Буйрак-тош касаллиги болаларда қандай кечади?

Буйрак икки жуфт аъзо бўлиб, пешоб ажратувчи тизимнинг маркази бўлибгина қолмай, турли хилдаги эндокрин гормонларни ҳам ишлаб чиқаради. Бу гормонларнинг (ренин, эритропоэтин, урокиназа, Д5 витамини) қонга ўтиши натижасида артериал босим маромда бўлади. Организмда қизил қон таначалари, қоннинг суйилиши ва ивиши, шунингдек, унинг томирларда равон оқиши таъминланади.

Буйрак қопчаларидан бир соатда 7 литр, бир кеча-кундузда 150-200 литргача бирламчи пешоб ажралади. Организм ташқи муҳитдан ўзига керакли озиқ моддаларни қабул қилиб олади. Ушбу моддалар меъда-ичак тизими орқали қонга сўрилади. Қон таркибида оқсиллар, углеводлар, ёғлар, ферментлар ва мураккаб таркибли минерал бирикмалар ҳосил бўлади. Улар эса тўқималар ва ҳужайраларга озуқа бўлади. Биологик жараён вақтида ҳужайраларда пайдо бўлган кераксиз чиқиндилар қонга ажралиб чиқаради. Мана шу зарарли ва организм учун кераксиз моддалар пешоб орқали ташқи муҳитга чиқиб кетади. Агар беморда болаликда бошланган буйрак ва пешоб йўллари хасталиги ўз вақтида даволанмаса бир неча йилдан кейин бу дард сурункали турга ўтиб, вақти-вақти билан қўзғаб туради.

Буйрак ва сийдик йўллари тош касалликлари сабабли организмда моддалар алмашинуви бузилиши натижасида ушбу аъзода битта ёки бир нечта тошчалар пайдо бўлади. Ҳосил бўлган ёт жисмлар пешоб йўлларини тўсиб, унинг туриб қолишига сабаб бўлади. Натижада ушбу ҳолат буйрак фаолиятининг бузилишига олиб келади.

Буйрак-тош касаллиги инсониятга қадимдан маълум. Унинг пайдо бўлишида ташқи муҳитнинг аҳамияти катта эканлигидан далолат беради. Айниқса, ички сабаблардан бири – буйракнинг шамоллаши натижасида унинг яллиғланиши ва фаолиятида сурункали бузилишлар кузатилади. Яллиғланиш эса оқсил чиқиндиларининг кўплаб пайдо бўлишига олиб келади. Булар ҳам чиқинди билан тиқилиб қолган қилнайчалар деворларига ўта бошлайди. Ўз навбатида улар тузлар билан тўйинади. Шу сабабли ҳам тошнинг ўлчамлари аста-секин катталаша бошлайди. Тошлар тариқдек, мошдек, чигитдек баъзан бедана тухумидек катталикда бўлиб, сирти силлиқ, ғадир-будир ёки қиррали шаклларда бўлади. Ушбу тошлар буйрак жомидан пешоб йўлига ўтади ва кейин қовуққа ҳам тушади. Вақт ўтиши билан унинг ўлчамлари ҳам катталаша боради. Бу хасталикнинг келиб чиқиш сабаблари жуда кўп, яъни полиэтилогикдир. У ёш болаларда туғма ҳолда ҳам учраб туради. Буйракдан чиқаётган пешоб чиқарувчи найчага қуйиладиган жойида торайиш қўшимча қон томирининг найча устидан босиб ўтиб, қийшайиб қолиши у ёки буралиб қолганда сийдикнинг туриб қолиши ҳам аста-секин тузларнинг чўкма ҳолида чиқишига олиб келади. Моддалар алмашинувининг бузилиши пешоб таркибининг мувозанатини бузилишига олиб келади. Чўккан тузлар бир-бири билан ёпишиб ҳар хил катталикдаги тошларни ҳосил қилади. Тошларнинг тез ҳосил бўлишига бир хил ёки витаминсиз овқат ейиш, кам харакат қилиш, ташқи муҳитнинг салбий таъсири, қаттиқ ичимлик суви, буйраклар, қовуқ ёки сийдик чиқарув йўлларининг яллиғланиши, организмда эндокрин касалликлари натижасида сув-туз алмашинуви бузилишига сабаб бўлади.

Яна ўқинг:  Инсульт хасталиги хавфли

Буйракларда тош пайдо бўлганда беморнинг бел соҳасида ёқимсиз оғриқ вақти-вақти билан кузатилади. Агар тош кўчиб, пешоб йўлига тушса оғриқ кучаяди, сийдикда қон пайдо бўлади. Оғриқ белда бошланиб чов, ташқи жинсий аъзоларга ўтади. Тош пешоб йўлини тўсиб қўйса оғриқ кучайиб, буйрак санчиғига олиб келади. Буйрак жомига тош тиқилса сийдик тутилишига ҳамда буйрак жомининг кенгайиши, яъни гидронефроз касаллигига сабаб бўлади. Беморнинг тана ҳарорати кўтарилади. У қайт қилади, сийиши кескин камаяди. Кўпинча болалар кўчада ўйнаб юрганларида, сакраганда уларни тўсатдан қоринида, белида кучли оғриқ пайдо бўлади. Бундай ҳолатда тош жойидан силжиб, сийдик йўлини тўсиб қўяди.

Буйрак-тош касаллиги билан оғриган бемор биринчидан кўп овқат истеъмол қилмаслиги зарур. Шунингдек, хаста семириб кетишдан сақланиши ва доимо жисмоний ҳаракатда бўлиши, хамир овқатлар, нон, қанд, шакарни иложи борича кам ейиши керак. Дардманд одамда юрак қон-томир хасталиги мавжуд бўлмаса бир кунда икки литр суюқлик ичиши мумкин. Чунки суюқлик тузларни ювади. Спиртли ичимликларни ичиш асло мумкин эмас. Ичкилик организмдаги тузларни эришига тўсқинлик қилади. Бундан ташқари бемор парҳезга қаттиқ риоя қилиши зарур. Парҳезни эса шифокор буюради.

Ҳозирги вақтда ёш болалар орасида кенг тарқалган буйрак-тош касалликлари асосан цистинурия – цистин амино-кислотанинг алмашинуви бузилишидан келиб чиқмоқда. Бунинг олдини олиш ва даволанишнинг энг муҳим усули парҳездир. Беморларга оқсилли маҳсулотлардан балиқ, гўшт, сут ва тухум шунингдек, картошка, олма, лимон, беҳи шарбатларини кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади. Дори-дармонлар ва парҳез билан буйрак-тош касалликларини олдини олса бўлади. Касалликка бепарво қараш буйракда сув йиғилиб қолишига сабаб бўлади. Бундай беморлар астойдил сабр билан узоқ вақт даволанишлари лозим.

 

Маълумот ўрнида

Ҳозирда Ўзбекистонда ҳар юз нафар катта ёшли одамнинг бештасида, ҳар 10 000 нафар боланинг 17-18 тасида буйрак тош касаллиги учрайди.

 

Шавкат НУРМАТОВ,

Улуғбек БЕРДИЕВ,

ТошПТИ Болалар хирургияси ва онкологияси кафедраси 2-босқич магистрлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: