Англаш ҳисси
Тонгда уйғониб соат аллақачон иш вақти бошланиб кетганини кўрсатаётганини кўриб шошиб қолдим. Кейин каронавирус сабабли карантин эълон қилингани, масофадан туриб ишлашга ўтганимиз, кеча ярим кечасигача ишлаганим ёдимга тушиб, эринибгина жойимдан қўзғалдим…
Компьютер қаршисида ўтириб ишларим билан машғул бўлар эканман негадир бир неча ой илгари бўлган воқеа ёдимга тушди. Тўғри, ишимизда масъулият катта. Айниқса, халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳар қачонгидан ҳам кўп ишлашни талаб қилади.
Ўша куни ҳам иш кўп бўлди. Худди ҳамма иш менга қолиб кетган-у, бошқалар ўйнаб юрибди. Лекин топшириқларни ўз муддатида бажармасам бўлмайди. Бу туғма одат. Охирги ишимни тугатиш анча қийин кечди. Бунинг устига фикрни жамлашга имкон бермаётган телефон қўнғироқларидан “мазза қиляпман”. Қўнғироқларга жавоб берарканман иложи борича асабийлашмай, босиқлик билан сўзлайман. “Ҳамма бир муаммо билан сим қоқади, ҳеч ким қандай муаммоинг бор, нима ёрдам керак, яхши юрибсанми, бир ҳол-аҳвол сўрай дегандим”, демайди деган ўй миямда айланади. Охири бўлмади. Асаблар дош бермади. Аксига олиб шу вақтга яқин танишим тўғри келиб қолди. У қўнғироқ қилиб ўзининг “мен учун осон, у учун қийин” муаммосини айтиб маслаҳат сўраган эди, арзимас сабаб xафа килиб куйдим. Бу одатий ҳол, ҳар ким билан бўладиган ҳолат-ку” дейишингиз мумкин, лекин мен бундай ҳисобламайман. Чунки инсон қандай вазиятда бўлмасин унга кимдир иши тушиб, бунинг устига маслаҳат сўраб мурожаат қилганда овозини баланд кўтариб, дашном беришга ҳақли эмас. Зеро, кишининг кимнингдир маслаҳати, ёрдамига муҳтож бўладиган вазияти бўлиб туради. Бу ҳар ким билан ҳар маҳал юз бериши мумкин. Ҳеч қайси мансаб-мартаба инсоннинг инсонга иши тушмаслигидан кафолатлай олмайди. Минг қўйлининг бир қўйлига иши тушибди, деб бежиз айтилмаган. Бундан ташқари, биров ҳар кимга ҳам ҳадди сиғиб маслаҳат солмайди. Агар бир инсоннинг олдида кимдандир маслаҳат сўраш масаласи турса, у энг аввало, ўзи ишонган, ҳурмат қилган, кўмак беришига энг кўп ишонган танишига суянади. Ўзим учун ўринсиз бўлган муомалани қилганим чарчоғимни чиқармади, балки кўпайтирди. Унга “аччиқ ҳақиқатлар”ни айтишга сарф қилган вақтим ва қувватимнинг ярмини сарф қилиб маслаҳат берсам иши битарди, мен эса савобли бўлардим. Бунинг устига сўраган маслаҳати мутлақо ўринли эканлигини эсласам ноўрин муомаламдан баттар ҳижолат чекаман.
Қизиқ, бу воқеани ўша куннинг ўзида унутгандим-ку, нега энди ҳозир ёдимга тушди? Нега энди айнан ҳозир таҳлил қиляпман? Ҳа, чунки иш билан бўлиб, буни ўйлаб кўришга ҳам вақтим бўлмаган… Энди карантин. Ишлар камайган. Бунинг устига масофадан ишлаяпман. Шу сабабли бу каби “арзимаган” воқеаларни таҳлил қилиш имкони туғилган. Яхши бўлди. Ҳозирги мулоҳазам келгусида яна шунақанги ноўрин муносабатлар бўлмаслигига замин яратади.
Нимадир телефондан ўша танишимнинг номерини теришга ундади. Кечирим сўраганимдан сўнггина кўнглим таскин топди…
Шу ўринда миямга бир фикр келди. Карантин ҳаёт ташвишларини бир зум унутиб, ўзаро муносабатлар, меҳр-оқибат каби муҳим қадриятлар ҳақида фикр юритиш имконини бераётгандек гўё…
Муяссар БЎТАЁРОВА,
Мирзо Улуғбек туманидаги
308-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси