Тошкент-Томчи-Тошкент авиарейси йўлга қўйилади

Жорий йилнинг 30 май куни Тошкентдаги “Миран Интернейшнл” меҳмонхонасида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасининг ташаббуси билан бир қатор Қирғизистон ва Ўзбекистон компаниялари сайёҳлик йўналишлари бўйича тақдимотлари ўтказилди.
Хусусан, авиакомпания ва темирйўл транспорти компаниялари вакиллари ҳамда “Инспиро травел” (Қирғизистон), “Азия люкс травел” (Ўзбекистон) компаниялари ходимлари сайёҳлик бўйича ўз режаларини билан ўртоқлашдилар.

Тадбир жараёнида “Иссиқкўл-2019”, “Роҳат санаторийси” сайёҳлик йўналишлари бўйича тақдимотлари ўтказилди. Бу тақдимотлар Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ўртасида туристик йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Айтиш лозимки, Ўзбек ва қирғиз халқи азалдан яқин қўшни, қуда-анда, ишончли дўст бўлиб яшаб келишган. Маданияти, урф-одати ва урф-одатларимизнинг уйғунлиги эса бу ришталарнинг мустаҳкам бўлишига хизмат қилиб келмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор халқларимизнинг асрлар давомида синовдан ўтган ана шу муносабатини янги босқичда юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг апрел ойида Тошкентда ўтказилган Қирғизистоннинг Road Show II ташқи туристик кўргазмасида ҳам 60 дан ортиқ туристик компаниялар вакиллари иштирок этиб, ўзаро ҳамкорлик бўйича амалий келишувларга эришган эди. Ушбу тадбирда қатнашган Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги ҳузуридаги департамент раҳбари Максат Дамир ўғлининг маълумотига кўра, «2018 йилда Қирғизистонга умумий 7 миллион турист ташриф буюрган. Улардан 3 млн. 285 минг нафари Ўзбекистон фуқароларини ташкил этди ва улар асосан Иссиқкўлда ҳордиқ чиқаришди.
Жорий йилда туристик оқим ҳажмини ошириш мақсадида транспорт логистикасига катта эътибор берилди.
Бунда аҳамиятли қадамлардан бири, Тошкент-Бишкек-Балиқчи поезд йўналиши ташкил қилингани бўлди. Май ойининг охири ёки июн ойининг бошида ишга тушадиган темирйўл қатнови иккала мамлакат учун бирдай манфаат келтиради».
Дарҳақиқат, Қирғизистоннинг 95 фоизи ҳудуди тоғлардан ва 70 фоизи тоғ чўққиларидан иборат. Бу қиш мавсумида ҳам туристларни жалб қилиш қилиш учун қулай имкониятдир. Шунингдек, мамлакат соҳилбўйи туризмидан кўпроқ фойда кўради ҳамда бу кўрсаткич ҳар йили 2-3 миллион нафар туристни ташкил қилмоқда. Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасининг маълум қилишича, Томчи-Тошкент ҳаво қатнови яна қайта тикланади. Дипломатик ваколатхона маълумотларига қараганда, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси билан ҳамкорликда ёз мавсумида мана шу йўналиш бўйича ҳаво қатновларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Шартномага кўра, Тошкент-Томчи-Тошкент йўналиши бўйича биринчи рейс 2019 йилнинг 27 июн куни йўлга қўйилади ва 6 сентябрга қадар шу йўналиш бўйича самолётлар ҳар пайшанба куни парвоз қилади.
Бундан аввалроқ ҳаво қатнови бошланишидан аввал икки мамлакат журналистлари учун танишув парвозлари ўтказилиши борасида хабар берилган эди.
Тошкент-Томчи йўналиши бўйича парвозлар ёз мавсумида 2018 йилда ҳам амалга оширилган эди, аммо йўловчилар оз бўлгани боис парвозлар ўзини қопламаган ва июл ойида парвозларни тўхтатилган эди.
Қувонарлиси, энди Тошкент-Томчи йўналишининг очилиши Ўзбекистондан сайёҳларнинг Иссиқ кўлга жалб қилишга ёрдам бериши билан бир қаторда борди-келди муносабатларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Яна ўқинг:  Тиббий маданият болаликдан шаклланади

Амаль Солиева,
Марям Аҳмедова

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: