Хасталик белгилари ҳушёрликка чорлайди

Қадимдан табиблар инсоннинг юз териси рангининг ўзгариши, томир уриши, беморнинг мижози ва унинг қандай овқатланиши ҳамда аъзои баданида юзага келган касаллик аломатлари, пешоб, шунингдек, нажаснинг тусига қараб унга ташхис қўйишган. Қуйида биз ҳар биримиз билишимиз лозим бўлган айрим касалликларнинг асосий белгилари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.

Агар одамнинг кўз остида кўкимтир-қора тусли халқалар пайдо бўлса, буйраклар ва юрак фаолиятида муаммолар мавжудлигидан дарак беради. Кўз оқида қизил қон томирлар яққол кўриниб турса, асаб тизими толиққанлигидан далолатдир. Яна бемор жисмонан ва ақлан қаттиқ чарчаганда ҳам ана шу белги юзага чиқади. Тунда одам қаттиқ хуррак отса ҳамда унинг болдир (Ахилл бўғими), соҳаси кенгайса, атеросклероз ва семизлик белгиси ҳисобланади. Бу ҳолатда ёғ қатлами қорин, кўкрак ҳамда думба соҳасида йиғилади. Оёқ ва қўллар аксинча озғинроқ бўлади. Бундай семириш саломатлик учун хавфли саналади.

Агар инсоннинг тез-тез ва беҳудага жаҳли чиқса, жигар фаолияти издан чиққан бўлади. Киши бесабаб ваҳима ва қўрқувга тушса албатта юракни текширтириш зарур. Йўғон бўйин, бақбақанинг осилиб туриши ҳамда дўмбоқ ёноқлар(айниқса, бу ёш болаларда кузатилса) ҳазмнинг бузилиши ва организмда заҳарли моддалар йиғилганидан белги беради. Пешонада ғоваксимон кичкина тешикчалар пайдо бўлса, қўлтиқ ости қизариб турса ҳамда қовоқлар остида ҳам шу ранг кузатилса, юрак мушаклари қон билан яхши таъминланмаганини билдиради. Иштаҳанинг йўқлиги организмда В гуруҳи витамини етишмовчилиги ва юрак, буйрак ҳамда меъда-ичак тизими хасталикларида кузатилади. Ахлатда қон лахтасининг пайдо бўлиши, ичаклар яллиғлангани ёки уларда ўсма (рак) пайдо бўлгани ҳамда геморрой (бавосил), лейкмия ва қон ивиши бузилганининг белгисидир.

Оғиз бурчакларининг ёрилиши организмда темир моддаси етишмаслигидан пайдо бўлади. Бесабаб озиб кетиш сил касаллиги, саратон хасталиги ёки моддалар алмашинувининг бузилиши, шунингдек, бошланиб келаётган миокард инфарктидан хабардор этади. Тери рангининг ўзгариши, айниқса, унинг сариқ тусга кириши жигар ва талоқда муаммо борлигидан огоҳлантиради. Тери ва лабларнинг кўкимтир тусга кириши, юрак касаллиги ёки ўпка саратонига тўғри ташхис қўйишга ёрдамлашади.

2-3 ҳафтадан бери бемор бесабаб йўталса, шифокор сурункали бронхит, астма (зиққинафас), юрак касаллиги ёки ўпка раки ҳақида гумон этиб, хаста кишини тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиши керак. Юқори қон босими кузатилганда ёки томирлар торайса қулоқларда шовқин пайдо бўлади. Тилнинг куйганга ўхшаб ачишиб оғриши камқонликда ҳамда В гуруҳи витаминлари етишмаганида ва аччиқ қалампир ёки мурч, хантал (горчица) истеъмол қилганда кузатилади.

Яна ўқинг:  “Ёрдамга муҳтож” вирус: у ҳақида нималарни биламиз?

Кўз остида халтача пайдо бўлиши юрак қон томир тизими ва буйрак касалликларидан далолатдир. Гемоспермия – эркаклар уруғида қон пайдо бўлиши, пешоб-таносил аъзоларининг яллиғланиши ёки ўсма хасталикларида кузатилади. Беморнинг киндик атрофида оғриқ пайдо бўлиши ва бу дард қориннинг қуйи соҳасига тарқалиши, қусиш, совуққотиш ва тана ҳароратининг кўтарилиши безовта қилса кўричак касаллигига гумон қилиш мумкин. Бундай ҳолатда хаста кишини зудлик билан жарроҳ тиббий кўрикдан ўтказиши зарур. Чунки, кўричак ёрилиб кетса, қорин парда яллиғланиб(перитонит) ҳаёт учун ўта хавфли ҳолат юзага келади. Агарда беморга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бу мудҳиш оқибатга олиб келади. Ҳар қандай вазиятда ҳам ҳар бир инсон ўзи ва яқинлари ҳамда ён-атрофдаги одамлар соғлиғига эътиборли бўлиши зарур. Шундагина энг азиз неъмат бўлмиш инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини ўз вақтида асраш мумкин бўлади.

 

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: