CУВНИ ИСРОФ ҚИЛМАНГ!

 Сув бу– ҳаёт демакдир. Сувнинг ҳар томчисида 18 минг оламнинг қуввати яширинган, дейди нуронийларимиз.

Инсон ҳаётида сув энг муҳим ўринни эгаллайди. Чунки сув ижтимоий ва маиший ҳаётимизда беминнат ёрдамчиси, қондирувчи ва тозаловчи, инсоният тараққиёти ва тириклигининг асоси ҳисобланади.

Аммо биз, яъни одамлар табиатнинг шундай улуғ ва тансиқ  неъматини ҳамиша ҳам қадрлай оляптими?

 Менимча, йўқ! Унутмаслик керакки, ҳар қандай неъматнинг ҳам тугаш чегараси, яъни охири бўлади. Сувнинг  ҳам вақти келиб тугаши ёки  камайиши турган гап. Унда нега биз дунё миқёсида тақчил неъматга айланаётган, баъзи давлатларда олтиндан-да, қиммат турадиган, яқин келажакда нефтдан ҳам қимматроқ баҳоланиши башорат қилинган СУВнинг қадрига ета олмаяпмиз?

Энг таажжублиси, баъзан қадр-қиммати паст ашёларни «сувтекин экан» дея атаб, сувнинг қадрини янада тушириб, уни хафа қилмаяпмизми?

Нима, бир кун ичмасак яшай олмасдан, дарров сув излаб қолишимизни унутиб қўйдикми ёки сувни шунчалик қадрсиз, текин қилиб қўйдикми?

Тўғри, бизнинг бетакрор мамлакатимизда сув мўл. Ариқлару сойлардан, анҳору дарёларимиздан тўлиб, шалдираб, гулдираб зилол сувлар оқади. Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган яшил ва бетакрор маконда яшаймиз. Аммо унутмаслик керакки, бундан 15-20 йиллар олдингига қараганда сувнинг бироз бўлсада тақчиллашиб бораётганини, аҳолини ичимлик сувининг, қишлоқ хўжалигида суғориш тизимларининг сув билан таъминлаши долзарб масалага айланиб бораётганини унутиб қўйяпмиз шекилли.

Чунки, олдингидек сойлару ариқларнинг ошиб-тошиб оқиши, серёғингарлик, Сирдарё ва Амударё каби трансчегаравий дарёларнинг Орол денгизига сувни тошқин олиб келмаётганига анча йиллар бўлди. Тўғри, мамлакатимиз аҳолисининг 65 фоизини марказлаштирилган ичимлик сув таъминоти билан қамраб олинган. Чучук сувнинг 33 фоизи сув ҳавзалари ҳисобидан, қолгани ерости сувларидан йиғиб олинади ва сув иншоотларида тозаланганидан сўнг кўпсонли аҳолига қувурлар орқали етказилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бир суткада Ўзбекистон аҳолисига 6 млн. 226 минг м/куб сув етказиб берилади. Республика бўйлаб жами 65.8 минг километр сув тармоқлари ўтказилган. 10 мингдан ортиқ сув ва оқова иншоотлари мавжуд. Шунингдек, сув қувурлари орқали сувни аҳоли хонадонларига етказишда умумий сувнинг 30-40 фоизи йўқотилади. Хорижий давлатлар тажрибасида бу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этади.

Яна ўқинг:  Ўсмир қизлар тиббий кўрикдан ўтди

Афсуски, мамлакатимизда сув қувурларининг эскиргани ва кўп йиллардан буён уларнинг янги қувурларга алмаштирилмагани, натижада, жойларда тез-тез сув қувурларининг ёрилиши оқибатида тоза ичимлик сувининг беҳуда оқиб ётгани, аҳолининг беварқлиги ёки тегишли жойга вақтида мурожаат қилмаслиги натижасида ҳам ичимлик сувларининг нес-нобуд бўлиши ҳолатлари кузатилади.

Мисол тариқасида келтирсам, ўтган йили хизмат сафари билан Фарғона вилоятига борган эдик. Марғилон шаҳрида бўлганимизда кўчада сув қувури ёрилиб, ёзнинг жазирамасида ҳам кўчани ўтиб бўлмас даражада сув босиб ётган экан. Шунда биз дарҳол ушбу ҳолатни суратга олиб, Фарғона вилоят «Сувоқова» ДУКнинг Марғилон «Сувоқова» филиалига чиқиб ҳолатни етказганимиздан сўнг улар муаммони бартарф этишга киришдилар.

Афсуки, бундай ҳолатлар тез-тез учраб турсада, ўша жойдаги тегишли мутасаддиларнинг лоқайдлиги, ичимлик сувининг кўчаларда ёки хонадонларда беҳуда оқиб кетаётганига эътиборсизлик ҳар қандай кишининг ачинтиради.  

Ёки ҳовлиларда ичимлик суви билан экинларни суғориш, водопровод жумрагини очиб қўйиш, машиналарни водопровод сувини узоқ муддатда  нес-нобуд қилиб ювиш, кўчаларда кранларнинг оқиб ётиши кабиларни гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

Ваҳоланки, баъзи мамлакатларда сувнинг қанчалик тақчиллиги, ҳатто тўйиб сув ичишни орзу қиладиган, занглаган ёки кўлмак сувларни ичиб, турли касалликларга гирифтор бўлаётган инсонларни оммавий ахборот воситаларидан кўриб, эшитиб, қанчалик гувоҳи бўлиб келяпмиз.

Узоққа бормасдан олис Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига, Хоразмнинг энг чекка қишлоқларига бориб аҳолининг яшаш тарзини ўргандиган бўлсак, у ерда ичимлик сувининг нечоғли машаққат билан олиб келиниши, танқислиги, бир кунлик сувнинг тежаб ишлатили ва  қадрланишининг гувоҳи бўласиз.

Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан, дейди донолар. Демак аҳолининг ноёб неъмат – сувга бўлган муносабатини ўзгартириш даркор. Бунинг учун нима қилиш керак?

Энг аввало фарзандларимизга кичиклигидан, яъни «сув» нима эканлигини тушуна бошлаганиданоқ сувнинг қимматли неъмат ва уни исроф қилиш увол  эканлигини уқтириб боришимиз керак. Таълим соҳасида эса сувни эъзозлаш бўйича ҳам дарслар ўтиб, сув иншоотларига амалиёт ёки саёҳатлар уюштирилса, ўқувчилар онгида жўмракдан оқаётган сувнинг қанча машаққатлар эвазига олиб келиниши ҳақида тасаввур уйғонади.

Сувнинг инсон ҳаётида тутган ўрни, уволи ва заволи ҳақида Қуръондаги оятларда ҳам батафсил келтирилган. Сув бошқа мамлакатларда арзон эмас. Масалан, Бразилияда 3 АҚШ долларидан зиёд турса, Хитойнинг Сиан вилоятида 0,5 литр сувни 0.3 АҚШ долларидан 0.76 долларгача сотиб оладилар. Ҳатто баъзи давлатларда ичимлик харид қилиш, унга муз солиш 2 соатдан кўп вақтни олади.

Яна ўқинг:  Xushxabar raqamlar

Айтиш жоизки, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ана шундай муаммоларга ечим топилади.

Хусусан, ушубу қарорда сув таъминоти ҳамда канализация соҳасидаги хизматлар сифати, тармоқ корхоналари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, ишончли молиялаштириш манбалари, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш мақсадида бир қатор устувор йўналишлар белгиланган. Шу мақсадда 2020–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида сув таъминоти ва канализация соҳасини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқиладиган бўлди.

Ўз навбатида, ушбу ислоҳотларга катта маблағ жалб этилган. Жумладан, 2019 йилда сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилишга қаратилган 237 лойиҳа учун Давлат бюджети ҳисобидан 1,1 трлн. сўм ҳамда яна 7 та лойиҳага халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳисобидан 95,6 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишни назарда тутувчи манзилли дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Қарор билан Молия вазирлиги ҳузуридаги “Тоза ичимлик суви” жамғармаси Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси этиб ўзгартирилди. Унинг дастлабки капиталига қўйилаётган маблағ салкам 250 млн. АҚШ долларини ташкил этмоқда. Агар ушбу ишлар тўғри йўлга қўйилса, сув таъминоти ва канализация тармоқларини бошқариш тизимини рентабелли соҳага айлантириш имкониятлари очилади. 2019–2021 йилларда ичимлик сувини ҳисобга олишнинг замонавий приборлари ва тегишли ускуналарни харид қилиш ҳамда уларни ўрнатиш ишлари фаоллаштирилади.

Ҳа, сув манбаларини тоза сақлаш халқимизда қадрият даражасига кўтарилган.

Демак “Сувга тупурма”, “Сувга чиқинди ташлама” «Сувни исроф қилма» каби ибора ва нақллар халқимиз ҳаётида қонун-қоидага айланган.

Мақсад сувни беҳуда исров қилмаслик, ундан оқилона фойдаланиш ва унинг қадр-қимматини ангашдир. Шуни унутмайликки, сайёрамизнинг қайсидир жойларида одамлар бир томчи сувга зор, инсонлар шўр сувларни, ариқларнинг лойқа сувларини ичишга мажбурдирлар!

 

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: