Об-ҳавонинг совуши сизда аллергея пайдо қилиши мумкин
Қишнинг совуқ кунларида баъзида юз, қўл, тананинг турли ерларига тошмалар, шишлар юзага келади. Яъни, айрим кишиларда аллергия пайдо бўлади. Чунки бу вақтда организмдаги иммунитет тизими бироз сустлашади. Шунингдек, яхна таом, совуқ ичимликлар ичганда ва муздек сувда чўмилганда ҳам шундай ҳолат кузатилади. Тиббиётда бу тошмалар қаварчиқ дейилса, қадимда улар “эшакеми” деб юритилган.
Ҳаво ҳароратининг пасайиши билан баъзи инсонларда тез-тез акса уриш, лабнинг қуриши, кўкариши, кўзнинг тинмай ёшланиши, тошмалар тошиб қичишиши каби ҳоллар кузатилади. Бу фақат совуқ қотишдан эмас, асабийлашиш, меъда-ичак тизимидаги салбий ўгаришлар ва шу каби жуда кўплаб ҳолатларда юзага келиши мумкин. Бундай беморлар иссиқ жойга киришлари билан совуқда пайдо бўлган ғайритабиий тошмалар камаяди.
Қон анализи таҳлил қилинганда, эозинофиллар миқдори шу билан бирга иммуноглобулин Е миқдори қисман ошиши кузатилади.
Қўлингизнинг билак қисмига муз бўлакчасини ёки сув солиб музлаткичга қўйилган шиша идишчани қўйиб, 5-10 дақиқа ушлаб туринг. Агар шу вақт давомида билагингизда қаварчиқ пайдо бўлса, қичишиш, қизариш ёки ачишишни сезсангиз, демак сизда совуқдан аллергияга мойиллик бўлиши мумкин.
Аллергиянинг қандай тури бўлишидан қатъий назар, беморларнинг биринчи ўринда асал истеъмол қилиш мумкин эмас. Чунки асал гул чангларидан йиғилади. Бу эса аллергия қўзғатувчи кучли восита ҳисобланади. Спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ҳам аллергик ҳолатни кучайтиради.
Асалли, мурабболи чой, ёнғоқ, ерёнғоқ, писта каби қуруқ меваларни истеъмол қилмаслик лозим. Турли ўтлардан тайёрланган дамламаларни ичиш ушбу ҳолатни кучайтириши мумкин. Чунки уларда аллергик хасталик қўзғатувчи хусусиятлар мавжуд. Ўзида совуққа аллергия борлигини сезган киши таркибида “В” витамини бўлган кремларни суртиши мумкин эмас. У аллергияга янада мойилликнинг кучайишига сабаб бўлади.
Агар аллергияга мойиллигингиз борлигини билсангиз ўзингизни совуқдан сақланг. Совуқ об-ҳавода имкон қадар кўчага чиқмаган маъқул. Хонанинг ҳавосини алмаштириш учун бир кунда бир марта деразаларни очиш лозим. Бундай вақтда синтетик толали кийимларни кийиш тавсия этилмайди. Пахтадан тикилган либос тананинг нафас олишини таъминлайди ва иссиқликни бир маромда ушлаб туради.
Имкон қадар кўпроқ суюқлик ичинг. Бунда қайнатилган сув ёки кўк, қора чойдан бошқа суюқликларни ичиш тавсия этилмайди. Ҳидли чойларни ичиш асло мумкин эмас. Минерал ва рангсиз сувларни ичиш мақсадга мувофиқ. Парҳез сақланг. Мол гўштидан тайёрланган қайнатма шўрва сиз учун айни муддао. Ширқовоқ, димлама қовоқ ҳам жуда фойдали.
Аллергия қайтгач кундалик тайёрланадиган ҳар қандай таомни меъёрида ейиш мумкин. Хасталикнинг ҳар қандай кўринишида ўзингизча бирор бир дори воситасини ичишга шошилманг. Имкон қадар аллерголог мутахассисга мурожаат қилиб, унинг маслаҳатлари асосида даволанинг.
Қутбиддин НИЗОМОВ,
Республика илмий-ихтисослашган
аллергология маркази олий тоифали шифокори