Тиббий туризм: ўзимизда…барчасидан аъло

Дарднинг келиши осон, аммо кетиши қийин, деган гап бор халқимизда. Инсон саломатлик қадрини фақатгина оғир дардга чалинганида англаб етади. Ҳолбуки касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган маъқулроқ.

Нима бўлганида ҳам ҳаммамиз иссиқ жонмиз. Бирда соғ-саломат, бирда дардга чалиниб қоламиз. Айрим вақтларда оғир дардга чалиниб қолган одам ўзини қўярга жой тополмай «дардимга шифо истаб кимга ёхуд қайга борсам экан?» деган хаёлга боради. Бу масала айниқса, ҳозир эркин бозор муносабатлари баравж шакл­ланиб бораётган паллада жуда ҳам долзарб бўлиб қолган. Бир томондан, пулинг бўлса истаган ерингда дардингга малҳам бўлгувчи шифохона ва шифокорларни топа оласан. Иккинчи томондан эса, пешона теринг билан ишлаб топган пулингни беҳудага сарфламасдан дардингдан буткул фориғ бўлишни истайсан, киши.

Бозор шароитида дардига даво излаган кишига тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида уюштириладиган туризм билан шуғулланувчи турли хил воситачи фирмаларнинг вакиллари дарҳол «лаббай» деганича ўз хизматини таклиф қила бошлайди. Ҳозирги вақтда мўмайгина сармоя эвазига турли хорижий мамлакатларда даволаниш учун барча имкониятлар мавжуд. Истасангиз Исроилда, истасангиз Ҳиндистон ёки Германияда, ҳаттоки АҚШда даволаниб келишингиз ҳам мумкин. Лекин шу ўринда бир савол туғилади: дардинга шифо истаб ўзга юртларга боришга зарурат борми? Бу саволга маънили жавоб бериш учун биз энг аввало, тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида уюштириладиган туризм ҳақида қисқача фикр билдириб ўтмоқчимиз.

Тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида уюштириладиган туризм турли хизматлар кўрсатиш соҳасининг алоҳида тармоғи бўлиб, бугунги кунда ташхис қўйиш, плас­тик жарроҳлик, стоматология, дерматовенерология ҳамда анъанавий шарқона тиббиёт йўналишларидаги хизматларга талаб жуда катта. Сўнгги вақтларда тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида уюштириладиган туризм билан шуғулланувчи турли хил воситачи фирмаларнинг вакиллари Ўзбе­кистонда ҳам пайдо бўлган. Улар юқорида айтиб ўтганимиздек, талаб айниқса кучли бўлган тиббий хизмат йўналишларидан ташқари онкологик касалликларга чалинган беморларга ҳам хорижда даволанишни таклиф этишмоқда. Шу ўринда биз ҳурматли ҳамюртларимизни алоҳида огоҳликка чақирмоқчимиз. Гап шундаки, оғир дардга чалинган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмас экан у ўз дардидан халос бўлолмайди. Аксинча, дарди янада зўрайиб кетиши ҳеч гап эмас. Тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида уюштириладиган туризм соҳасида фаолият юритувчи иқтисодий агентларнинг аксарияти тиббиётдан узоқ бўлиб уларнинг асосий мақсади даромад олишдан иборат. Ҳолбуки, киши онкологик касалликка чалинган бўлса, қаерда ва кимнинг «қўлида» даволаниш масаласи ниҳоятда аҳамиятли бўлиб қолади. Аслини олганда онкологик касалликни жарроҳлик йўли билан бир зумда даволаб бўлмайди. Бу хилдаги касални даволаш ҳамма вақт узоқ муддатли ва тизимли тартибда амалга ошириладиган жараёндир.

Яна ўқинг:  БОЛА НУТҚИДАГИ НУҚСОН

Тиббий нуқтаи назардан қаралса онкологик касалликка чалинган беморларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш деганда, хал­қаро андоза даражасидаги турли хилдаги диагностик, даволовчи ва реабилитацион чора-тадбирлар мажмуи назарда тутилади. Бундай даволаш комплексини муваффақиятли амалга ошириши учун пухта ишланган даволаш режасини қатъий интизом асосида олиб бориш талаб этилади. Бундан ташқари стационар клиникаларда комплекс даво муолажаларини олган беморларга ҳар 3, 6, 9 ойда ўз турар жойи ҳудудига бириктирилган тиббий масканда диспансер кузатувида бўлиш тавсия этилади.

Хорижий клиникаларда дардига даво истаб мурожаат этган мижозларга энг аввало уларнинг моддий имкониятларига қараб хизмат кўрсатилади. Оддийгина қилиб айтганда, пулинг борича даволаб, пулинг тугаши биланоқ жавоб бериб юборишади. Ўзбекистонда эса аксарият хорижий мамлакатларда маълум миқдордаги пул эвазига кўрсатиладиган алоҳида хизмат турлари мутлақо бепул кўрсатилади. Ултратовуш ёрдамида сканерлаш, компютер томографияси, биопсия, аниқланган ўсмани морфологик жиҳатдан верификациялаш, турли хилдаги жарроҳлик операциялари шундай тиббий хизмат турлари жумласига киради.

Ихтисослашган фирмалар томонидан «жаҳон андозалари бўйича амалга ошириладиган, ўта даражада самарали даво муолажалари» шиори остида кенг реклама қилинувчи тиббий хизматлар аксарият ҳолларда стандарт даражадаги кимётерапияни, республикамиз клиникаларида беморларга бепул тарқатиладиган препаратлар берилишини мижозлардан яшириш учун бир восита бўлади, холос. Хорижий давлатлардаги клиникаларда даволаниш баҳоси 100 АҚШ долларидан тортиб 2-3 минг АҚШ долларигача етади. Хорижий клиникаларда даволаниб қайтиш учун қилинадиган сарф-харажатларнинг асосий қисмини авиа чипталарини харид қилиш, беморнинг яқин қариндошлари яшаб туриши учун кунлик сарф-харажатлар, ҳужжатларни таржима қилдириш билан боғлиқ сарф-харажатлар, виза олиш билан боғлиқ харажатлар, таржимонга ҳақ тўлаш каби харажатлар ташкил қилади.

Ўзбекистонда онкологик касалликларни даволаш юксак технологияли бўлиши билан бирга моддий имкониятлари ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар ҳамма бирдек фойдаланиши мумкин бўлган тиббий хизматлар соҳасига айлантирилган. Бугунги кунда миллий онкология тизими клиник тиббиётнинг юксак даражада ривожланган соҳаси сифатида етакчи хорижий клиникаларнинг мутахассислари томонидан юқори баҳоланади. Республикамиз онкологлари ушбу соҳа бўйича амалга оширилаётган фундаментал изланишларда етакчи хорижий давлатларнинг мутахассислари билан узвий ҳамкорлик қилишмоқда.

Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, республикамизда амал қилувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ онкологик касалликларга чалинган беморларга диагностик, терапевтик ва паллиатив тиббий ёрдам бепул кўрсатилади. Онкологик касалликлар ижтимоий аҳамиятга молик бўлган касалликлар жумласига киритилган.

Яна ўқинг:  Уч ёшдан кейин

Юртимизда ўрнатилган тартибга кўра онкологик беморларга кенг кўламли, жумладан, кенгайтирилган, комбинацияланган, реконструктив-пластик жарроҳлик муолажалари бепул кўрсатилади. Бу хилдаги жарроҳлик муолажалари ҳар қандай онкологик жараёнларни локаллаштиришда қўлланилади. Поликимётерапияси халқаро протоколлар бўйича замонавий препаратлар (шу жумладан, таргетли препаратлар) ёрдамида амалга оширилади. Бундай муолажалар етакчи хорижий клиникаларда тажриба орттириб келган мутахассислар томонидан бажарилади.

Масаланинг эътиборга лойиқ жиҳати шуки, мустақиллик йилларида республикамиз ҳукумати онкологик тиббий стационар ва диспансерларни реконструкция қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга катта эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ «Онкологик хизмат кўрсатиш тизимининг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича 2012-2015 йилларга мўлжалланган дастур» ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Ҳозирги вақтда ушбу ҳужжатга кўра кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, олганда тиббий стационарлар, диспансер ва поликлиникалар учун замонавий техник ускуналар харид қилинмоқда.

Онкологик касалликларга чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатишнинг устувор йўналишларидан бири ушбу хавфли хасталикнинг олдини олиш ва уни имкон қадар эртароқ аниқлашдир. Бу борада республикамиз аҳолиси ўртасида тиббий текширувлар, онкологик касалликларнинг ривожланишига йўл қўймаслик мутахассис шифокорларнинг касбий малакасини оширишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Онкологик касалликларга чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган шифохона ва муассасаларга «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, «Ҳаёт учун» кўкрак саратони бўйича Миллий ассоциацияси, «Аёллар кенгаши» каби жамоат ташкилотлари томонидан анча салмоқли ёрдам кўрсатилмоқда. Ушбу ташкилотларнинг хайрия ёрдамлари туфайли мутахассис ва умумий амалиёт шифокорлари учун турли форум-марофонлар, «Маҳорат дарслари» уюштирилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз аҳолиси орасида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинмоқда.

Ўзбекистонда онкологик касалликларга чалинган беморларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган шифохона ва муассасалар ҳам юксак билим ва касбий малакага эга бўлган мутахассис шифокорлар ҳам, замонавий тибиий ускуналар ҳам, турли хил дори-дармонлар ҳам етарлича бор. Дардингизга шифо истаб хорижга сафар қилишингиз учун ҳеч қандай ҳожат йўқ. Биз дардингизга малҳам бўлишимиз мумкин.

С.НАВРЎЗОВ,

Республика Онкология илмий маркази директори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: