ИЖТИМОИЙ ИЗОЛЯЦИЯ: Масофа сақлаш, қариндошларни йўқлаш ва тоза ҳавога чиқиш борасида мутахассис маслаҳатлари

Айни пайтда баъзи дўконларда, дорихоналарда 1,5-2 м. қилиб белгиланган навбат кутиш масофаларини кўряпмиз. Маълумки бу тартиб вирусдан ҳимояланишга ёрдам беради. Ҳозирда бошқа бир қатор мамлакатларда ҳам оралиқ масофа сақлаш қатъий белгиланган. Умуман, чизиқ тортилмаган бўлса ҳам жамоат жойларида одамлар ўзини ва яқинларини хавфли вирус юқишидан асраш учун бир-бирига яқин келмаслиги шарт. Унутманг, COVID-19 ёши катталар учун хавфли дейилмоқда, лекин ёшлар бундан бутунлай ҳоли дегани эмас.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ижтимоий масофаланиш – коронавирус тарқалишининг олдини олишда энг муҳим чора. Бугунги кунда аксарият юртдошларимизни қизиқтираётган карантин вақтида масофа сақлаш, қариндошларни йўқлаш, болаларни сайр қилдириш ҳақидаги саволларга шифокор-терапевт Гулбаҳор ҚОДИРОВА жавоб берди.

Ижтимоий масофаланиш нима?

Оддий қилиб айтганда, бу одамлар орасидаги муносабатни чеклаш, камида 2 м. атрофида масофа сақлашдир. Бундан ташқари, жамоат транспортларидан фойдаланмаслик, уйдан туриб ишлаш, оммавий тадбирлар ва одамлар кўп йиғиладиган жойларга, ҳатто қариндошларникига меҳмонга бормаслик – буларнинг барчаси ижтимоий масофаланишга киради.

Иложи борича, ёшлар ҳам ижтимоий масофаланишга риоя қилишлари керак. Ҳатто инсон ўзи касал юқтирганини билмагани ҳолда ҳам уни бошқаларга юқтириб юраверади. Шунинг учун инфекция тарқалишининг давом этишига сабабчи бўлмаслик, катта ёшдаги қариндошларини асраш мақсадида ҳам ҳар бир фуқаро ижтимоий масофаланиши жуда муҳим.

Болаларни тоза ҳавога олиб чиқиш мумкинми?

Албатта. Фақат кўчада одам бўлмаганда болани яқин боғ ёки майдончага тоза ҳавога олиб чиқиш мумкин. Кексалар ва ўрта ёшли одамлар ҳам шахсий томорқасида жисмоний машғулотлар билан шуғулланса бўлади. Ёш болалар назорат остида уй олдида велосипед ҳайдаши, сайр қилиши мумкин.

Асосий мақсад уйда ўтириш эмас, балки бош­қалар билан яқин алоқани чеклаш. Зарур нарсаларни харид қилиш ёки дорихонага бориш учун уйдан тиббий ниқоблар ва бошқа гигиеник воситалар билан ҳимояланган ҳолда чиқиш керак. Уйни тарк этганда, ёнингизда антисептик гель ёки спирт олиб чиқинг. Қўл теккизиш мумкин бўлган юзаларни артинг, қўлларингизни спиртли эритма билан тозаланг. Аммо юзингизга қўлингизни теккизманг. Энг асосийси, уйда бўлганда ҳам қўлингизни тез-тез совунлаб ювиб туринг. Айниқса, кўчадан қайтганингизда, овқатланишдан олдин ёки ёши катталар ва кичиклар билан мулоқот қилишдан олдин бу жуда муҳим.

Яна ўқинг:  Вирусли ва бактерияли инфекцияларни қандай даволаш мумкин?

Дўконга борса бўладими?

Ҳа. Лекин қатновни камайтириш учун бир вақтнинг ўзида иложи борича кўпроқ маҳсулот харид қилинг ва камроқ одам бўладиган вақтда боринг.

Ҳар қандай жиҳознинг юзасида вирус бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Саватчалар ва араванинг дастасини ушлашдан олдин уларни дезинфекция қиладиган салфетка билан артинг. Сабзавот ва меваларни саралаганда қўлингизга полиэтилен пакет кийиб олинг. Харид вақтида телефонингизга тегманг.

Қариндошлар ва оила аъзолари кўргани келса-чи?

Бу оила аъзолари орасидагиларнинг ёши ва саломатлигига боғлиқ. Агар улар орасида саломатлиги заифлар бўлса, унда мулоқотни чеклаш шарт. Уларни қўллаб-қувватлаш учун қўнғироқ қилиб ёки видеомулоқот орқали аҳволларидан хабар олиб туринг.

Агар фарзандингизнинг коронавирусга тааллуқли бўлмаган касаллиги бўлса, уларнинг уйда бўлгани маъқул. Агар улар соғлом бўлса, даладаги машғулотлар, масалан, велосипед ҳайдаш билан шуғулланса бўлади.

Болаларнинг оғизлари, бурунлари ва юзларига кўп тегинишларини ҳисобга олиб, улар болалар майдончаларига ўйнагани чиқишса, ўйин давомида тегиши мумкин бўлган ҳар қандай юзаларни аввал дезинфекция қилинг. Болаларда коронавирус оғир кечмайди, лекин улар уйга қайтиб катта ёшдагиларга вирус юқтиришлари мумкин. Уларнинг қўлларини тез-тез совунлаб ювиб туриш шарт.

Онлайн мулоқот:

унинг нафи борми?

Оила аъзолари ва яқинлар билан алоқада бўлиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлиши мумкин. Одамлар стресс ҳолатида бир-бирини тинчлантиради. Узоқ муддат яқинлар билан кўришмаслик кишининг руҳий аҳволига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин.

“Ижтимоий масофаланиш” ижтимоий изоляция дегани эмас. Технологиялар воситасида одамлар ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва видео орқали алоқада бўлиши мумкин. Шундай қилсангиз, вирусдан ҳимояланган бўласиз. Узоқдаги яқинларингизнинг ҳам кўнгли хотиржам бўлади.

Манзура БЕКЖОНОВА

ёзиб олди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: