Сотимбойнинг касали

– Жўражон, жоним чиқай деяпти, – деди Сотимбой домла одатдаги салом-аликдан сўнг.

– Ўзингдан олдин тутунинг етиб келади-я, нима бўлди? – деди Икром дўхтир синфдош ўртоғига тикилиб.

– Э, шу десанг, жигарим оғрияпти-ёв, ичим жизиллаяпти. Бир кўриб қўйгин, деб келувдим-да.

– Йўғ-е, жигар билан ҳазиллашиб бўлмайди, – вазмин оҳангда гапирди дўхтир ва ичида қўлимга тушдинг-ку, жўра, деганча мамнун жилмайиб қўйди.

– Мен ўлолмай ётибману, сен тиржаясан-а, – фиғон қилди Сотимбой домла.

– Биринчидан тиржаймадим, жилмайдим. Иккинчидан бир воқеа ёдимга тушиб кетди, – бепарво сўз қотди Икром дўхтир.

– Қайси воқеа, жўра?

– Ҳа, сенга тааллуқли эмас. Касалхона бўлгандан кейин, ҳар хил бемор келади. Кулгига сабаб воқеалар кўп бўлади-да.

– Ҳа, шундай де, ўзинг ҳам жа шумсанда, ҳар гапдан кулгу ясаб олаверасан, – тилла тишларини кўрсатиб тиржайди Сотимбой домла.

Бундан бир йил аввал домла эски “Москвич” сотиб олди. Мактаб билан уйининг ораси беш юз метр чиқади ё чиқмайди, машинада боради. Ўт олдиролмаган машинасини мактаб ҳовлисигача оила аъзолари орқасидан итариб келади. Дарсдан сўнг иштиёқи баланд ўқувчилар уйига элтиб қўяди. Бир гал машина ярим йўлда ўт олиб қолди. Домла хурсанд. Қараса, йўл четидан Икром ошнаси келяпти. “Тўхта, бир боплай”, деганча тўғри унинг устига “от солди”. Яхшиям дўхтир ўзини четга олиб қолди, акс ҳолда, ҳозир Сотимбой домла кимга дарди ҳол қилиб ўтирарди, билмадим.

– Э, дардинг оғир-ку, жўра, – хомуш тортди дўхтир, – гепатит. Тўғриси, жўра, рангингдан ўзи билувдим. Ўтказиб юборибсанда, а, ўн кунлар бўлган-ов.

Домланинг “тарвузи қўлтиғидан тушди”.

– Йўғ-е, энди нима қиламиз? Бирор чорасини топ, ахир, жон жўра бўлсак. – Болаларимнинг тўйини кўрмай ўлиб кетавераманми, ошна, – йиғламсираб нола қилди Сотимбой домла.

– Хавотир олма, қўлимдан келганини қиламан, аммо жигаринг титилиб қолибди, нима қилсам экан-а? – бошини сарак-сарак қилди дўхтир.

Бундан Сотимбой домланинг ваҳимаси яна зўрайди. Қўлларини кўксига қўйиб зорлана бошлади.

– Жон жўражон, қулинг бўлай, бирор чорасини топ. Ахир шифокорсан-ку, ҳали қанча ниятларим бор эди-я.

– Жигар масаласи қийин-да, жўра! Юрак бўлганда ҳам иложи топиларди. Жигарни алмаштириб ҳам бўлмайди… Эҳ, соғлиқни эҳтиёт қилмагансан-да

– Э, нимасини айтасан, жўра! Рўзғорни ғор деганларича бор экан. Бир кун ишга чиқмасам куним ўтмай қолади. Биласан-ку, қуруқ маошга боғланиб қолганман.

– Бир дори бор, аммо бу атрофда сотилмайди. Нархи осмонда. Бир миллион сўм туради-ёв. Фақат Тошкентдан топиш мумкин. Ўша дори бўлмаса қўлимдан ҳеч нарса келмайди.

– Бир миллион, ҳазиллашяпсанми, жўражон?

– Сендай жон ошнам, ўламан деб турибди, кўнгилга ҳазил сиғадими, қизиқ одам экансан-ку.

Дўхтир беморга ачинганнамо кўз қирини ташлади.

– Узр, мендан ўтди. Хафа бўлма, ошнажон. Шарт тиз чўкди Сотимбой домла. – Ёлвораман, дорини топиб келаман. Аммо бисотимда биттагина шу эски “Москвич”им бор. Мошин бозор ҳам фақат пайшанбада ишлайди, унгача икки кун бор. Ўшангача мен яшаб турай, иложини қил! Ўлгунимча хизматингдаман… – Кўзидан оққан ёшларни кафти билан сидирди Сотимбой домла.

– Ҳа, ўн кун ўлмабсан, яна уч-тўрт кун ушлаб тураман. Фақат қандай йўли бор экан-а? – Буёғига нима қилишни билмай ўйланиб турди Икром дўхтир. Хонанинг у ёқ, бу ёғига бориб келди. Сотимбой домланинг қўлтиғидан олиб турғизиб қўйди. Кейин жавонда кенжаси учун сотиб олган инглизча эртак китобни қўлига олдида жўрасига юзланди.

– Инглизчани биласанми?

– Йўқ, афсуски билмайман-да.

– Домласану, инглизчани билмайсан, – деди китобга жиддий тикилганча Икром дўхтир. – Бу китоб лондонлик машҳур олимнинг китоби. Бугун сотиб олдим. Кўрай-чи, балки бирор усули бордир.

Китобни варақлаганча деразага яқинлашди дўхтир. Кўз қири билан Сотимбой домлага назар ташлади. Домла ҳали ҳам букилиб турар, бир умидли сўзга интизор эди. Дўхтир дераза пардасини очди. Ташқарига разм солди. Бир ҳамшира кичкинагина сариқ кучукчани тош билан ҳайдаётганини бепарво кузатди.

– Нима деб ёзишибди, ошна? Ўйланиб қолдинг, давоси йўқмикан-а? – Сотимбой домланинг нолали овози дўхтирни ўзига келтирди. Китобни варақлашга тушди.

– Мана, топдим, – деди у тилла топган одамдай севиниб ва китобдаги ўша саҳифани Сотимбой домлага кўрсатди. Домла севинганидан кўз ёшларини йиғолмади.

– Билардим, жўра. Бир йўлини топишингни билардим. Ўзи сендан ўтадиган дўхтир йўқ-да. Яхшиям сен билан дўст бўлганим, акс ҳолда бошқа дўхтирлар инглизчани билармиди?! Ўлиб кетардим. Жўрамлаб, йиғлаб қолардинг-а? – Сотимбой домланинг кўз ёшлари китоб саҳифасига тома бошлади.

– Мана бу расмни кўряпсанми, кучукчани қўйнига олиб термулиб турган бола ҳам сенга ўхшаган касал. Энди сариқ кучукча топиш керак. Каттаси бўлмайди. Эрталабдан кечгача қуёш тушадиган жойда унга термулиб ўтирасан, тушундингми?

– Тушундим, жўражон, тушундим, – шоша-пиша гапирди Сотимбой домла. – Аммо кучукчани қайдан топаман-а?

– Нима, энди ўшаниям мен топиб берайми, қандай одамсан-а? – зардасини сочди Икром дўхтир.

– Бўлди, бўлди ўзим топаман, ўзим, жўражон. Раҳмат сенга. Сал бўлмаса ўлиб қолардим-а, – деди домла букилиб қўлини кўксига қўйганча ва югуриб ташқарилади. Қаерга боришини билмай, бир лаҳза ҳовлида тўхтаб қолди. Ҳамшира қувлаб солган кучукча бир бурчакда думини ликиллатиб турарди. “О, топилди”, пичирлади у. Кучукчага яқинлашди. Домла яқинлашгани сари кучукча ҳадиксираб нари кетди.

– Баҳ, баҳ, баҳ, кел, келақол, сени урмайман. Уч кун боламдай парваришлайман. Кел, жоним тасаддуқ сенга.

Домла ярим соатча эланиб, ёлворишини тушунмаган кучукчага қарата ўшқирди, “Кел, деяпман. Итдан тарқаган”. Кучукча қочди. У қувлади. Ниҳоят кучукчани “асир олган” домла севиниб, нафаси бўғзига тиқилганча, Икром дўхтирнинг қабулига югурди.

– Жўра, мана топдим, оёғимнинг остидан чиқди.

– Буни қара-ей! Худди китобдагининг ўзику, а? Лондондан атай сен учун келиб қолганми, дейман-а, – “қаҳ-қаҳ” отиб кулди дўхтир.

Домла ҳам қўшилиб кулди. Мамнун қиёфада бошини қимирлатиб, дўхтирнинг қувончига шерик бўлди.

– Энди уйингга бор, айтганимдек қил-а… – алоҳида таъкидлади дўхтир.

Сотимбой домла уч кун дарвоза ҳатлаб кўчага чиқмади. Қуёшнинг тиғида бир лаҳза ҳам қимирламай, кучукчани қучоқлаб ўтирди. Ундан кўзини узмади.

Учинчи кун Сотимбой домла Икром дўхтирнинг хонасига югуриб кирди.

– Мана, жўра, нақ бир миллион сўм. Дорини буюравер.

– Бўпти, сен дори етиб келгунча кучукчага термулиб тургин-а.

– Хўп, хўп, – деди домла ёш боладай боши билан маъқуллаб. Сўнг кучукчани бағрига маҳкам босганча ташқарилади.

Йўлакда Икром дўхтирнинг уйида қадаҳ уриштириб топган эски танишига рўбарў келди.

Офтоб уравериб юзлари қизариб кетган Сотимбой домлага кўзи тушгач, бирдан ҳол-аҳвол сўрашга тушиб кетди.

– Тинчликми домла, кучукча кўтариб олибсиз?

– Бу кучукчамас, барака топкур, Икромжоннинг малҳами!

Эски таниши бу гапни эшитиб, кулгисини енголмади. Йўлакда баланд кулгу янгради. Сотимбой домла ҳам беихтиёр кулгуга қўшилди.

– Э, Сотимбой, Сотимбой, – деди кўзларидаги ёшни артиб ҳамсуҳбати, – Ҳусанов сиз билан бир ҳазиллашибди-да.

– Ҳусанов, Ҳусанов…, – бир лаҳза каловланиб қолган домла чув тушганини бироз кейинроқ англади.

Уч кундан бери боласидай ардоқлаган кучукчани улоқтирганча, Сотимбой домла ўшқирди.

– Икром, ярамас…

Ҳайқириқдан йўлакда одамлар жам бўлди.

Икром дўхтирнинг эшигини ҳар қанча уриб-муштламасин, эшик ичкаридан тамбаланган эди. Фақат қувноқ оҳангда дўхтирнинг овози янгради:

– Энди бировнинг устига машина ҳайдамайдиган бўлдинг, Сотимбой домла.

Баҳодир БАҲРОМ

Яна ўқинг:  Аскарлар уйга қайтди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: