  таркибида  1,5 фоиздан 3 фоизгача  эфир  ёғлари, 70 фоизгача  органик  кислоталар, ноёб  аминокислоталар бор. Витаминлардан  С, А, Д, В1, В2, В3, В4, В6, В12  дармондорилари  мавжуд. 

Булардан  ташқари    калий,  фосфор, магний, темир, мис  бор.

Хусусиятлари

Жигарни  тозалаб, ундан захарли  моддаларни  чиқариб   юборади.

Жигарни  ҳар  йили  бир-икки марта  тозалаш   зарур. Бу  ҳаётий  муҳим  аъзо  қонни   фильтрлаб  туради  ва  қон-томир  тизимидан  зарарли ва  заҳарли    моддаларни  чиқариб  юбориш  учун  хизмат   қилади.

Занжабилли  чой  ичилганда ундаги   занжабил  ва  долчин  бирикмаси  жигарни  ҳимоялаб,  тозалаб  туради, бунинг  натижасида  у  тозаланиб, енгил  тортади ва  ўз  вазифасини  фаол бажаришга  ўтади.

Ўт  пуфагига фойдаси

Агар  ўт пуфагингизда  тош  пайдо  бўлган  бўлса,  бу  чойдан  мунтазам  ичиб  юринг,  бу  нафақат  жигарингизни  ҳимоялашда  ёрдам  қилади,  балки  шу  билан  бир  қаторда  ўт  пуфагингизни  ҳам  соғломлаштиради.

Организмни ичдан қиздиради

Яна ўқинг:  Ўзгача коклетлар

Бундай  қайноқ  чой  ичилганда қиздиради  ва  совуқдан  ҳимоя  қилади, шунинг  учун  совуқ  ва  нам  ҳаволи  кунларда  ичиш  айниқса  ёқимли.

Занжабил  организмни  қиздирувчи  таъсирга  эга,  ортиқча  калорияга  эга  бўлган  кераксиз  энергияни  чиқариб  юборади,  танада  меъёрдаги  ҳароратни  сақлашга  ёрдам  беради.

Овқат  хазм қилишни яхшилайди

Овқат  ҳазм  қилишда  муаммоси    бўлган  кишилар  ошқозон-ичак йўллари  фаолиятини  яхшилаш  мақсадида  бу  чойдан  ичиш­лари  мумкин.

Бу  чой  баданни  яхшигина  қиздиради,  ички  аъзолардаги  шамоллашларни  олади,  қорин  дам  бўлишидан  ҳамда  елдан  халос  этади.

Иммун тизимини мустаҳкамлайди

Занжабил айниқса калий, фосфор ва витамин С га бой, бу  моддалар  иммунитетни  мустаҳкамлашда,  грипп ва  шамоллаш  вирусларига  қарши  курашда  муҳим  аҳамиятга  эга. Шунингдек, эркаклик  қувватини  оширади.

Атеросклерозда,  ёғлар  ва  холестерин  алмашинуви  бузилганда  қон  томирлар  ҳолатини  меъёрга  солади. Бош  оғриғида,  елкада  оғриқлар  пайдо  бўлганда,  сурункали  бод  хасталигида  ундан  компресс  қилинади. Артрит  ҳасталигида  хам  шифо  бўлади.

Занжабил – ароматерапияда  кенг  қўланилади. Асаб  ва  руҳий  зўриқишлар  ва, айниқса,  вирусли  касалликларни  даволашда  яхши  муолажа  ҳисобланади.

Иссиқ ингаляциялар,  ванналар,  баданга  суртиш,  уқалаш  ва  истеъмол  қилиш  зарур  бўлганда  ҳам унинг эфир  мойларидан  фойдаланилади.

Овқат  ҳазми  бузилишидан  ҳосил бўлган  ич  кетишини  тўхтатади.

Товуқ  тухуми  сариғи  билан  бирга  ейилса,  манийни  кўпайтиради  ва  унинг   қуюқлигини   ислоҳ қилади.

Занжабилни оғизга  солиб  сўрилса, меъдада балғам йиғилиши оқибатида ҳосил бўлган   ташналикни бартараф  этади.

Бобомиз Абу  Али  ибн  Сино  занжабилнинг  хосиятлари  устида  тўхталиб, унинг  юракка қувват  бериши,  қусишни   тўхтатиши,  ич  кетишини  қолдиришини  айтиб  ўтган.

Туйиб  элакланган  талқони   табобатда  жигар,  юрак,  меъда  хасталигини  даволашда ишлатилади  ( чойнакда  асал  билан  аралаштириб  ичилади).

Аёлларда  ҳомиладорликдаги  кўнгил  айниши,  организмнинг  турли  хил  шамоллашлари олдини олади.  Совуқ  кунларда – тумовнинг кўпайиши  мавсумида  иммунитетни  кучайтиради.  Қайноқ  сут  ёки  чойга  бир  оз  занжабил илдизидан  қўшиб ичиш  инсон  соғлиги  учун бениҳоят  фойдали.

Ҳозирги  замон  тиббиёти  илмий  тадқиқотлари  ҳар  хил  шамоллашлар, грипп   касаллиги  асоратлари ва онкологик ҳамда юрак  касалликлари  олдини  олишда  бу  шифобахш  гиёҳ  илдизи  муҳим  рол  ўйнашини тасдиқламоқда.

Инсон  ҳазм  аъзолари,  денгиз   касаллиги,    автомобилда  ёки  самолётда  айрим  кишиларда  бўладиган  бош   айланиши,  кўнгил айниши,  қайд  қилиш,  терлаш  каби  хасталикларнинг  олдини  олиш  учун  ишлатиладиган  замонавий  “Драмамин” дорисидан  ҳеч  қандай  камчилиги  йўқлиги,  ундан  қолишмаслигини  мутахассислар  таъкид­лашмоқда.

Яна ўқинг:  Шафтоли – қувват манбаи

Занжабил  билан  чой  бир  бўлганда  тўқималарни  макон  қилган  ёғлар  дарҳол  иссиққина  жойларини  тарк  этишади.

Бундай  чой  одамни  тетиклаштириб,  мушаклардаги  ёғ  қатламларининг  эришини  тезлаштиради.  Бундан  ташқари, занжабилли   чой  организмдан  ортиқча  сувни  ҳайдайди.

Занжабил  атир-упа  саноатида  ҳам  фойдали  хомашё  сифатида  нихоятда   қадрланади.

Озиқ-овқат  саноатида  кондитер  маҳсулотларини  ишлаб  чиқаришда  ва  пазандачиликда  баъзи  овқатларга  (пишиш  олдидан)  майдаланган  ҳолда  зиравор  сифатида  қўшиб  ишлатилади.

Ўт  тош  касаллигида: бир  дона  олхўри  қоқига  озроқ  занжабил  шарбати  қўшиб  қайноқ  сув  билан  ичилади.

Йўталда: янги  соғилган  сутга  қирғичдан  ўтказилган  занжабил  қўшиб  ичилса,  яхши  муолажа  бўлади.

Семиришда: янги  янчилган  занжабилли  чой  яхши  ёрдам  беради ҳамда  занжабил  иси  иштаҳани  йўқотади.

Японлар  эса  дастурхонга  маринадланган  занжабилни  гуруч  ва  балиқ  билан  бирга  қўядилар, чунки  у  тозаловчи,  иммунитетни  оширувчи, микробларга  қирон келтириш  хусусияти  билан  саримсоқдан  қолишмайди.

– Бир  бўлак  занжабил  томоқдаги  ангинага, тиш  оғриғига ҳам  шифо  бўлади.

– Занжабил  таомлар  ҳазмини  меъёрга  солади, организмни  заҳарли  моддалардан  тозалайди. Бунинг  учун  қирғичдан  чиқарилган  занжабилни  лимон  шарбати  ва  озгина  туз  қўшиб,  эрталаб  нонуштага  қадар  исеъмол  қилиш  керак.  Занжабилнинг  қўлланиш  доираси  шу  қадар  кенгки,  шу  боис  уни  ҳақиқий  мўжизавий  дори,  деб  аташади.

Занжабилли  чой  тайёрлаш  усули  қуйидагича: қирғичдан  янги  чиқарилган  уч  чой  қошиқ  занжабил  илдизи  100 мл.  сув  ёки  сутга  солиниб,  қопқоғи  зич  ёпилган  эмалли  идишда  паст  оловда  10  дақиқа  қайнатилади. Сўнг 5-10  дақиқа  димлаб  қўйилади  ҳамда  асал  ва  лимон  қўшиб  иссиғида  ичилади.

– Майдалаб  кесилган  ёки  нафис  бўлак­ланган  занжабил  илдизини  чойкакка  солиб,  устидан  қайнаб  турган  сув  қуйилади  ва  бироз  дамланади. Сўнгра  лимон  ва  асал  қўшиб  ичилса,  жуда  хуштаъм  бўлишдан  ташқари,  ниҳоятда  фойдали  ҳамдир.

– Занжабил  сабзавот  ва  меваларни  маринадлашда  ишлатилади.  Гўшт  димланганда гўшт  хушбўй  бўлади  ва  майинлигини  сақлайди.  Бир  килограмм  хамир  ёки  бир  килограмм  гўштга  бир  грамм  занжабил  солиш  кифоя.

Занжабилли чойни ичиб бўлмайдиган ҳолатлар: Занжабил  ошқоғонни  кўп  касалликларидан  ҳимоя  қилса  ҳам,  овқат  ҳазм  қилиш  аъзоларида  муаммоси  бор  кишиларга  бундай  чой  ичиш  тавсия  этилмайди, чунки  занжабил  қўзғатувчи  моддадир.  Шунингдек,  уни  ичиш  ҳомиладор  аёлларга,  болаларга  ва  кучли  антикоагулянт  дорилар  қаторига  кирувчи  аспирин,  варфорин, тиклопидин  ёки  гепарин  каби  дори-дармонлар  ичиб  юрувчи  кишиларга  тавсия  этилмайди. Занжабилни  ичишдан  олдин  шубҳа туғилса, даволовчи  шифокор  билан  маслаҳатлашиш лозим.

Яна ўқинг:  Ёш оналарга фойдали 10 маслаҳат

Холида ОЧИЛОВА,

Олий тоифали шифокор-эндоскопист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: