2019 йилда соғлиқни сақлаш тизимига қанча маблағ ажратилади?

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, партия фаоллари иштирок этган йиғилишда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетининг 2018 йил тўққиз ойидаги ижроси ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган Бюджетнома лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан 30 триллион сўм режалаштирилиб, ҳақиқатда 28,89 триллион сўм ёки умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Депутатлар таълим тизими муассасаларини сақлаш, уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан ажратилган 13,63 триллион сўм маблағ ишлатилганига жиддий эътибор қаратди.

Афсуски, ушбу маблағларнинг тўлиқ ўзлаштирилиши таъминланмаган. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларига марказлашган тартибда мебель ва бошқа жиҳозлар сотиб олиш харажатлари, ўқув қўлланмалар ва дидактик материаллар харид қилиш, умумтаълим муассасаларини дарсликлар билан таъминлаш, кам таъминланган оилалар фарзанд­ларига қишки кийимлар харид қилиш учун ажратилган жами 84,6 миллиард сўм миқдорида маблағлар ўзлаштирилмаган. Фракция аъзолари бу ҳолатни тегишли соҳа масъул ходимларининг масъ­улиятсизлиги, дея баҳолади.

Йиғилишда илм-фан ва инновацияларни жорий этишга ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилмагани ҳам танқид остига олинди. Хусусан, устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, стартап лойиҳалари учун жорий йилнинг июль ойида 50 миллиард сўм миқдорида бюджет маблағлари ажратилган. Лекин бугунги кунда ушбу маблағ ўзлаштирилиши таъминланмаган.

Йиғилишда таъкидланганидек, Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига доир қабул қилинган ҳужжатлар ижроси учун режалаштирилган 129,9 миллиард сўм миқдорида маблағлар тўлиқ ўзлаштирилмагани эътирозларга сабаб бўлди. Соғлиқни сақлаш тизимида асосий эътибор аҳолининг ҳаётдан розилигини таъминлашга қаратилаётган бир пайтда юқорида қайд этилган бюджет маб­лағларини ўз вақтида ўзлаштирилмагани тизимдаги ислоҳатлар самарасига ўз таъсирини ўтказаётганлиги таъкидланди.

2019 йилда ҳам аввалги йиллар сингари давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг устуворлиги сақлаб қолинади. Ва ушбу соҳага йўналтириладиган маблағлар 57,82 триллион сўмни ташкил этади. Бу Бюджетнома лойиҳасининг халқчиллиги ва ижтимоий йўналтирилганини кўрсатади.

2019 йилда мактабгача таълим муассасаларини молиялаштиришга давлат бюджетидан ўтган йилга нисбатан 51 фоиз кўп, яъни 4,2 триллион сўм маблағ йўналтириш белгиланмоқда. Бунда мактабгача таълим муассасаларида сифатли овқатлантиришни ташкил қилиш учун бюджетдан қўшимча 360 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган. Пировардида, мактабгача таълим муассасаларида болалар қамрови 35 фоиздан 45,4 фоизга ошиши таъминланади.

Шунингдек, бош молиявий ҳужжат лойиҳасида соғлиқни сақлаш тизимига ҳам катта эътибор қаратилган бўлиб, ушбу соҳа харажатлари учун 12,088 трлн. сўмни ўтган йилга нисбатан 30,5 фоизга ошган ҳолда жами харажатларнинг 11,3 фоизини ташкил этмоқда. Бу харажатлар орқали биринчи тиббий ёрдам хизмати, оила соғлигини мустаҳкамлаш, она ва бола ҳимояси, тиббиёт муассасалрида ижтимоий дорихоналарнинг сифатини кучайтиришга бирламчи аҳамият қаратилади.

Яна ўқинг:  Илк китоб – қалбга йўл

Фракция аъзолари 2019-2021 йилларга мўлжалланган Бюджетнома лойиҳаси бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларини қуриш, уларни реконструкция қилишни режалаштиришда асосий эътиборни бола қамрови ўртача кўрсаткичидан анча кам бўлган Сурхондарё, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларига қаратиш зарур. Тиббиёт муассасаларини дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратиладиган маблағларни ҳудудлар кесимида адолатли тақсимлаш тизимини жорий этиш, умумтаълим муассасаларида стоматология хонасини ташкил қилиш, даволаш-профилактика ишларини самарали йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

 Фракция йиғилиши якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида

Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб  25,8 фоизга ўсган.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: