Маржонанинг қувончи

Болалик – беғубор, гўзалликларга тўла олам. Тенгқурлар билан ўтган ўйинқароқ онлар, оламларга сиғмай яйрашлар, капалаклар ортидан қувлаб кўнгиллар ҳаприқиши… 2006 йилда дунёга келган Маржона Болтаева ҳам беғубор болалик завқи ила яшар, лекин уни бир дард қийнаб келар, яъни у туғма юрак нуқсонидан азият чекарди.

Маржона кичиклигидан кўплаб шифохона ҳавосини туйди. Уч ёшида илк бор жарроҳлик столига ётди. Амалиёт муваффақиятли ўтди. Ота-онасининг бу пайт­даги қувончини кўрсангиз эди. Фарзандини соғ-омон қўлига олишгач ҳаяжондан шифокорларга нима деб миннатдорлик билдиришни билишмасди. Операция қилган врач уларга фарзандининг иккинчи операция­сини 12 ёшида қилдириш лозимлигини қайта-қайта таъкидлади. 

– Лекин, – дейди Маржонанинг отаси Ҳусан Шодмонов. – Операция вақти келган бўлса-да уни ўтказиш учун қўлим калталик қилди. Хусусий шифохоналар катта пул сўради. Бормаган жойим қолмади. Ўзингда йўқ оламда йўқ. Шу муаммо билан бир йил ўтиб кетди. Бу орада бир-икки яхши инсонлар “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди болалар соғлиги йўлида кўплаб хайрли лойиҳаларни амалга ошириб келаётганини айтиб, бориб учрашишимни маслаҳат беришди…

Фонд масъуллари Ҳусан аканинг дардига қулоқ тутишиб, вақтнинг тиғизлиги сабаб дарҳол амалий ишга ўтишди. Маржона фонд кўмаги билан шу йил йилнинг июн ойида “ERA MED” тиббиёт марказида иккинчи бор жарроҳлик амалиётини ўтказди.  

– Операция бепул, фонд лойиҳаси асосида қилинди.Очиғини айтсам, бундан бошим кўкка етди. Кўзимдан ёш оқди, – дея сўзида давом этади Ҳусан ака. – Фонд масъуллари, операция қилган шифокорларга мингдан минг раҳмат. Бу яхшиликларини асло унутмаймиз. Айни кунларда тўлиқ соғайиб кетган қизимнинг кўзидаги қувончни кўрсангиз эди… Бундан онаси иккимиз дунёларга сиғмай беминнат ёрдам қўлини чўзган инсонларни қайта-қайта дуо қиляпмиз. Биздан-да бахтли одамнинг ўзи йўқ.

Ракия УБАЙДУЛЛАЕВА

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: