Онлайн режимда дори излаш тизими ишга тушади
Тез орада Ўзбекистонда онлайн режимда зарур дори воситасини излашга йўналтирилган янги Apptechka лойиҳаси ишга туширилиши кутилмоқда. Авваллари 5-10 та дорихонага қўнғироқ қилиб ёки бориб сўраладиган маълумотни энди истаган жойдан туриб онлайн ёзиш ва маълумот олиш имкони пайдо бўлади. Ҳар бир инсон ўзига қулай вариантни танлаб, дори воситаларини харид қилиши мумкин.
Эркин КАРИМОВ,
Pharmclub Ўзбекистон уюшмаси раис ўринбосари:
– Фармацевтика ва дорихоналар тизимида ахборот технологиялари йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. ArzonApteka илова ва телеграм-боти амалда яхши самара берганидан кейин шунга ўхшаш истеъмолчига енгиллик яратувчи тизимлар таклиф қилинмоқда. Яқин орада ишга тушиши кутилаётган Apptechka номли лойиҳа бор. Унда сиз онлайн режимда дорихонага қайси дорини излаётганингизни жўнатишингиз мумкин. Бунга жавобан бу дориларнинг қайси дорихоналарда, уларга қандай етиб олиш мумкинлиги ва қандай нархда эканлигига доир маълумотлар тақдим этилади.
Бугун дорихоналар бизнес сифатида фақатгина чўнтагини ўйлаши эмас, ўз фаолиятини истеъмолчилар манфаатига йўналтиришга эътибор қаратмоқда, истеъмолчини ўйлаш даражаси ва рақобат кучаймоқда. Дорихоналар бир-бири билан рақобатлашганда нархларнинг маълум маънода пасайганини кузатаяпмиз. Шу билан бирга, истеъмолчиларга қанча енгиллик яратилса, уларни ушлаб қолиш имкони шунча юқори экани сезилмоқда.
Манба: Kun.uz