СУВ ҲАМ ТИРИК МАВЖУДОТ
Сув борки, ҳаёт бор. Инсон учун тириклик бахш этадиган энг ноёб манба, бу олтиндан ҳам қимматли неъмат – сувдир. Буни ҳар биримиз ёзнинг жазирамасида бир пасгина чанқоқликка дуч келганимизда яхши англаб олганмиз.
Ҳа, сув шундай обиҳаётки, пўрвиқор тоғлар бағридан замин бағрига шошиладиган шаршаралар ҳам ҳаёт нафаси ила ҳайқириб, сачраб, сакраб заминга отилади. Тошдан-тошга урилиб, зарраларга айланиб, сўнг яна ҳавога кўтарилади. Унинг бир қисми дарё ва анҳорларга қўшилиб инсонларга, она табиатга ҳаёт бахш этади.
Ана шу сувнинг таъми ва ҳаётбахшлигидан баҳраманд тирик мавжудот борки, унинг кучи ва мўъжизавийлиги ила ҳаёт отлиғ тириклик дунёсида жавлон уради. Аслида сув ҳам тирик мавжудот. Тоза ичимлик сувида тириклик аломати борлигини текширишган олимлар қизиқ тафсилотларни аниқлаганлар. Улар бир қатор тажрибалар ўтказиб, сувда сезиш, таъсир қилиш, таъсирланиш аломатларини кўришган.
Аниқ қилиб айтадига бўлсак, сув “гапиради”, “эшитади” ва “кўради”.
Япон олими М. Эмато, австриялик олим А. Губер, рус олими С. Зенин ўз илмий хулосаларида сув олам ва одам муносабатларининг муҳим воситаси эканлигини қайд этганлар. Халқимизнинг қадимий барҳаёт анъана ҳамда қадриятларида ҳам сувни эъзозлаш, унинг қадр-қимматини ҳар недан устун билиш ҳақида ривоят ва ҳикоятлар мавжуд. Мутахассис олим М. Эматонинг микроскоп орқали ўз исботини топган тажрибаларига кўра, фақат эзгу ва яхши сўз, фикр ва туйғуни “эшитган” сувнинг кристаллашган (музлатилган) ҳолати ўзгача гўзал кўринишни олган. Аксинча, ёмон ёки қўпол сўзлар айтилган сув кристаллари қорайган ёки хоатик ҳолга кирган. Олимнинг “Сувнинг айтганлари” номли китобида ахборотлар таъсиридан кейин сувни кристалланган шаклларининг 200 дан 500 мартага катталаштирилган тасвирлари берилган. Тасвирларга кўра, “фаришта” сўзини эшитган сув кристали ўра шаклини, “муҳаббат” сўзини эшитган сув кристали олти бурчакли гул шаклини, “жонимга тегдинг” деган сўзни эшитган сув кристалларининг шакли саҳрода қочиб бораётган одам шаклини олган. Танамизнинг 70 фоиздан кўпини сув ташкил қилгани учун ҳам балки инсон яхши сўзнинг гадоси бўлса керак.
Сув инсон ҳаётида энг муҳим ўрин эгаллайди ва уни ҳеч нимага алиштириб бўлмайди. Агар табиатда темир заҳираси тугаса, уни пластмассага алмаштириш, ўсимлик ёки ҳайвон оқсиллари бўлмаса, уни сунъий йўл билан олиш мумкин. Аммо сувсиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди.
Бундан ташқари, сув қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, саноат корхоналарининг ривожи учун ҳам энг зарур суюқ минерал, табиий хом ашё ҳисобланади.
Сув сайёра иқлимини сақлашда ҳам асосий рол ўйнайди.
Сув инсон организмининг яшаш жараёнида, муҳим биокимёвий жараёнларда фаол қатнашиб, тана ҳароратини мўътадил сақлайди. Туз ва бошқаларни ионларга парчалаб, организмда ҳаётий муҳит яратади. Меъда–ичак, овқат ҳазм қилиш жараёнида, қондаги осматик босим доимийлигини таъминлашда, қон айланиши ва мускуллар қисқаришида воситачилик қилади. Хужайра ва тўқималарда ҳосил бўладиган заҳарли чиқиндиларни ташқарига чиқаришда, тўқима ва хужайраларга керакли озуқа моддаларини етказиб беришда фаол иштирок этади.
Сувнинг сифати ва табиий ҳолатининг бузилиши, таркибида юқумли касалликлар тарқатувчи микроорганизмларнинг бўлиши, гижжа тухумларининг кўпайиб кетиши ёки заҳарли хусусиятга эга кимёвий моддалар миқдорининг кўпайиши инсон соғлигига зиён етказиши шубҳасиз.
Олимларнинг таъкидлашича, 2025 йилга келиб сув танқислигидан 2 миллиард аҳолининг азият чекиш эҳтимоли бор. Экологик хавфсизликнинг энг нозик ва мураккаб қирраларидан бири, келажакда тоза ичимлик сувининг муаммоси бутун дунё аҳолисини жиддий ташвишга солмоқда. Чунки айни пайтда, жаҳон аҳолисининг 40 фоизи тоза ичимлик суви етишмайдиган жойларда яшамоқда. Бугунги кунда аҳолини экологик ва гигиеник талабларга жавоб бера оладиган тоза ичимлик суви билан таъминлаш инсон саломатлигини муҳофаза қилишнинг асосий омилларидандир.
Маълумотларга кўра, кейинги йилларда энг тараққий этган давлатларда сувнинг истеъмоли киши бошига суткасига 800 литрга тўғри келган бир вақтда энди ривожланаётган мамлакатларда бу миқдор 30 литрни ташкил этади. Ҳар бир кишига сув сарфи иқлим шароитига, минтақаларнинг ободонлик даражасига, тараққиётига ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзига хос хусусиятларига ҳам боғлиқ. Шу сабабли аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш бугунги кун долзарб масалаларидан ҳисобланади.
Буюк олим Абу Али ибн Сино ўша даврлардаёқ сувни тозалашда филтрлаш усулидан фойдаланишни тавсия қилган ва бу ғоя ҳозирги кунда ҳам водопровод тизимида қўлланилиб келинмоқда. Сувнинг бу мақсадларда ишлатилиши санитария ва экологик ҳолатини яхшилайди. Ҳозирги пайтда дунёда аҳоли сони 6 миллиарддан ортиб кетсада, сувнинг миқдори кўпайгани йўқ. Шу боис чучук сув муаммоси мураккаблашиб, тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи муаммога айланмоқда. Буни бартараф этиш учун аҳолини марказлашган водопровод суви билан таъминлашда сув манбаининг ўзини-ўзи, табиий тозалаш хусусиятига катта аҳамият қаратилган. Бу жараён давлатимизда олимлар томонидан ўрганилиб чиқилган ва ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Жумладан, “Табиатни муҳофаза қилиш”, “Республика давлат санитария назорати тўғрисида” ва “Сув тўғриси”даги Қонунлар ҳамда яратилган норматив ҳужжатларнинг асосий мақсади ҳам мамлакатимиздаги хўжалик, тоза ичимлик суви, маданий спорт, балиқ хўжалиги мақсадлари учун очиқ сув ҳавзалари, каналлар ва дарёларни, кўл ва сув омборларини, сунъий канал ва жилғаларни булғанишдан асраш, ифлосланишини олдини олишдан иборат.
Шундай экан, тириклик нашидасини сураётган ҳар бир инсон табиатнинг ноёб неъмати – сувни исроф қилмасликка, ифлосланишига йўл қўймаслиги, уни тежаш ва сарфини назорат қилишни ёш авлодга уқдиришни ва уларга ибрат намунасини кўрсатишни бурч деб билмоқлари лозим.
Марям АҲМЕДОВА