Сахий табиатнинг сархил туҳфаси
Куз фаслининг ўзига хос олтиндек товланадиган шифобахш неъматларидан бири бу шубхасиз беҳи мевасидир. У бироз қаттиқ бўлсада, тановул қилинганда ўзига хос мазаси одамга хўш ёқади.
Айниқса, беҳидан тайёрланган мураббо қиш давомида энг туйимли ва мазали, шунинг билан бирга фойдали озуқа ҳисобланади.
Беҳининг оддий ва япон тури мавжуд бўлиб, Ўзбекистонда фақат оддий беҳи экилади. Бахри беҳи, нон беҳи, қува беҳиси шулар жумласидандир.
Унинг таркибида 12 фоизгача қанд, 5 фоизга яқин органик кислоталар (олма, узум, лимон кислоталари), эфир мойлари, пектин ва ошловчи моддалар, С витамини, темир, мис, калций тузлари, уруғида 20 фоизга қадар шиллиқ, гликозид амигдалик, 8 фоиздан ошиқ мой, бўёқ моддалар бор.
Беҳи меваси шифобахш бўлиб, ундан табобатда кенг фойдаланилади. Беҳи мевасининг шарбати билан астма, юрак, сариқ ҳиқичоқ, қорин оғриғи, дизентерия касалликларини даволашган. Бундан ташқари беҳидан дармонсизлик, камқонлик, йўтал, меъда, жигар ва буйрак касалликларини даволашда ҳам кенг қўлланилган.
Ушбу мевадан тайёрланган дамламани ибн Сино йўғон ичакнинг яллиғланишини даволашда, беҳи шираси билан астма, қон тупуриш ва қайт қилишни тўхтатишда, чанқоқ ҳамда мия оғриғини қолдиришда ишлатган.
Беҳи уруғи билан узум шарбатининг қайнатмаси камқонликда, ичбуруғда, бавосил касалликларини даволашда яхши таъсир қилади. Шарбати эса меъдани кучайтиради ва балғам кўчишини тўхтатади.
Ушбу мева терни тўхтатади. Унинг ёғи эса совуқдан тери ёрилганда ҳамда буйрак ва қовуққа ҳам фойда қилади.
Қўрга кўмиб пиширилганини кўздаги иссиқ шишларга қўйилади.
Беҳи шарбати
Шарбатни тайёрлаш учун ширин ва нордон беҳидан 400 граммдан олиб, майдалаб 1 литр сувда қайнатилади ва устига 10 грамм бинафша гули қўшиб, сўнг қайнатиш яна ярим соатгача давом эттирилади. Совуганидан кейин докада сузилади ва 100 граммга 50 граммдан асал қўшиб қайнатилади. Ичига 11 грамм долчин ва занжабилни солиб қайнатма совитилади.
Беҳи барглари ва ёш новдаларидан қанд касали ва қон босимини даволашда ҳам кенг фойдаланилган. Унинг учун беҳи барглари ва новдаларини гуллаш даврида олиб, салқин ерда қуритилади. 1-2 ош қошиқ барг ва новданинг кукунидан олиб, 1 стакан сув қўшилади ва паст оловда 15 дақиқа қайнатилади. Сўнгра совутилиб, докадан ўтказилади ва 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал ичилади.
М.ҲАСАНОВА тайёрлади