Ҳамиша эл-юрт эъзозида

Соғлом авлодни тарбиялаш мустақилликнинг илк куниданоқ, давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, умумхалқ ҳаракатига айлантирилди. Зеро, миллатни тарбия асрайди ва улуғлайди, деган шиор халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Устоз-шогирд анъанаси хал­қимизнинг қадимий гўзал қадриятларидан бири, аждоду авлодларни боғловчи, эзгуликка чорловчи, жамиятда уйғунликни таъминловчи кўприкдир. Устоз-шогирд эса ана шу олий мақсад – мамлакатимизнинг келажаги бўлган фарзандларни баркамол қилиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшади.

Ҳозирги пайтда бутун жаҳон таълим-тарбияни индивидуаллаштириш йўлидан бормоқда. Ушбу таълим-тарбия усули халқимизнинг устоз-шогирд анъаналарига мос келади. Устозлик – бу жуда катта масъулият бўлиб, мураббий чуқур билим эгаси бўлиш билан бирга, гўзал ахлоқ соҳиби ҳам бўлиши зарур. Шунинг учун, аввало, баркамол инсон даражасига муносиб мураббийларни тайёрлаш лозим. Ана ундан кейин улар ҳам ўзига муносиб шогирд тайёрлайдилар. Устоз-шогирд тизимининг ривожлантирилиши жамиятда ҳам инсоний фазилатларга ҳамда касбий маҳоратга эга кишилар кўпайиб боришига замин тайёрлайди.

Шарқда устоз-шогирд муносабатлари илмий таълим, касб эгаллаш, умуминсоний ва миллий ахлоқ андозаларига риоя этишнинг муҳим жиҳатини ўзига қамраб олган. Устозлик фаолиятининг мақсади халқнинг бахт-саодатга эришиш йўлларини қидиришга, изланишга тайёрлашдир.

Шунинг учун мамлакатимизда педагог кадрларни тайёрлашга, уларга имтиёзлар яратиб беришга алоҳида эътибор берилади. Масалан, мамлакатимизда нишонланадиган мутахассислар куни кўп, бироқ, фақат 1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади ва дам олиш куни деб белгиланган. Ижодий ва ижтимоий фаоллиги билан ажралиб турадиган, юқори умумий касбий маданиятга эга мутахассисларнинг янги авлодини шакллантириш кўзланган Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури қабул қилинди. Айни кунда мамлакатимизда ўн мингга яқин умумтаълим мактаби, 500га яқин академик лицей ва коллежлар, 60дан ортиқ олий ўқув юртлари самарали фаолият олиб боряпти.

Миллий дастурда профессор-ўқитувчилар таркибини, педагогларни, мураббийларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлашнинг энг мақбул йўли эканлиги белгилаб берилди. Унда мактабгача таълимдан тортиб то докторантурага қадар катта эътибор қаратилган.

Шунингдек, педагогларни рағбатлантирилишининг ҳам аҳамияти катта. Уларга «Ўзбекистон Республикаси Халқ ўқитувчиси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими» давлат унвонлари ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони жорий қилинган. Давлат унвонларига сазовор бўлган кишиларнинг ойлик маошларига қўшимчалар берилади.

Яна ўқинг:  Руслан – олимпия ўйинлари рекордчиси

1997 йил биринчи сентябрдан мактаб ўқитувчиларига синф раҳбарлиги, ўқувчиларнинг ёзма ишларини текширганлиги учун қўшимча ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимиз мус­тақиллиги арафасида бериладиган «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвонига шу бугунга қадар юртимиздаги фидойи ўқитувчилардан бир қанчаси сазовор бўлгани ҳам уларга бўлган юксак эътибордан далолатдир.

Шу билан бирга, мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб уй-жойлар хусусийлаштирилаётганда ўқитувчиларга енгилликлар берилди. Коммунал тўловларда ҳам, якка тартибда турар-жой қуриш учун ер майдонлари ажратилишида ҳам, шаҳарларда кўп қаватли уйлардан жой берилишида ҳам ўқитувчиларга кенг имтиёзлар берилди.

Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, мустақиллик йилларида педагог тадбиркорлар синфи шаклланди. Кўплаб педагоглар давлатдан кредит олиб, ҳунармандчилик бўйича устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйди ва турли хил танловларнинг ғолиби бўлмоқда.

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: