Меҳри малҳам шифокорлар

Юртимизда кексалар доимо иззатда, ҳурматда. Бу эзгу анъана жорий йилда янада кенг қулоч ёзди. Кексаларни эъзозлаш йилида минглаб нуронийларнинг соғлиғи тикланди, давлатимиз томонидан қарияларга кўрсатилаётган ғамхўрлик туфайли уларнинг умрига умр қўшилмоқда.

Умр – инсонга ато этилган улуғ неъмат. Уни мазмунли ўтказишда энг муҳим омиллардан бири, шубҳасиз, соғлиқ-саломатликдир. Буни биз, бирор-бир аъзоимиз безовта қилганида теранроқ ҳис этамиз, англаймиз. Тўғри-да, агар вужуд соғ-саломат бўлса, руҳият кўтарилади, улуғвор мақсадлар сари интиламиз.

Шу ўринда яқинда бошимдан кечирган бир воқеани айтиб бермоқчиман.

Ёшим етмишда, фахрий ўқитувчи-педагогман. Тўсатдан шу йилнинг август ойи охирида жигаримдаги қаттиқ оғриқ туфайли академик В. Воҳидов номидаги Рес­публика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказига шошилинч ётқизилдим. Жуда оғир жарроҳлик амалиётини бошимдан ўтказдим. Очиғи, яшашдан умидимни узгандим. Лекин бу ердаги покиза қалбли шифокорлар менга умид бағишлаб, яна ҳаётга қайтишимга сабабчи бўлишди. Айниқса, тиббиёт фанлари доктори Миршавкат Акбаров бошчилигидаги шифокорларга алоҳида миннатдорлик билдираман.

Муолажа давомида бошқа беморлар билан суҳбатлашиб билдимки, марказ сўнгги русумдаги тиббиёт жиҳозлари, асбоб-ускуналар билан тўла жиҳозланган. Барча текширув ва ташхислар шу жойнинг ўзида амалга оширилар, бўлимларда малакали шифокорлар инсон ҳаёти учун кураш олиб боришаркан. Муҳими, бу ерда хоналар шинам, тоза ва озода, шифокор ҳамширалар одамохун ва меҳрибон, эътиборли инсонлар экан. Айниқса, марказ раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор, юксак қалб соҳиби Феруз Назировнинг хизмати таҳсинга сазовор.

Шахсан, мен етти нафар фарзанд, ўттиздан ортиқ набира, эвара, чевараларнинг бувиси сифатида бундай масъулиятли ва шарафли касб эгалари олдида таъзим қиламан, уларнинг фидокорона меҳнатларига таҳсин айтаман. Чунки, улар озод ва обод юртимизнинг ҳар бир фуқароси саломатлиги йўлида тунни кунга улаб хизмат қилмоқдалар.

Бу муҳтарам юртдошларимга ҳеч қачон қўлингиз дард, дилингиз гард кўрмасин, эл-юрт хизмати йўлида асло чарчаманг, дейман.

Матлуба ОЧИЛОВА,

меҳнат фахрийси, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани

Яна ўқинг:  GURUCHARIQNING CHINAKAM FAXRI

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: