Қобиқ ичидаги хазина
Азалдан халқ табобатида ёнғоқдан турли хасталикларни олдини олишда кенг фойдаланилган. Чунки унинг таркибида кўплаб биологик фаол моддалар бор.
Жумладан, ёнғоқда тўйинмаган ёғ кислоталари, оқсил, озуқавий толалар, Е витамини, калий, магний, мис, рух, марганец, темир ҳамда селен каби бир қанча фойдали микроэлементлар мавжуд.
Масалан, организм учун жуда керакли бўлган селен микроэлементи саратон ва юрак касалликларининг олдини олади, шунингдек, у йод каби қалқонсимон безни касалликдан ҳимоя қилиши учун ҳам зарур. Бу ўринда Бразилия ёнғоғи жуда фойдали ҳисобланади. Мазкур меванинг уч донаси билан организмнинг селенга бўлган бир кунлик талаби қондирилади.
Бундан ташқари ёнғоқларда антиоксидантларнинг катта заҳираси мавжуд. Бу билан у реза меваларга жуда яқин. Бироқ ёнғоқларда мавжуд кўплаб антиоксидантлар мева ва полиз маҳсулотларида учрамайди. Масалан, саратон хавфини камайтирувчи, апоптоз (ҳужайраларнинг нобуд бўлиши)ни олдини олувчи, пролиферация ва ангиогенезни секинлантирувчи эллаг ва анакардин кислотаси, ресвератрол ва бошқа полифенол бирикмалар мавжуд.
Бир кунда 20-25 грамм ёнғоқ истеъмол қилиш меъёр ҳисобланади. Уни 2-3 марта, овқат билан ёки ундан кейин истеъмол қилиш мумкин. Бундай ҳолатда ёнғоқни майдалаш мақсадга мувофиқ. Уни таомга, айниқса, қайлаларга қўшиш мумкин. Бироқ, термик ишлов берилмаслик жуда муҳим. Қовурилган, шакар, шоколад қўшилган ёки паста кўринишидаги ёнғоқ ўз хусусиятини йўқотган ҳисобланади.
Бу мевага термик ишлов берилмагани маъқул. Шунда унинг табиий мазаси йўқолмайди. Ёнғоқлар таркибида тўйинмаган ёғ кислоталари кўп бўлганлиги учун улар очиқ ҳолда кислород билан реакцияга киришиб, қорайиб қолади. Бошқа турдаги ёнғоқларга нисбатан ерёнғоқ, ўрмон ёнғоғи, бодом ва кунжут уруғи бундай ташқи таъсирдан табиий яхши ҳимояланган. Шунинг учун ёнғоқларни пўчоғидан ажратмаган ҳолда қуруқ ва қоронғу жойда узоқ вақт сақланса бўлади.
Дилфуза Азимова